Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:09

Қорақалпоғистон: Қонли намойишлардан бир ой ўтиб кўплаб саволлар очиқ қолмоқда 


Оммавий тартибсизликлардан бир ой ўтиб Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри тинч ҳаётга қайтмоқда.   
Оммавий тартибсизликлардан бир ой ўтиб Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри тинч ҳаётга қайтмоқда.   

Ўтган ой бошида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши оммавий норозилик чиқишлари хавфсизлик кучлари томонидан бостирилганди.

Нукус воқеалари мустақил Ўзбекистоннинг янги тарихида 2005 йил майидаги Андижон қатлиомидан кейин энг қонлиси бўлди.

Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, 1-2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.

Норозилик намойишлари ортидан 516 киши қўлга олинган.

“Очиқ қолаётган саволлар кўп. Қурбонлар сони қанча? Ҳозир қамоқда қолаётган одамлар сони қанча. Қийноқ қўлланилганми одамларга? Ана шу саволлар кўпчиликни ўйлантиряпти”, - дейди нукуслик фаол Азимбой Отаниёзов.

Қорақалпоғистон, Нукус шаҳри. 30 июль, 2022
Қорақалпоғистон, Нукус шаҳри. 30 июль, 2022

Бундан олдин Нукусга борган “Gazeta.uz” мухбири шаҳарда қўрқув муҳити ҳукмрон экани ҳақида ёзганди.

“Одамлар ўз яқинларига зарар етказиш ёки бизнесини йўқотишдан чўчиб, гапиришдан қўрқишади. Баъзиларнинг кўзларида ёш кўриш мумкин”, - деб хабар берган “Gazeta.uz” 30 июль куни чоп этилган мақолада.

“Терговга чақирилиб навбат кутиб ўтирганлар сон-саноқсиз”

Европадаги Open Dialogue Foundation (ODF) инсон ҳуқуқлари ташкилоти 21 июль куни эълон қилган баёнотида зўравонликлар пафтида ҳибсга олинган 367 кишидан 300 дан ортиғи ҳануз ҳибсда қолаётганини айтган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ташкилотнинг Қорақалпоғистондаги воқеалар чоғида бедарак кетгани айтилган фуқаролар рўйхатини рад этган.

Қорақалпоқ ёзувчиси: Одамлар норози бўлмаса кўчага чиқмайди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:15 0:00

Ҳукумат 14 кишига айблов эълон қилинганини маълум қилган.

Ўзбекистон Бош Прокуратурасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми билан, яъни ҳокимиятни эгаллаб олиш ёки конституциявий тузумни ағдариш мақсадида тил бириктириш банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов доирасида 14 киши ушланган, "Даулетмурат Тажимуратов, Азамат Турданов, Лолагул Қаллихановаларнинг ҳаракатларида жамоат хавфсизлигига тажовуз қилиш жинояти аломатлари аниқланиб қамоққа олинганлар".

"Гумон қилинувчи ва айбланувчиларга ҳимоя ҳуқуқи тўла таъминланган ҳолда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, сақлаш жойларида қонунда назарда тутилган барча шароитлар таъминланган. Соғлиғи ва сақлаш шароитлари бўйича эътирозлари мавжуд эмас", дейилади Ўзбекистон Бош Прокуратурасининг хабарида.

Қорақалпоғистон, Нукус шаҳри. 30 июль, 2022
Қорақалпоғистон, Нукус шаҳри. 30 июль, 2022

Марказий Осиё бўйича эксперт Стив Свердлов фикрича, мустақил тергов очиқ қолаётган саволларга ойдинлик киритиши мумкин.

“21 қурбон деб айтилаётган расмий рақамлар савол ўйғотади. Кўп манбалар хабар беришича, ўлим сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Ҳозир терговни фақат Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Омбудсмани Феруза Эшматова бошлиқ давлат комиссияси ўтказаётганини биламиз. Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари воқеа содир бўлган июль ойи бошидан бери Ўзбекистон ҳукуматини БМТ ёки ЕХҲТнинг мустақил экспертлари иштирокида ёки нодавлат ташкилотлар томонидан бошқа мустақил тергов ўтказишга рухсат беришга чақирмоқда. Ва ҳукумат ҳали ҳам бунга рухсат бермади ва умид қиламанки, улар рухсат беришади”.

Бундан олдин халқаро миқёсда Қорақалпоғистон воқеаларини шаффоф, очиқ, мустақил тергов қилиш чақириқлари янгради, бунга жавобан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳодисалар "ҳар томонлама чуқур ва холисона" ўрганилишини айтди, бу жараёнга "жамоатчилик вакиллари, депутатлар ва фаоллар ҳам жалб этилиши"ни билдирди.

Оммавий норозилик намойишларига алоқадорликда ҳибсга олинган юзлаб одамнинг бир қисми қўшни Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги ҳибсхоналарда ушлаб турилаётгани ҳақида илгари Озодлик хабар берганди.

“Давлет Тожимуродовга яқин кўрилган Азамат Турданов холатини тилга олмоқчиман. Оиласи унинг қийноққа солинганини даъво қилган. У билан кўришиш имкони бўлмаганини ҳам айтишган. Қорақалпоғистондаги воқеалар кўп саволларни ўртага ташлайди. Бунча кўп одамни кўчага чиқишга нима ундади? Расмий маълумотларга қаралса, бу Қозоғистон ё Россия ёки бошқа жойдан бошқарилган ёки ташкил этилган террорчиликдир. Лекин, Ўзбекистонда мисли кўрилмаган минглаб одамнинг кўчага чиқишига ночорлик ёки умидсизлик ҳам туртки бўлган бўлиши мумкин. Шунинг учун биз Қорақалпоғистондаги вазиятига таъсир қилган бошқа омилларниҳам чуқурроқ кўриб чиқишимиз керак”, - дейди Стив Свердлов.

Қорақалпоғистонлик фаол Азимбой Отаниёзовнинг Озодликка айтишича, тартибсизликлар пайти ҳибсга олинганларнинг баъзилари қўйиб юборилган эса- да, улар доимий назоратга олинган.

“Қамоққа олиниб, қўйиб юборилганлар жуда кўп. Улар доимий назоратда. Кунора терговга чақирилади. Масалан, шаҳар ички ишлар бўлими тўрт қаватли бўлса, ҳамма қаватидаги хоналарда тергов ишлари олиб бориляпти, терговга чақирилиб навбат кутиб ўтирганлар сон-саноқсиз. Навбати кечга яқин келганини айтаётган одамлар ҳам бор”.

Ўтган ой ўрталарида қорақалпоғистонлик депутатлар намойишларга адашиб қўшилиб қолган ёшларни авф этишни сўраб Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга йўллашганди.

Мурожаат ортидан Қорақалпоғистонда 2 август кунига қадар давом этиши керак бўлган фавқулодда холат муддатидан аввал бекор қилинди. Лекин амнистия ҳақида ҳукумат расмийлари ҳозирча бирон баёнот бергани йўқ.

Таҳлилчилар ўзбек ҳукумати Конституциядаги Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистондан ажралиб чиқишига доир моддаларга ўзгартиш киритишга уриниб, "йўқ ердан муаммо пайдо қилганликлари"ни айтишган.

2 июль куни Нукусга етиб борган президент Шавкат Мирзиёев Конституция лойиҳасидаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилишини эълон қилган эди.

“Куч қўллашга ким буйруқ берган?”

Марказий Осиё бўйича эксперт Брюс Панниернинг фикрича, Қорақалпоғистонда намойишчиларга куч қўллашга ким буйруқ берган, деган савол ҳануз очиқ қолмоқда.

“Ўзбекистон ҳукумати расман 21 киши ўлди, деяпти. Тармоқларда эса рақамлар бундан анча кўп булиши ҳақда айтиляпти. Намойишчиларга куч қўллашга ким буйруқ берган? Куч қўлланилгани аниқ. Маҳаллий ҳокимият Тошкент билан бемаслаҳат ҳеч нарса қилмаслигини ҳам биламиз. Буйруқ каердан берилган? Бу савол ҳам очиқ қолмоқда. Қамоққа олинганлар қаерда? Беш юздан ортиқ киши ҳибсга олинган. Улар қандай сўроқ қилинди? Маҳаллий лидерлар қаерда, қандай шароитда ушлаб турилибди? Воқеаларни ёритган маҳаллий журналистлар қаерда? Саволлар кўп. Воқеаларни ўрганаётган аксари ҳукумат аъзоларидан ташкил топган комиссия вазиятга холис баҳо беришига ишониш қийин”.

Қорақалпоғистон: Тармоқларда энг кўп берилган саволларга эксперт жавоби
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:48 0:00

Нукусдаги вазият

Озодлик суҳбатлашган нукусликларнинг айтишича, Қорақалпоғистондаги воқеалардан бир ой ўтиб Нукусда ҳаёт изга қайтмоқда. Интернетга чеклов ва шаҳарга киришда блокпостлар олиб ташланган. Шаҳарда зирхли ҳарбий техника кўринмайди.

“Вазият июль ойи бошидаги талотўплар бошланмасидан олдин қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундай, тинчлик, худди ҳеч нарса бўлмагандай. Одамларнинг чеҳрасига қарайман - ортиқча ҳавотир, ортиқча қўрқув сезилмайди. Балки одамлар ўлган туманларда, Кегейли ёки Шуманайда, Қонликўлда аҳвол бошқачадир, лекин Нукус тинч”, - дейди Азимбой Отаниёзов.

Қорақалпоғистонлик талаба Қууат Элмонов ҳам Нукусдаги ҳолатни осойишта, деб баҳолайди.

“Ҳозир тинч, ҳамма ўз иши билан оввора. Ўша пайтда кўпчилик билиб- билмай митингга қўшилиб қолди-да. Кўпчилиги билмас ҳам эди Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар ҳақида. Мен ҳам билмас эдим. Митингга чиққанларни ярми Конституцияни очиб ҳам кўрмаган, айтадиган гапи “суверенитетимизни олиб қўймоқчи” тўполон бошланиб кетди-да“.

Қорақалпоғистон: Расмий Тошкент мустақил текширувга рози бўладими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:41 0:00
  • Шу йилнинг 26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон конституцияси янги таҳририда Қорақалпоғистоннинг суверен мақоми ва референдум орқали Ўзбекистондан ажралиб чиқишига доир моддаларга таклиф қилинган ўзгариш шу куннинг ўзида ижтимоий тармоқларнинг қорақалпоқ сегментида қизғин муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлди;
  • 1 июль куни Нукус марказида конституциявий ўзгартишларга қарши тинч намойишларга чақирган «Эл хизметинде» газетаси редактори ва фаол Даулетмурат Тажимуратов ҳибсга олинди. Нукус марказида тўпланган кўп сонли оломоннинг норозиликлари ортидан Тажимуратов қўйиб юборилди;
  • Ўзбекистон Бош прокуратураси версиясига кўра, Тажимуратов "ноқонуний намойишларга чақиргани учун ҳибсга олинган. Тарафдорлари у қўйиб юборилганидан сўнг ҳам "тартибсизликларни давом эттиришган, куч тизимларига фаол қаршилик кўрсатганлар ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини ўзгартириш ва ҳокимиятни очиқча босиб олишга уринганлар";
  • 1 июль кечаси Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Нукусдаги намойишлар юзасидан баёнот бериб, юз берган воқеаларга “конституциявий ислоҳотлар моҳиятини нотўғри талқин қилиш” сабаб бўлганини билдирди. Вазирлик жамоат тартибини сақлаш учун қўшимча кучлар юборилганини тасдиқлади;
  • 2 июль куни Нукусга етиб борган президент Шавкат Мирзиёев Конституция лойиҳасидаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилишини эълон қилди. Аммо 2 июль тунида тармоқларда тарқаган видеолардан президентнинг ён бериши норозилик намойишларини тўхтата олмагани кўрилади;
  • Президент Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июль куни соат 00:01 дан фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Фавқулодда ҳолат 2022 йил 2 август куни соат 00:00 га қадар давом этиши билдирилди;
  • 4 июль куни Миллий Гвардия ва Бош прокуратура Нукусдаги воқеааларда 18 киши ҳалок бўлгани ва 243 киши яраланганини маълум қилди; тан жароҳати олганларнинг 38 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари; 500 дан ортиқ одам ушланган;
  • Европа Иттифоқи, БМТ, АҚШ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга чақирди.
  • 6 июль куни президент Мирзиёев Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан терговга жамоатчилик вакиллари жалб қилиниши, куч тузилмаларининг ҳаракатлари таҳлил қилинишини айтди;
  • 16 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг қонунчилик палатаси воқеаларни ўрганиш учун мустақил комиссия тузилганини эълон қилди.

1-2 июль куни Нукусда юз берган воқеалар Ўзбекистонда 2005 йил майидаги Андижон воқеаларидан буён содир бўлган энг йирик зўравонликлардир.

Ўзбек расмийлари намойишчиларга қарата ўт очилганини рад этишган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш этган.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов намойишлар "тинч бошлангани"ни эътироф этган ва воқеалар юзасидан АҚШ Конгрессига махсус ҳисобот тақдим этилишини билдирган.

Қўшни давлатлар, Россия ва Хитой воқеалар бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг расмий позициясини қўллаб қувватлаган, Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг ҳудудий бутунлиги ва суверенитетини дастаклашини билдирган.

Форум

XS
SM
MD
LG