Линклар

Шошилинч хабар
25 сентябр 2018, Тошкент вақти: 13:43

Термизда ҳоким иштирокидаги сайёр йиғинда “фоҳиша”нинг онаси сазойи қилинди


Термиз марказидаги "Хотира ва қадрлаш" мажмуи.

Сурхондарёнинг Термиз шаҳри марказидаги Хотира боғида 10 сентябрь куни “аҳлоқий жиноятлар”га қарши ҳокимлик уюштирган сайёр йиғинда "фоҳиша" деб кўрилган 18 ёшли қизнинг онаси ва қариндошлари сазойи қилинди.

Йиғинда қатнашган айрим термизликлар Озодликка келган бу маълумотни Термиз шаҳар халқ таълими бўлими мудири Малоҳат Холлиева​ тасдиқлади. Термиз шаҳар ҳокими Исроил Ҳудойбердиев ҳам ҳокимликнинг ахборот хизмати ҳам ҳозиргача ҳодисани изоҳламади.

10 сентябрь куни Термизнинг Хотира боғида ўтказилган йиғинда қатнашган маҳалла фаолларидан бири Озодлик билан суҳбатда шаҳар ҳокими фоҳишалик сўнгги бир йил ичида уч карра ошганини таъкидлай туриб, кекса ёшдаги аёл ва икки қариндошини уларнинг “бизни халқнинг олдида уялтирманг”, деган илтижосига қарамай, ўртага чиқариб, тикка турғизиб қўйганини айтди:

- Шаҳар ҳокими, милиция бошлиғи, прокурори бир гуруҳ аёлларни ўртага чиқариб қўйиб, “сизларни халқ олдида муҳокама қиламиз”, деди. “Бизни шарманда қилманг”, деган гапларига ҳоким “жим туринглар, гапимни бўлишга ҳаққингиз йўқ”, дея жавоб қилди. Билсак, бу аёллар фоҳиша экани айтилаётган 18 ёшли қизнинг онаси ва холалари экан.

Озодлик мазкур ҳодиса юзасидан изоҳ олиш учун Термиз шаҳар ҳокими Исроил Ҳудойбердиевнинг ўзига боғлана олмади.

Шаҳар ҳокимлигининг ахборот хизмати эса, 11 сентябрь кунги Озодлик сўровига “вазиятни ўрганиб ўзимиз қайтиб телефон қиламиз"¸ деди, лекин 12 сентябрь, Ўзбекистон вақти билан 15 гача ҳам изоҳ бергани йўқ.

Термиз шаҳар халқ таълими бўлими мудири Малоҳат Холлиева Озодлик билан суҳбатда 10 сентябрь куни шаҳар ҳокимлиги ўтказган фоҳишаликка қарши йиғинда муҳокама қилинган қиз шериклари билан ҳамшираларни калтаклаганликда ҳам гумонланиб айбланаётганини айтди.

Лекин, Холлиевага кўра, мажлисда кимнидир халқ олдида уялтириш ёки сазойи қилиш бўлмаган.

- Булар бешта аёл ичиб олган бўлишган, медсестрани урган, дейишди. Ҳокимимиз жуда маданиятли, жуда юраги ёнадиган инсон-да. У шу шаҳарга мен жавобгарман, деб туриб “ўз болангизга ўзингиз эгалик қилинг, асрайлик, болаларимизни бузилиб кетишига ота-она масъул, халқ масъул, эртага бугунги кундаги 13-14 яшар болаларимиз сал катта бўлганидан кейин беҳаёлик даражасига бормасин, йўлдан чиқиб бўлгунича бугунги кунда ҳаммасини қўлга олайлик, 16 ёшли қизни тўйи бўлмоқчи бўляпти, биз уни кимнидир қўлига бериб қўя олмаймиз” деди. Ҳақиқатан ҳам шаҳарда йўлдан чиққан аёллар сони кўпаймоқда. У киши шунга безовта бўлдилар холос. Шу аёлларни мисол қилиб келтирди холос. Лекин, йиғинда кимнидир сазойи қилиш ёки халқни олдида шарманда қилиш деган нарса бўлмади.

Озодликка маълум бўлишича, шаҳар ҳокимлигининг сайёр йиғинида муҳокама қилинган 18 ёшли аёл ва у билан бирга яна тўрт аёл устидан шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг ҳамширасини калтаклаганлик бўйича маъмурий иш очилган.

Бу маълумотни Термиз шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳам тасдиқлади.

- Бу аёллар тунги клубда ичиб, мазаси қочиб қолганда касалхонага олиб келинган. Ўша ерда медсестрани калтаклашган. Бу бўйича маъмурий иши очилган, лекин ҳали суд ҳукм чиқаргани йўқ, - деди Термиз шаҳар ИИБсининг Озодлик суҳбатлашган навбатчиси.

Озодлик ҳокимлик мажлисида ўртага чиқарилган аёлларни ўзлари билан боғланди, лекин улар гапиришни исташмади.

Айбсизлик презумпцияси Ўзбекистон Жиноят кодексининг асосий принципларидан биридир. Суд томонидан шахс айбдор деб топилмагунча айбдор ҳисобланмайди.

Озодлик билан суҳбатда бўлган термизликлар ҳам айни шу жиҳатга эътибор қаратишди.

- Биринчидан 18 ёшли қиз учун онаси айбдор эмас. Иккинчидан, бу қизни айби ҳали исботланган ҳам эмас. Термизда фоҳишалик кўпайган бўлса ишсизлик, иқтисодий тушкунлик сабаб бўляпти. Эркакларимиз иш излаб Россияга кетиб қолган. Ҳокимлик аёлларни ўртага чиқариб муҳокама қилганидан кўра ишсизлик муаммосига эътибор қаратса бўлармиди, - деди Озодлик билан суҳбатлашган термизликлардан бири.

Ўзбекистонда фарзандлари айбдор деб топилган ёки гумонланганларнинг ота оналарини сазойи қилиш авваллари ҳам бўлган.

Икки йил аввал Наманганнинг Поп туманида фарзандлари исломий экстремизмда айбланиб қамалганларнинг ота-оналари маҳалла йиғинида сазойи қилингани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG