Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:59

47 ўзбекистонлик -40 совуқда музлаб қолган автобусдан қутқарилди


Бу суратнинг хабарда келтирилган воқеага алоқаси йўқ.
Бу суратнинг хабарда келтирилган воқеага алоқаси йўқ.

23 январга ўтар кечаси содир бўлган воқеа тўғрисидаги маълумотни Озодлик Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси матбуот хизматидан олди.

Озодлик Қозоғистон расмийларига автобуси бу мамлакат ҳудудида бузилиб қолган 47 ўзбекистонлик номидан 25 январь куни келган ташвишли хабар ортидан мурожаат қилди.

“Салом, Озодлик. Биз 20 январь куни Чимкент-Петроповлоск- Нижневартовск йўналиши бўйича йўлга чиққан эдик. 22 январь тонгда Астана таможнийсига 50 км етмасдан бир кафеда қолиб кетдик. Бир кун халқаро инсонпарварлик жамиятидан овқат ва адёл берилди. Лекин мана бугун ҳам йўл ёпиқлиги сабаб йўлга чиқаолмадик.

Ҳаммада пул тугади. Озиқ-овқатимиз ҳам тугаб қолди. Биз 47 кишимиз. Ҳамма ўзбек, водийдан. Автобус рақами 212 - Чимкент номери. Қайтиб кетишимизга ҳам йўл қўймаяпти. Пулимизни қайтариб бер, ўзимиз амаллаймиз, десак "йўқ", деяпти.

Ҳа айтганча: автобуснинг печкаси бузилган. Оёқларимиз музлаб қоляпти чиқсак. Илтимос, бирор чорасини кўриб, ёрдам беринглар, аҳволимиз оғир. 3 та аёл киши бор. Исмим ва телефон рақамимни қаттиқ сир тутишингизни илтимос қиламан”.

Озодлик бу хатни Telegram орқали 25 январь эрталаб олиши биланоқ Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси билан боғланди.

Қўмита расмий вакили Руслан Иманқуловдан олинган маълумотларга қараганда, автобуси бузилиб қолган ўзбек муҳожирларига ёрдамни, хатда ёзилганидай, “халқаро инсонпарварлик жамияти” эмас, балки Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси кўрсатган.

- 23 январга ўтар кечаси Астана шаҳридан 50 км узоқликдаги Бўзайғир посёлкаси ҳудудидан ўзбекистонликлар эвакуация қилинди. Улар Агротехника коллежига олиб келиниб, иссиқ овқат ва чой, иссиқ ёпинчиқлар берилди, деди Озодликка қўмита расмий вакили.

Унинг айтишича, 23 январга ўтар кечаси Астана шаҳри ва унинг атрофларида ҳаво ҳарорати қарийб - 40 даражага тушган ва натижада ёнилғиси музлаб қолган автобус тўхтаб қолган.

(Шу ўринда Қозоғистон бош вазири Бақитжон Сагинтаев минтақаларда ҳайдовчи ва йўловчилар учун кўчма иситиш пунктлари ташкил этиш, улар учун иссиқ овқат ташкиллаштириш тўғрисида 23 январь куни фармойиш берганини қавслар ичида эслатиб ўтмоқчимиз)

23 январга ўтар кечаси музлаб қолган автобусдан кўчирилган ўзбекистонлик 47 муҳожир Агротехника коллежи биносида 23 январь тонгигача жон сақлаган ва Фавқулодда вазиятлар қўмитаси ходимлари уларни Астана шаҳрига жўнатган.

- Улар Астанага етказиб қўйилди. Бундай ҳолатларда транспорт билан маҳаллий ижроия ҳокимияти таъминлайди. Маҳаллий ҳокимият автобус берди. Ўша автобус билан улар Астанага етиб олди. Астанадан у ёғига улар поездда кетишлари лозим эди. Лекин бизнинг вазифамиз уларни автобус билан таъминлаш билан тугаган, деди Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар қўмитасирасмий вакили Руслан Иманқулов.

Афтидан, қозоғистонлик қутқарувчилар 23 январь куни Бўзайғир посёлкасидан Астанага жўнатган 47 ўзбекистонлик, Руслан Иманқулов ўйлаганидай, йўлни поездда эмас, ўша ёнилғиси музлаб қолган автобусда давом эттиришга қарор қилган.

Ҳар ҳолда 25 январь куни Telegram орқали Озодликка етиб келган яна бир қисқа хабарида муҳожирлар вакили бундай ёзди:

“Йўл очилди, дейишаяпти. Йўлга чиқдик. Ҳаммаси жойида Худо хоҳласа”.

Россияга қишда йўлга чиқадиган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Қозоғистон ва Россия ҳудудида автобуси бузилиб, оғир аҳволда қолиши тез-тез содир бўлиб турадиган ҳодисадир.

18 январь куни ана шундай ҳодисаларнинг энг даҳшатлиси юз берди. Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Иргиз туманидан ўтувчи "Самара-Чимкент" автомобиль йўлида автобус ёниб кетиши оқибатида 52 ўзбекистонлик нобуд бўлди.

XS
SM
MD
LG