Линклар

Шошилинч хабар
24 октябр 2018, Тошкент вақти: 03:52

Ўқитувчи ўқувчилар пешонасига "2" қўйгани учун 8 киши ишдан олинди


Бекободдаги биринчи синф ўқувчилари

Тошкент вилоят, Бекобод шаҳридаги 5- умумий ўрта таълим мактабининг биринчи синф ўқитувчиси Муборак Ҳамдамова 4 ўқувчини уларнинг пешонасига ручка билан "2" рақамини ëзиб, изза қилгани юзасидан 15 май куни Тошкент вилоят халқ таълими бошқармасида бўлиб ўтган кенгайтирилган ҳайъат қарори билан 8 киши ишдан олинди 5 кишига ҳайфсан берилди.

Ҳайъат қарори билан ҳайфсан олган Бекобод шаҳар халқ таълими бошқармаси бошлиғи Муҳитдин Қўзибоевнинг 16 май куни Озодликка айтишича¸ жазоланганлар ўз қилмишидан пушаймон:

- Бу воқеа юз берган 5-мактаб директори Дилфуза Бобомуротова лавозимидан бўшатилди. 1-ж синф ўқувчилари пешонасига ручка билан "2" қўйган ўқитувчи Муборак Ҳамдамова ишдан озод қилинди. Пешонасига "2" қўйилган 1-ж синф ўқувчиларини расмга олиб Интернетга қўйган ўқитувчи Саодат Раҳмонова ҳам ишдан бўшатилди. Мактабнинг ўзида директор билан биргаликда 8 киши жазоланди¸ - дейди мулозим.

Суҳбатдошга кўра¸ актабда ўтказилган уч кун давомидаги тафтиш мобайнида мактаб директори ва воқеанинг асосий айбдорлари бўлган иккки ўқитувчи билан биргаликда яна 5 ўқитувчи вазифасидан озод қилинган:

-Ўз вазифасини уддалай олмагани учун таълим масалалари бўйича директор ўринбосарлари и Раззоқов¸Бойматова ва Абдуллаева вазифасидан бўшатилди. Шунингдек маънавият ва тарбияга масъул бўлган мудир ўринбосарлари Мўминов ҳамда Рўзиевалар ҳам эггалаб тутган ишидан озод қилинди ¸ дейди мулозим.

Озодлик мухбирининг “жазолаш кўлами сал ошиб кетмадими? “ деган саволига жавобан Қўзибоев “Жазо чоралари Халқ таълими бошқармаси ҳуқуқшунослари тавсиясига кўра” амалга оширилганлигини айтди:

- Ҳаммаси мавжуд қонун доирасида бўлди. Халқ таълими бошқармаси мутахассислари воқеани уч кун ўрганди. Кимдан нима хато ўтганлигини тафтиш қилишди. Юристлар тавсияси билан¸ белгиланган қонунчилик доирасида чора кўрилди. Ҳайъат йиғилиши ўтказилди кеча. Жиддий муҳокама қилинди. Тегишли топшириқлар берилди. Тошкент вилояти бўйича таълим муассасалари мудирлари қатнашди. Маънавий-аҳлоқий тарбия бўйича мудир ўринбосарлари қатнашди. Шулардан бирортаси биринчи синф ўқувчиларини изза қилган ўқитувчи ëнини олмади¸ - деди мулозим.

Айни пайтда суҳбатдош¸ мактаб билан боғлиқ бўлмаган ҳашарларга мунтазам жалб қилинадиган¸ ойлик маоши оз ўқитувчилар асаби қақшаганини ҳам эътироф қилди:

- Ўқитувчига ҳам осон эмас. Ўқитувчига қийин албатта. Ўқув йилининг охири, ҳамма чарчаган. Шуни ҳисобга олиб ишдан олинган мактаб директори Дилфуза Бобомуротовага оддий ўқитувчи сифатида ишлашга имкон берилди. Воқеанинг асосий айбдори Муборак Ҳамдамованинг бир яшар боласи бор экан. Моддий етишмовчилик боис декрет отпускасини олмай ишлаб юрган экан. Олилавий стресслари ҳам ўзига етарли экан бу ўқитувчини. Лекин нима бўлганда ҳам биринчи синф ўқувчиларини камситиб изза қилшга ҳақи йўқ¸ - деди Бекобод шаҳар халқ таълими бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Қўзибоев.

Пешонасига "2" қўйилган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналаридан узр сўралди

Тошкент вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Шукур Бурхоновнинг ëрдамчиси Озодлик мухбирига вилоят мактабларида “ўқувчиларни изза қилиш аломатларига” барҳам берилаётганини айтди:

- Раҳбаримиз Шукур Бурхонов пешонасига "2" қўйилган тўрт боланинг уйига бирма-бир бориб узр сўради. Ота-оналар билан гаплашди. Бекобод шаҳар халқ таълими бошқармаси ходимларига ҳайфсан берилди¸ - деди мулозим.

Сазойи қилинган “иккичилар” тармоқ юлдузи бўлди

Тошкент вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда Бекобод шаҳар халқ таълими бўлимининг Озодлик мухбири гаплашган мулозимларининг айтишича, ўқувчиларнинг пешонасига "2" қўйиш воқеаси "жорий ойда" бўлган.

Воқеа акс этган фотосуратлар ижтимоий тармоқлар, хусусан¸ Instagram ва facebookка 11 май куни қўйилди тармоқларнинг ўзбек сегментида қизғин муҳокама қилинди.

Бу мавзуни кўтарган тармоқ юзерининг Озодликка айтишича¸ пешонасига "2" қўйилган болалар акс этган сурат Инстаграмда қўйилган заҳоти ўн мингдан зиëд киши томоша қилиб фикр билдирган ва facebookдаги юзлаб гуруҳ ва саҳифаларда кўчириб босилган.

Исми айтилишини истамаган Instagram юзерининг Озодликка айтишича, воқеа май ойи бошида юз берган:

- Пешонасига икки қўйилган болалар йиғлаб уйига келишган. Дарғазаб ота-оналардан бири бу ҳолатни суратга олиб менга берди¸ мен барчага тарқатдим. Мақсадим матбуот ва жамоатчилик диққатини айни воқеага жалб қилиш эди. Ниятимга етдим. Тармоқларда тарқаган бу воқеа Ўзбекистон Халқ таълими вазир ўринбосари Алишер Саъдуллаев тарафидан назоратга олинибди¸ деди суҳбатдош.

Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги Мактаблар бошқармаси мулозими Номоз Рўзиқулов Озодликка 14 май куни “Ўқувчиларни сазойи қилиш¸ жисмоний ва руҳий жазо қўллаш мамлакат таълим тизими руҳига зид" эканлигини айтган эди.

Ижтимоий тармоқларда ëйинланган видеолавҳалар орасида мактаб ўқувчиларининг муаллимдан калтак егани акс этган тасвирлар учраб туради.

Хоразм вилоят, Урганч шаҳридаги Автомобиль йўллари касб-ҳунар коллежининг биология ўқитувчиси биринчи курс ўқувчисинини шиппак билан ургани акс эткан видеолавҳа тармоқда тарқагани ортидан 14 апрель куни ишдан бўшатилган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG