Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:53

Москвада ўзбек муҳожири ўз ватандошини пичоқлаб ўлдирди, яна бирини яралади


Москвада қурилишда ишлайдиган 24 ёшли муҳожир Аброр Нодиров Озодлик билан суҳбатда нотаниш ўзбекистонлик ватандоши 22 ёшли шериги Нуриддин Жўраевни пичоқлаб ўлдиргани, ўзини эса ярадор қилганини айтди. Нодиров иддаосича, 30 октябр куни Москванинг Бибирево метроси яқинидаги дўкон қурилишида рўй берган қотилликни Россия милицияси жўяли тергов қилмаяпти, Москвадаги ўзбек элчихонаси эса бу ишни умуман эътиборсиз қолдирган. Москва шаҳар милицияси эса қотилликда гумонланиб 22 ёшли ўзбекистонлик муҳожир қидирилаётганини Озодликка тасдиқлади.

Сурхондарёнинг Қизириқ туманидан бўлган Аброр Нодировнинг Озодликка айтишича, 30 октябр кечки пайт қурилишда бирга ишловчи шериги ва яна бир ҳамюрти орасида гап қочиб, аввалига улар муштлашишган.

Кейин эса нотаниш ҳамюрти шеригининг бўйни ва юрагига пичоқ санчган.

- Мен шеригимни қутқараман деб борганимда мени ҳам қорнимга пичоқ санчди. Нуриддинни шу ерни ўзида ҳаётдан кўз юмди. Мени касалхонага олиб кетишди.Шифохонада жарроҳлик операцияси қилишди. Пичоқлаган йигит Самарқанддан экан, ғойиб бўлди, ҳеч ким қаерда эканини билмайди, милиция ҳам етарлича қидирмаяпти. Нуриддинни жасади ўн кун моргда ётди, бир ҳафта олдин тоғаси жасадни Деновга олиб кетди, - дейди Нодиров.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:22 0:00
Бевосита линк

Айни пайтда ўзбек муҳожири ўзини пичоқлаб яралаган, шеригини эса ўлдирган қотилни ушлаш бўйича Москва милицияси етарли тергов олиб бормаётганини иддао қилади.

- Ўта хавфли жиноятчи Россияда қочиб юрибди. У Ўзбекистонга ҳам қайтиб бориши мумкин. Лекин, милиция бошида суриштирув қилиб туриб, ишни тўхтатди. Ўзбекистон элчихонаси қизиққани йўқ, - дейди Аброр Нодиров.

Озодлик ушбу воқеа юзасидан Москвадаги Ўзбекистон элчихонасига боғланди.

Элчихонанинг Озодлик суҳбатлашган мулозими бундай воқеа ҳақида хабарсиз эканини айтди.

Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси эса 30 октябр кунги қотиллик бўйича “Қасддан одам ўлдириш ва оғир тан жароҳати етказиш” моддалари бўйича иш очилгани ва 22 ёшли ўзбекистонлик муҳожир қидирилаётганини айтди.

Расмий ҳисобларида келтирилишича, айни пайтда Россияда 11 миллиондан ортиқ меҳнат муҳожири яшайди.

Уларнинг катта қисми Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистондан борган фуқаролар экани айтилади.

XS
SM
MD
LG