Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:31

Ўзбекистонга инвестиция оқими йўлидаги тўсиқларни олиш юзасидан уч таклиф


OzodMaktub рукнида эълон қилаётганимиз мақолани унинг муаллифи "Ўзбекистонга инвестиция оқимини кучайтиришга тўсиқ бўлаётган омиллар ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлари юзасидан таклифлар", деб сарлавҳалабди. Исм-фамилияси ва ўзи ҳақдаги ​бошқа маълумотлар очиқланмай туришини истаган муаллифнинг мақоласини таҳрир қилмай ва қисқартирмай эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз. Муаллифнинг стилистикаси ва имлоси сақлаб қолинди.

***

Муҳтарам юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев Президент бўлиб сайланганидан буён, ҳалқни рози қилиш учун жуда катта ишларни амалга оширдилар.

Сўнгги 25 йил давомида Ўзбекистон иқтисодиёти нотўғри ташкил этилгани оқибатида ҳалқнинг турмуш тарзи қашшоқлашиб, аҳоли ўртаси норозичилик кайфияти юзага келгани - бу бор ҳақиқат.

Шу ўринда оддий бир мисолга эътиборингизни қаратмоқчиман, мустақилликка эришган йилларимизда Ўзбекистоннинг бирор бир фуқароси чет элга меҳнат мухожири (мардикор) сифатида бормаган, буни акси ўлароқ, ўша вақтларда қўшни давлат фуқаролари бизга меҳнат мухожири сифатида келиб, ишлаб пул топиб кетишар эди, бу нимадан далолат беришига изоҳ шарт эмас.

Собиқ иттифоқдан Ўзбекистонга негатив мерос бўлиб ўтган давлат “заём”ларини йўққа чиқариш учун 1993-1994 йилларда “иқтисодий авантюра” уюштирилиб, миллий валютамизни сунъий равишда қадрсизлантирилиши сабаб ўзбек ҳалқнинг қашшоқлашиш иптидоси бошланган.

Шундан сўнг, гўёки “Ўзбекистон иқтисодини кўтариш ва ҳалқнинг турмуш тарзини яхшилаш” мақсадида амалга оширилган самарасиз ислоҳотлар, жумладан гўёки қисқа фурсатда Ўзбекистонда барча эҳтиёж махсулотларини ишлаб чиқарадиган индустриал давлатга айлантиришмоқчи бўлиб, бунинг учун ўзимиздаги ишлаб чиқарувчиларга рақобатсиз шароитни яратиш мақсадида импорт маҳсулотларга сунъий тўсиқлар вужудга келтирилгани, давлат органларда коррупция кучайтириб, импорт борасида айрим фуқароларга ноқонуний имтиёзлар берилишига сабаб бўлган.

Шунингдек, ўша вақтларда Ўзбекистонни экспорт салоҳиятини ошириш, ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни чет элдаги рақобатда нарх жихатдан устунликка эришиши учун маҳсулот таннархини пасайтиришни кўзлаб, ўзимиздаги хом ашё нархларини сунъий равишда пасайтирилгани, ҳалқ хўжалигидаги ҳисоб-китобларга салбий таъсир кўрсатиб, аҳоли даромадларини камайишга, ҳалқнинг қашшоқлашишига олиб келган.

Энг асосийси, бу ислоҳотлардан кўзланган мақсад – ҳалқнинг фаровонлигига эришилдими?

Йўқ, албатта.

Давлат иқтисодиётини шундайин бир оғир аҳволда ўзига мерос сифатида қабул қилган мухтарам юртбошимиз деярли хар бир чиқишида - “Аҳолини турмуш тарзини кўтариш, ҳалқни боқиш учун чет элдан инвестиция олиб келиш зарур” деб таъкидмоқдалар, бу масалада Ўзбекистоннинг чет элдаги элчиларига алоҳида топшириқ берди ва ҳатто Туркия ва Жанубий Корея Республикаларига расмий ташриф билан бориб, ўша жойдаги йирик компания раҳбарлари билан учрашди.

Хўш, чет эллик инвесторлар нима сабабдан Ўзбекистонга инвестиция киритиб, фойда олишга шошишмаяпти?

Ҳар чет эллик Ўзбекистонга инвестиция киритиш аввалида, биринчи навбатда қонунларимизни ишлаш даражасини, яъники улар киритган инвестицияси “рейдер” эгаллаб олишдан қай даражада химояланганлигини, бунга масъул бўлган давлат идоралари (прокуратура, суд) фаолиятини ўрганишади, бу борада инвесторлар ўзларига берилган ваъдалар ва қонунларимиздаги кафолатларга эмас, юртимиздаги реал ҳолатдан - қонунларни ишлаш даражасини қандай эканлиги аҳолининг фикридан келиб чиқиб, кўпроқ ижтимоий тармоқлар орқали ўрганишади.

Чунончи, чет эллик инвесторларни бу борадаги фикрлари 2016 йил декабр ойида Ўзбекистон ТИВ ташаббуси билан ўрганилганида, чет эллик инвесторлар юртимизга инвестиция киритишга таваккал қилинмаётгани учун бир қатор сабаблар кўрсатишиб, буларнинг энг асосийси сифатида қонунларимизни етарли даражада ишламаётганини кўрсатишган.

Шундан сўнг, Президентимиз ташаббуси билан инвесторларга қулайлик яратиш учун валюта-кредит соҳасида, виза, иқтисодий қонунбузишлар учун жавобгарлик соҳасида ва бу тизимларни шу кунгача бошқариб келган кадрлар борасида бир қанча ўзгартиришлар амалга оширилди, лекин юртимизга инвестиция оқимида жиддий ўзгаришлар бўлмади.

Бунинг сабаблари 2018 йилда Ўзбекистон ТИАВ ташаббуси билан тароран ўрганилганида, яна ўша қонунларимизни етарли даражада ишламаётгани асосий сабаб сифатида кўрсатилган.

Шу ўринда табиий савол туғилади: - Юртимиздаги қонунларни ишлаш даражаси қайси мезон билан ўлчанади?

Албатта, қонунни қўлловчи давлат органларининг фаолияти самарадорлиги билан ўлчанади, юртимиздаги бу органлар эса прокуратура ва суд органларидир.

Мухтарам юртбошимиз бу органлардаги аҳволни яхши билгани ҳолда, биринчи навбатда бу органларни шу кунгача бошқариб келган раҳбарларни янгиладилар ва бу органларни нормал фаолиятига салбий таъсир этувчи омилларга бархам бериб, тизимда қонунустуворлигини таъмишлаш, уларни иш фаолиятини янги босқичга кўтариш учун бир қатор қарор ва фармонлар қабул қилдилар.

Бу ўзгартиришлардан Президентимиз кутган натижага, яъни бу органлар фаолияти ҳалқнинг рози бўладиган даражага ўзгардими?

Минг афсуски йўқ. Бунинг чет эл инвесторлари фикри ҳам, “PM.gov.uz” портали орқали орқали юборилаётган кўп сонли мурожаатлар ҳам тасдиқламоқда.

Шу ўринда яна савол туғилади: - Нима сабабдан кутилган натижага эришиб бўлмаяпти ва буни ечимини қандай қилиш керак?

Прокуратура ва суд органларига шу кунга қадарли янги кадрлар фақат пора эвазига қабул қилингани, бу масалада хеч ким истисно этилмагани, бу органда хозирда ишлаётган ҳодимларнинг “дунёқараши” қандай эканлигини ва амалга оширилаётган ислоҳатлардан нима сабабдан кутилган натижага эришиб бўлмаётгани кўрсатади.

Президентимиз бу тизимдаги коррупцияни йўқ қилиш учун қандайин шижоат кўрсатганини гувоҳи бўлиб турибмиз, лекин бу орган ҳодимлари хозирги сиёсатдан қўрқани ҳолда коррупция даражасини қисман камайтирган бўлсада, худди шунингдек бирор бир масалани қонуний хал этиш даражасини камайтириб юборган, қисқа қилиб айтганда - дунёқараш ўзгармаган.

Бу органларнинг хозирдаги ноқонуний фаолиятига эса амалда қонунларимизда кўра, хатто Президент ҳам аралашаолмайди, жойлардаги бугунги аҳволни ўнглаш учун келаётган Давлат маслаҳатчилари ҳам айнан шу қоидани рўкач қилиб, прокуратура ва суд фаолиятидаги ноқонуний ҳолатларга нисбатан хеч қандай муносабат билдиришмаяпти, гўёки бу органлар фаолияти ёпиқ доира (замкнутый круг) сифатида шаклланиб, бу доира ичида содир этилаётган қонунбузишларга хеч ким таъсир этаолмаяпти.

Энди, бу муаммони ечимига келадиган бўлсак, эътиборингизни қуйидаги 3 та таклифга қаратмоқчиман.

1-таклиф: мухтарам Президентимизни амалда синалган бир ижобий иш тажрибасига тўхталмоқчиман.

Президентимиз хали Бош Вазир сифатида ишлаётган вақтларида қишлоқ хўжалигидаги аҳволни ўнглаш, пахта-ғалла режасини бажарилиши таъминлаш мақсадида, хар куни кеч соат 23-00 дан эртаси куни соат 2-3 гача селектор йиғилиш ўтказиб, ўз ерида тегишли агро техник тадбирларни ўтказмаган фермер хўжаликларни тинимсиз танқид қилиши, ўзининг ижобий натижасини берганига ҳаммамиз гувоҳмиз.

Бу тажрибанинг энг эътиборли жиҳати шундаки, дангаса, ишёқмас фермерлардан ерлари олиб қўйилмаган ҳолда уларни ўз ерида ишлашга ва ўз навбатида фойда олишга мажбур қилинган, шундан сўнг ҳам натижага эришилмаганида эса фермерни ер олиб қўйилиб, бошқа бир фермерга ўтказилган.

Зеро, прокуратура ва суд тизимидаги хозирги аҳволни ўнглаш учун бу органларнинг раҳбар кадрлари алмаштирилиши ва ойлик маошлари кўтарилиб, айрим имтиёзларни берилиши ҳам кутилган натижани бермади.

Айнан селектор тажрибасини суд ва прокуратура тизимидаги қонунбузишлари ҳам бартараф этиш учун қўллаб, хар бир қонунбузиш юзасидан аризаларни йиғилишда тизимдаги барча ҳодимларни гувоҳлигида хал этилиши менимча кутилган натижани беради.

2-таклиф: Амалдаги қонунчиликка кўра, прокуратура ва суд органлари қароридан норози бўлинганида фақат шу органларнинг юқори раҳбари мурожаат этилади. Албатта фуқаро мансабдор шахснинг қарори ноқонунийгини ва қайси қонунни бузганини исботлаб бериши лозим.

Бугунги кундаги амалиёт шу кўрсатмоқдаки, тегишли мансабдорнинг қарори қайси ҳолатда ноқонуний экани қонун асосида кўрсатилиб, юқори инстанцияга мурожаат этилганида ҳам хеч нарса ўзгармаяпти.

Бунинг асосий сабаби бу органлар фаолияти қонун асосида ёпиқ доира (замкнутый круг) сифатида шакллантирилган, яъни бу органларнинг қарори қонуний ёки ноқонунийлигига шу органнинг ўзидан ташқари хеч ким бахо бераолмайди.

Ушбу ҳолатга барҳам бериш учун Адлия вазирлиги ва уни жойлардаги бошқармаларига шундай ваколат бериш керакки, фуқарони мурожаати асосида Вазирлик томонидан тегишли мансабдор қонунни тўғри ёки нотўғри қўллагани ҳақида хулоса бериб, шу билан бирга ўша мансабдорнинг юқори раҳбарига тақдимнома чиқаради.

3-таклиф: Бугунги кундаги суд-прокуратура тизимидаги ноқонуний амалиёт шундаки, бу органлар амалдаги қонун нормаларини нотўғри ёки ўз билганча талқин этиш орқали қарор чиқариб, фуқароларни норозилигини қўзғатмоқда.

Бу органларнинг бундайин фаолияти устидан юқори инстанцияга шикоят қилинганида ҳам хеч нарса ўзгармасдан қолиб, юқори инстанцияларда ҳам қонун нотўғри талқин этилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка кўра, қонун нормаларига фақат Конституциявий суд шарҳ бериши мумкин ва оддий фуқаро Конституциявий судга бундай масалада мурожаат этишга ҳақли эмас, ахир бу ислоҳотлар айнан шу фуқарони манфаати учун эмасми?!

Яна бир номантиқий ҳолат, қонун лойиҳалари Олий Мажлис ишлаб чиқилади ва хар бир қонуннинг қоидаси депутатлар томонидан чуқур ўрганиб, атрофлича муҳокама қилганларидан сўнг қабул қилинади, яъни бу қонун нормаларидаги жумлаларни қандай талқин этиш кераклигини депутатларчалик хеч ким яхши тушунмайди, шу жумладан Коституциявий суднинг судьялари ҳам.

Шу ўринда билдираётган таклиф - қонун нормаларига шарҳ бериш ваколати Олий Мажлисга ҳам берилиб, бу масалада Олий Мажлисга мурожаат этиш ҳуқуқи фуқароларга ҳам берилиши лозим.

Ушбу таклифлар амалда қўлланиши суд ва прокуратура тизимидаги қонунларни ишлаш даражасини оширишига ишончим комил.

Бинобарин, айнан шу тизимдаги қонунустуворлиги ҳалқнинг розилигини ва қолаверса юртимизга инвестиция оқими кучайишини белгилаб беради.

***

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Озодлик бу мулоҳазалар учун масъул эмас.

XS
SM
MD
LG