Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:06

Камбағалликни қисқартириш вазирлиги "755 минг долларлик" сайт бўйича ички текширув бошлади


АКТ вазири Шерзод Шерматов REALSOFT ширкати раҳбарлари билан.
АКТ вазири Шерзод Шерматов REALSOFT ширкати раҳбарлари билан.

Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги вакили Озодликка “Онлайн маҳалла” платформаси учун 8,4 млрд сўм тўлангани юзасидан ички текширув бошланганини маълум қилди.

Ўтмишда қиммат машина ва картиналар харид қилгани учун танқид қилинган вазирлик ўтган ҳафта яна бир можаро марказида қолди.

Вазирлик ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги “Онлайн маҳалла” платформасини ишлаб чиқиш учун 8,4 млрд сўм (755 минг доллар) сарфлагани ўртага чиқди.

Давлат харидлари электрон тизимига жойланган ҳужжатларга қараганда, online-mahalla.uz платформасини яратиш учун Realsoft компанияси ҳеч қандай тендерсиз истисно тариқасида танлаб олинган.

"online-mahalla.uz платформасини яратиш учун Realsoft компанияси ҳеч қандай тендерсиз танлаб олинган.
"online-mahalla.uz платформасини яратиш учун Realsoft компанияси ҳеч қандай тендерсиз танлаб олинган.

Бунга Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 декабрдаги 820-Ф-сон қарори асос қилиб келтирилган.

Вазирлик текширув бошлаган

Ўзбекистонда online-mahalla.uz платформаси яратилиши учун давлат бюджетидан 755 минг доллар (8 миллиард 400 миллион сўм) тендерсиз тўлангани тармоқларда шов-шув бўлиши ортидан вазирлик бу борада текширув бошлаганини билдирди.

Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати вакили Озодлик билан суҳбатда “ҳозир бунча пул қандай тўлангани ўрганиляпти, натижаси яқин кунларда жамоатчиликка маълум қилинади”, деди.

Соҳа мутахассислари сайт яратиш учун 755 минг доллар “астрономик” нарх эканини айтиб чиқишди.

Ўзбекистонлик дастурчи Воҳид Абдуҳакимов Facebook саҳифасида “сайт мусордан фарқи йўқ, биз бир неча ой аввал ҳудди шундай сайтни $600га ясаб берган эдик”, деб ёзди.

Исми очиқланмаслигини истаган бошқа ўзбекистонлик мутахассис эса Озодлик билан суҳбатда бу давлат маблағларини ўзлаштириш схемаси бўлиши мумкинлигига эътибор қаратди:

“Сайтни яратган Realsoft ширкати сайтига кирсангиз, Президент администрацияси сайтини ҳам, бошқа вазирликлар сайтларини ҳам улар қилиб бергани айтилган. Нега вазирликлар сайт яратиш учун айнан шу ширкатга буюртма беради? Бу ерда давлат маблағларини ўзлаштириш схемаси йўқ деб ким кафолат беради? , дейди мутахассис.

Давлат харидлари электрон тизимига жойланган ҳужжатларга қараганда битим коррупцияга қарши ва гендер экспертизасидан ўтказилган.

“Сайт эмас бу!”

Realsoft раҳбари муовини Ҳаёт Насруллаев Озодлик мухбирига online-mahalla.uz сайти нега бунчалик қиммат баҳоланганини унинг сайт эмас, балки платформа экани ҳамда бошқа мураккабликлар билан тушунтирди:

“Биринчидан бу сайт эмас, платформа. “Онлайн маҳалла” электрон платформаси ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлар базалари билан интеграциялашган холда яратилди. Бутун ҳоким ёрдамчилари, биласиз 10 мингга яқин ҳаким ёрдамчилари бор. Бу платформани яратишдан мақсад улар фаолиятини автоматлаштириш. Бу информатив сайт эмас, шартномада ҳам кўришларингиз мумкин. 11 минг одам ҳар куни иш қиладиган платформа бу.

26та модулдан иборат, шулардан биттаси қабулхона. 35та вазирлик ва идора билан интеграция бўлган платформа.

Шу бир ой муддатда яратилсин, дейилди. Бир ойда минимал функциялар билан ишга тушириб бердик. 45 та ходимимиз шуни устида тинимсиз ишлади. Бошқа вазирликларга ҳам қилиб берганмиз, ўта мураккаб онлайн платформалар булар. Шартномага кўра, тизим икки йил давомида компаниямизнинг 45 нафар мутахассиси томонидан доимий кенгайтирилиб, такомиллаштириш ишлари олиб борилади ва техник қўллаб-қувватланади”, - деди Ҳаёт Насруллаев.

Realsoft ширкати Ўзбекистондаги бошқа бир қатор вазирлик ва идора сайтлари ни ҳам яратган.

Ширкат расмий сайтидаги маълумотларда уларнинг мижозлари орасида Президент администрациясидан тортиб кўплаб вазирлик ва банкларни кўриш мумкин.

Realsoft ширкати Ўзбекистондаги бошқа бир қатор вазирлик ва идора сайтлари яратувчисидир.
Realsoft ширкати Ўзбекистондаги бошқа бир қатор вазирлик ва идора сайтлари яратувчисидир.

Икки йил аввал Озодлик Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги қиммат нархда картиналар сотиб олгани, беш ой ичида юзлаб миллион сўмлик давлат маблағини картина сотиб олишга сарфлагани учун танқид қилинганди.

Ижтимоий ҳимоя органи йўқ

Ўтмишда Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда қашшоқлик муаммоси борлигини рад этиб келган. Мирзиёев ҳокимият келгач гарчи қашшоқ эмас, камбағал ибораси танланган бўлса-да, муаммо нафақат тан олинди, балки камбағалликка қарши курашувчи алоҳида вазирлик ҳам ташкил қилинди.

Ушбу вазирлик вақти-вақти билан мамлакатда камбағаллар сони қандай қисқартирилаётгани, турли туман "дафтар"лар аҳолининг камбағал қатламлари турмушини қай тарзда яхшилаётганига доир расмий статистикани эълон қилиб келади.

Камбағалларнинг аниқ сони бўйича расмий рақам йўқ, президент Мирзиёев 2019 йилда мамлакатда камбағаллар сони "4-5 миллион одам" ни ташкил этишини айтган эди. 2000 йиллар бошида Жаҳон Банки Ўзбекистон аҳолисининг учдан бири қашшоқлик даражасидан паст турмуш кечиришини айтган.

Ундан кейинги ўн йилликда Ўзбекистоннинг йиллик ялпи ички маҳсулоти ўсиш ҳажми йилига ўртача 7-8 фоизни ташкил этган, аммо экспертлар ЯИМ ўсиши аҳолининг реал даромадларида акс этмаганини айтишади.

Аммо давлат бошқаруви бўйича эксперт ва блогер Азиза Умарованинг ёзишича, мамлакатда давлатнинг ижтимоий сиёсатини мувофиқлаштирувчи орган мавжуд эмас:

“2016 йил март ойидан бошлаб мамлакатда ижтимоий ҳимоя органи мавжуд эмас. Хотин-қизлар қўмитаси бор эди. Кейин уни ёпишди. Ижтимоий ҳимоя вазирлигини ташкил этиш тавсия этилди. Бунинг ўрнига улар Маҳалла вазирлигини очишди, бу ҳам умидларни оқламади. Ижтимоий ҳимоя вазирлигини ташкил этиш тавсия этилди. Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ҳам гум қилишди. Ижтимоий ҳимоя вазирлигини қандай тузиш ҳақида маслаҳатлар берилди ва ҳатто бир тонна ҳужжат (2, 5 йиллик таҳлилий иш) тақдим қилинди.

Буни ҳам рад этишди. Ижтимоий дастурлар органи профессионал вазифаларга эга бўлиши керак. Мамлакатда ижтимоий хизматларни ривожлантириш ва муайян иш методологияси билан профессионал ижтимоий хизматни ривожлантириш керак. Социал ходимлар йиллар давомида юзлаб ўз жонига қасд қилиш холларининг олдини олиши мумкин эди. Қамоқхонада калтакланган ўша 15 ёшли бола билан ҳам милиция бўлими эмас, балки профессионал ижтимоий ходимлар шуғулланиши керак эди”.

Халқаро экспертларга кўра, Ўзбекистон Совет Иттифоқидан ижтимоий ҳимоянинг комплекс тизимини мерос қилиб олган, мамлакатда ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирилган стратегия ва ягона қараш мавжуд эмас.

Халқаро меҳнат ташкилоти, UNICEF ва Жаҳон банки 2020 йилдаги ҳисоботида таъкидланишича, Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизими турли институтлар ўртасида бўлиниб кетган, уларнинг ҳеч бирида ушбу соҳада координация, интеграция ва ягона давлат сиёсатини амалга ошириш масъулияти йўқ.

“Масалан, Молия вазирлиги Пенсия жамғармаси учун масъулдир ва ижтимоий дастурларга харажатларни назорат қилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (2017 йилгача - Меҳнат вазирлиги)

ва ижтимоий ҳимоя) бандлик ва фаол меҳнат бозори дастурлари учун масъул ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги умумий сиёсатни белгилаш ваколатларига эга.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли саломатлиги билан боғлиқ дастурларни амалга оширади. Ҳар бир муассаса вертикал ташкилий тузилмага эга бўлса-да, дастурлар ва схемалар ўртасида горизонтал алоқалар мавжуд эмас.

Ана шундай тарқоқлик натижасида дастурлар ноаниқлик ҳолатига тушиб қолган”, дейилади Халқаро меҳнат ташкилоти, UNICEF ва Жаҳон банки мутахассислари Ўзбекистон ижтимоий ҳимоя тизимини таҳлил қилган ҳисоботда.

Форум

XS
SM
MD
LG