Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2018, Тошкент вақти: 05:28

Петербургда калтакланган ва зўрланган ўзбекистонлик аёл шифохонадан ўғирлаб кетилди


Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бир гуруҳ ўзбекистонликлар томонидан зўрлангани айтилаётган аёлни касалхонадан ўғирлашда гумон қилиниб, ўзбекистонлик икки аёл ва тожикистонлик бир эркак ҳибсга олинди.

Россия Тергов қўмитаси расмийси 4 август куни 25 яшар бу аёл меҳмонхоналардан бирида 4 ўзбек муҳожири томонидан зўрлангани ва 3- қаватдан пастга отиб юборилгани тўғрисида баёнот берган эди.

Петербургнинг Невский туманидаги меҳмонхоналардан бирида жорий йилнинг 4 августида аввал зўрлангани, кейин 3- қаватдан пастга ташлаб юборилгани айтилаётган ўзбекистонлик 1993 йилда туғилган Ш. исмли аёл билан боғлиқ можаро янги тус олди.

Россия Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург бўйича бошқармаси расмийсининг Озодликка билдиришича, маҳаллий шифохоналардан бирида оғир жароҳатлар билан ётган ўзбекистонлик 25 яшар бу аёл ўғирлаб кетилган.

Тергов қўмитаси расмийси Сергей Капитонов ҳодисадан бир кун ўтиб полиция беҳуш ҳолатда бўлган бу аёлни ўғирлаганларни ҳибсга олганини маълум қилди.

- 2018 йилнинг 7 августида 1988 йилда туғилган Тожикистон граждани ва 1983 йилда ва 1971 йилда туғилган ўзбекистонлик икки аёл – улардан бири юқорида зўрлаш билан боғлиқ иш юзасидан жиноий жавобгарликка тортилган йигитларнинг яқини экани маълум бўлди – жабрланувчи аёлга босим ўтказиш мақсадида у даволанаётган тиббий муассаса ҳудудига киради. Улар аёлни алдаб, шифохонадан чиқиш тўғрисидаги ҳужжатларга имзо чектириб, унинг хоҳишига хилоф равишда аравачада машинага олиб бориб ортган. Беҳуш ҳолатга тушган аёлни айбланувчилар Невский туманидаги Антонова-Овсеенко кўчасидаги квартираларидан бирига олиб келади ва ўша ерда гаровда сақлайди, деди Тергов қўмитаси вакили.

Ҳибсга олинган бу гуруҳ аъзоларига Россия Федерация Жиноят Кодексининг 126- моддаси, 2- қисми (Одам ўғирлаш) асосида жиноят иши очилди.

Озодликка Исмоилов экани маълум бўлган тожикистонлик айбланувчи қурилишда ишлаб келгани ва уни ҳибсга олгани келган полициядан қочаман деб, бир соат ботқоқда ўтиргани айтилди. Сўроқ пайтида у ўзбекистонлик аёллар ундан шу аёлни шифохонадан олиб чиқишга кўмаклашишни сўраганини билдирди.

Бу воқеадан 3 кун олдин, 5 августга ўтар кечаси, 19 дан 25 ёшгача бўлган тўрт нафар Ўзбекистон ватандоши Петербургнинг Большевиклар проспектидаги “Белие ночи” меҳмонхонасида 1993 йилда туғилган аёлни гуруҳ бўлиб калтаклаб, зўрлаб, номердан пастга отиб юборгани тўғрисида полиция баёнот берган.

Бир қанча жойи синган ва бошқа оғир жароҳат олган муҳожир аёл бахтли тасодиф туфайли тирик қолган ва шаҳарнинг Александровский шифохонасига олиб кетилган.

Маст ҳолатда бўлган ўзбек мигрантлари эса 6 август куни қўлга олинган эди.

Терговчилар тўрт нафар ўзбекистонлик ҳозирда “зўрлаш”, “қотилликка уриниш” ва “жинсий тажовуз” каби оғир саналган моддалар асосида жавобгарликка тортилганини Озодликка билдиришди.

Полиция ходимлари қутқарилган ўзбекистонлик жабрланувчи аёл полиция назорати остида шаҳарнинг жойлашуви сир сақланаётган шифохоналаридан бирида даволанишни давом этаётганини билдиришди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG