Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2018, Тошкент вақти: 19:08

Хонанда Шаҳло Аҳмедова "андишасиз" видеоклипи учун лицензиядан маҳрум қилинди (ВИДЕО)


Хонанда Шаҳло Аҳмедова (Сурат "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси расмий сайтидан олинди)

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қўшиқчи Шаҳло Аҳмедовага 2018 йил 13 ноябрдан бошлаб концерт фаолиятини тақиқлаб қўйди. “Ўзбекконцерт”нинг расмий сайтида эълон қилинган расмий билдирувда қарор бундай изоҳланган:

“Хонанда Ш.Аҳмедованинг “Летние дожди” деб номланган видеоклипида миллий маънавиятимизга ёт бўлган, томошабинларнинг эътиборини жалб этиш учун халқимиз менталитетига зид, шарқона одоб-аҳлоқ меъёрларига тўғри келмайдиган ҳаракатлардан ҳам тап тортмай, йигит ва қизнинг ишқий кечинмаларини очиқ-ошкора ифода этиб, буни андишасизларча тасвирга олиб кенг оммага намойиш этган”.

“Ўзбекконцерт”нинг расмий билдирувида айтилишича, “муассаса томонидан бир неча бор огоҳлантирилишига қарамасдан, хонанда Аҳмедова Шахло Бахтиёр қизининг “Летние дожди” деб номланган қўшиғига ишланган видеоклип ижтимоий тармоқлар орқали намойиш этилаётганлиги аниқланган”.

Маълумотларга қараганда, клип ТВ орқали бирор марта ҳам намойиш этилмаган. Ушбу хабар ёзилаётган пайтдаАҳмедованинг YouTube –каналида 8 ноябрь куни қўйилган клипни 142 мингдан зиёд фойдаланувчи кўрган.

Шаҳло Аҳмедова – Сурхондарёнинг Денов шаҳрида туғилган, ёши 24 да, 2013 йилда Ўзбекистон Давлат конверваторияси қошидаги академик лицейни тамомлаган. Қўшиқчи телевидение Zo‘r-zo‘r Star лойиҳасида иккинчи ўринни эгаллаган.

Ўзбекистонлик қўшиқчиларга ўтган йилнинг июлидан бошлаб ўзбошимчалик билан видеоклипларни шу жумладан, ижтимоий тармоқларда ҳам жойлаштириш тақиқланган. Ҳар бир ижрочи интернетда ўз клипини интернетда жойлаштиришдан олдин “Ўзбекконцерт” қошидаги бадиий кенгашдан рухсат олиши шарт.

“2018 йилнинг февраль ойидан бошлаб “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қошида қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш Бадиий Кенгаши мана бир неча ойдан бери ўз фаолиятини давом эттириб келяпти. Мутахассислардан иборат бўлган бу кенгаш йиғилишларида миллий қадриятларимизга, шарқона одоб-ахлоқ қоидаларига ёт бўлган, ёшларимизнинг руҳий-маънавий дунёсига салбий таъсир кўрсатувчи қўшиқлар ва видеоклипларни яратмаслик борасида хонандаларга йўл-йўриқ ва кўрсатмалар, тавсиялар бериб бориляпти”, дейилган “Ўзбекконцерт”нинг расмий билдирувида.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG