Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2018, Тошкент вақти: 16:27

Собиқ МХХнинг ишсиз қолган зобитлари милиция ва армияда иш билан таъминланмоқда


Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) сифатида қайта ташкил этилгани ортидан ишсиз қолган зобитлар милиция ва армияда иш билан таъминланмоқда, ўнлаб ходимлар эса, ўз аризасига кўра, ишдан озод қилинган. Айнан қанча собиқ МХХ ходимлари ИИВ ҳамда Мудофа вазирлигига ўтказилаётгани ҳақида аниқ рақам Озодликда йўқ. ​

Озодлик билан суҳбатлашган ва ўз исми айтилишини истамаган ИИВ мулозимининг айтишича¸ илгари МХХ бажариб келган вазифалардан бир қисми ИИВга берилган:

- Президент фармонига кўра¸ секретний ташкилотларга кузатув мосламалари ва қўриқлайдиган техник ускуналарни ўрнатиш ва уларга кундалик хизмат кўрсатиш биринчи апрелдан бошлаб Ички ишлар вазирлигига ўтяпти. Бу ишларни шу пайтгача МХХ қилиб келган. Махсус объектларни қўриқлайдиган системани лойиҳаловчи Конструкторлик бюроси ҳам ИИВ га ўтди. Бу ишларда ишлайдиган МХХ ходимлари ҳам ИИВ га ўтказилди. Уларнинг иш стажи узлуксиз давом этади. Илгари МХХдан олган ойликни олади. Унвон ва имтиёзлари сақланади¸ деди мулозим.

Президент Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида МХХ бошқармаларидан бири 1 апрелдан бошлаб Мудофаа вазирлигига ўтказилиши айтилган. Лекин бошқарма номи тилга олинмаган.

Бироқ ҳужжатда таъкидланишича¸ режимли мудофаа объектларини лойиҳалаш, қуриш, улардан фойдаланиш ишлари Мудофаа вазирлигига ўтказилиши кўзда тутилган.

"Контора" билан киндигини узганлар

Айни пайтда МХХ-ДХХдан "ўз хоҳиши" билан бўшаб кетаётганлар ҳам борлиги тўғрисида маълумотлар келмоқда. Озодлик Ўзбекистон МХХ идорасида 11 йил ишлаб ўз аризасига кўра, жорий йил январида ишдан бўшаган андижонлик зобит билан гаплашди. Б.И. исмли бу йигит ҳозир Россияда истиқомат қилади. Унинг айтишича, кўпчилик рус тилли зобитлар ҳам ишини алмаштириб Россияга кетишган:

- ЧОПда ишлаяпман (Хусусий қўриқлаш ҳизмати - таҳр) Ойлик яхши¸ стресс йўқ. Яқинда оиламни ҳам кўчириб келаман. Криминалистикани яхши ўқиган мутахассис ўрис болалардан мен билган тўрттаси ишдан бўшаб, Россияга келиб, яхши ишларга жойлашди. Биттаси угрозискда ишлаяпти¸ гапнинг тўғрисини айтсам, СНБнинг номи ўзгаргани¸ биноси олиб қўйилгани ва раис алмашганидан хурсанд бўлган жойим йўқ¸ деди Б.И.

Суҳбатдошга кўра¸ биринчи навбатда ташкилотларда куратор сифатида ишлаган юзлаб зобитлар ишсиз қолган:

- Уларку ишини топиб кетади, аммо давлат ютқизди бундан. Кураторлар амалдорларни назорат қилиб турадиган давлатнинг кўзу-қулоғи эди. Ҳозир назоратсиз қолган бу амалдорлар ўзбошимчалигидан келадиган зарар кўламини ҳеч ким ҳис қилмаяпти¸ деди собиқ МХХ зобити.

ДХХ (собиқ МХХ) зобитларига янги имтиëзлар берилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиëев 2 март куни Навоий вилоят, Хатирчи туманида вилоят фаоллари иштирокидаги йиғилишда “вилоятдаги МХХ ходимларининг аксар қисми оз ойликка яшаëтган камтар ходимлар" эканини таъкидлаган эди.

Фаоллар билан учрашувда президентнинг таъкидлашича¸ “Навоий вилоятидаги МХХ зобитлари ойликдан ойликкача зўрға кунини кўради, уйи ҳам, шахсий автомобили ҳам йўқ”.

Ўз нутқида президент бундан буëн МХХ ходимлари давлатнинг ғамхўрлиги остида бўлишини ваъда қилган эди:

«Эндиликда МХХ ходимлари учун шароитлар яхшиланади, хусусан, улар хизмат уйларида эмас, ўз уйларида туради. Уларга имтиëзли кредитлар ажратилади», деган эди Шавкат Мирзиëев ўз нутқида.

Мирзиëв бундан олдин Қизириқ ва Пешку туманлари эли билан учрашган пайтда МХХ фаолиятини аёвсиз танқид қилган эди.

Хавфсизлик масалалари бўйича тахлилчи Рафаель Сатторовнинг 16 март куни Озодликка айтишича¸ “Бу попукқандава қамчи сиëсатидир”

- Хавфсизлик тизими керак. Бундай тизимсиз ҳеч бир давлат яшай олмайди. Давлат раҳбари сифатида Мирзиëев буни яхши тушунади. Кам сонли¸ самара ва сифат кўрсаткичлари юқори хавфсизлик тизими яратилади, деган декларацияни кўрдик. Энди жорий йил октябрида парламентга тақдим қилинадиган ДХХ ҳақида қонунни кутяпмиз. Конкрет сизнинг саволингизга келсак¸ собиқ МХХ ходимларининг оммавий ишсиз қолиши деган нарса юз бермайди. Чунки бу люстрация эмас. Минглаб собиқ МХХ ходимларини кўчага ҳайдаш бугунги сиëсий реалликда салбий оқибат касб қилган бўлар эди. Шу боис бу ишларнинг хозирги суръати маъқул¸- дейди тахлилчи.

Тарихий қарор?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 14 март куни “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонга кўра¸ МХХ фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш мақсадида бу идора номи Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) деб ўзгартирилди.​

Айни пайтда ДХХ ҳақидаги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойлаштирилган

Қонун лойиҳасида давлатнинг ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиш соҳасида Давлат хавфсизлик хизматининг вазифа ва функциялари, ҳуқуқий мақоми, ваколатлари, бу соҳадаги парламент назоратининг механизмлари ва фаолиятнинг самарадорлиги мезонлари белгиланган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG