Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:29

Балиқчи туман туғруқхонасида 36 яшар она ва унинг ҳомиласи ўлди


"Save The Children" ташкилоти ҳисоботида Ўзбекистонда ҳар минг боланинг бештаси туғилганидан сал ўтмай оламдан ўтиши айтилади.
"Save The Children" ташкилоти ҳисоботида Ўзбекистонда ҳар минг боланинг бештаси туғилганидан сал ўтмай оламдан ўтиши айтилади.

Андижон вилоят, Балиқчи туман Тиббиёт бирлашмасининг туғруқ комплексида 28 ноябрь куни 36 яшар аёл туғруқ пайтида оламдан ўтди. Аёл қорнидаги ҳомиласи ҳам нобуд бўлди.

Она ва бола нима сабабдан ўлгани маълум эмас. Балиқчи туман Тиббиёт бирлашмасининг Озодлик суҳбатлашган ходими экспертиза натижалари чиқмагунича ўлим сабаби ҳақида ҳеч нарса деёлмаслигини айтди.

Марҳумнинг яқинлари эса фожиада туғруқхона врачларини айбламоқда.

Айни пайтда, Бош прокуратура матбуот хизматининг Озодликка маълум қилишича, Жиззахнинг Зафарободида қайд этилган гўдак ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Балиқчи туман туғруқхонасида 36 яшар она ва унинг ҳомиласи ўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:20 0:00
Бевосита линк

36 ёшли Э.К. қорнидаги учинчи фарзандини туғиш учун Балиқчи туман Тиббиёт бирлашмаси туғруқ комплексига ётганидан бир кун ўтиб, 28 ноябрь куни оламдан ўтди.

Балиқчи туман Тиббиёт бирлашмасининг туғруқ комплекси ходими Озодлик билан суҳбатда шифокорларнинг "астойдил ҳаракатлари"га қарамасдан она қорнидаги боланинг ҳам ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаганини айтди.

– Билмаймиз негалигини. Энди экспертизага кетди, хулоса чиққанидан кейин маълум бўлади. Юрагидан тахмин қиляпмиз, инфаркт миокарда дейиляпти, кўтаролмаган бўлиши мумкин. Энди экспертизани кутяпмиз. Қорнидаги бола 37 ҳафталик эди. Болани ҳам сақлаб қололмадик, - деди туғруқ комплекси ходими.

Марҳумaнинг яқинлари она ва бола ўлимида туғруқхона врачларини айбламоқда.

Озодлик билан суҳбатлашган марҳуманинг қариндоши "таъмагир врачлар"нинг бепарволиги боис, оила нобуд бўлди, деб даъво қилди.

- Анчадан бери қорнида оғриқдан шикоят қилар эди. Қишлоқ врачлик пунктидагилар вақтида эътибор бермади. Ҳозир пул бермасангиз врачлар қарамайди. Тўрт кун аввал аҳволи ёмонлашгач, туман тиббиёт бирлашмасига ҳам борди. Лекин гинекология бўлими қабул қилмади. Охири ётадиган ҳолат бўлиб қолганидан кейин икки кун олдин қабул қилишди, лекин кеч бўлиб бўлган экан-да, - деди марҳумнинг исми айтилишини истамаган қариндоши.

Балиқчи туман Тиббиёт бирлашмаси шифокорлари бу иддаони рад қилишмоқда.

- Туғруқ пайтида аёлда патологик муаммо бўлмаган, ҳеч қанақа ноқислик кузатилмаган. Энди ўлим сабаби ҳақида экспертиза чиқса ҳаммаси ойдинлашади, - деди шифокор.

Озодлик она ва бола ўлими юзасидан изоҳ олиш учун Балиқчи туман Соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари билан боғланди, лекин у мажлисда эканини айтиб, Озодликка изоҳ беролмаслигини билдириш билан чекланди.

Бу шу ойни ўзидаги Ўзбекистон туғруқхоналаридаги гўдаклар ўлими билан боғлиқ Озодликка маълум иккинчи холатдир.

2018 йилнинг 12 ноябрида Жиззах вилоятида тўртинчи фарзандини дунёга келтириш учун Зафаробод туман Марказий касалхонасининг Туғруқ бўлимига ётган аёлнинг боласи вафот этгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг 29 ноябрь куни Озодликка маълум қилишича, гўдак ўлими юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

"Терговга қадар текшириш жараёнида, туман тиббиёт бирлашмаси ходимларининг касб юзасидан ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажарганликларини аниқлаш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида хизмат текшируви тайинланган. Терговга қадар текширувда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 27.02.2010 йилги 56-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш муассасаларида туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларни бериш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома талаби тўлиқ бажарилмаганлиги ва Г.Х.нинг чақалоғи патологоанатомик текширувдан ўтказилмаганлиги аниқланган", - дейилади Бош прокуратура билдирувида.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда шу йилнинг ўзида оналар ўлими билан боғлиқ 59 та, болалар ўлими билан боғлиқ эса, 2.706та ҳолат қайд этилган.

"Save The Children" ташкилоти ҳисоботида Ўзбекистонда ҳар минг боланинг бештаси туғилганидан сал ўтмай оламдан ўтиши айтилади.

Дунёга келганидан сўнгги 30 кун мобайнида рўй берадиган болалар ўлими ҳоллари эса Ўзбекистонда ҳар минг болага 15тани ташкил этади.

Дунё бўйича эса ҳар йили 1 миллиондан ошиқ бола туғилиши билан ўлади.

XS
SM
MD
LG