Вазирлар Маҳкамасининг “2018-2024 йилларда жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан қамоқхоналарни ўз-ўзини таъминлаш тизимига ўтишга ҳозирлик бошланди.
Ҳужжатда белгиланишича, 2024 йилга бориб аксар қамоқхоналар, ғишт, оҳак, мебель, пойабзал, ҳарбий кийим ва ҳоказоларни ишлаб чиқариб, қорамол, қўй, товуқ, курка боқиб, мева-сабзавот етиштириб кун кўришни бошлайди.
33 млрд. сўмлик лойиҳа
11 ноябрда имзоланган ҳукумат қарорида 2018-2024 йилларда жазони ижро этиш муассасаларидаги ишлаб чиқариш корхоналарини кенгайтириш, ривожлантириш ва янги ускуналар билан жиҳозлаш учун қарийб 33 миллиард сўм маблағ ажратилиши айтилган.
Шунингдек, манзил колонияларда интенсив боғлар, қорамол, қўй, эчки, товуқ, курка, балиқ боқадиган фермаларни очиш, борини қайта таъмирлаш белгиланган.
Қарорга илова қилинган 2018-2024 йилларга оид прогноз режага кўра, 6 йиллик муддат ичида давлат ёрдами билан хўжалигини тиклаши керак бўлган қамоқхоналар, босқичма-босқич, бюджетдан узилиб, 2024 йилдан тўлиқ ёки қисман ўзини ўзи таъминлашга ўтиши лозим.
Аммо, қуйидаги жадвалда келтирилган 5 та қамоқхона 2024 йилдан бошлаб, бюджетдан тамомила узилиши айтилган.
77 турдаги маҳсулот
Бундан ташқари, 20 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ИИВ қошидаги Жазони ижро этиш бош бошқармаси тассаруфида ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширадиган давлат унитар корхоналарини ташкил этиш тўғрисида қарор чиқарди.
Мазкур корхоналар қошида марказлаштирилган жамғарма очиш ва ана шу жамғармадаги маблағ ҳисобидан мавжуд қамоқхоналарни сув, газ, электр энергияси, озиқ-овқат билан таъминлаш кўзда тутилмоқда.
Ҳукумат қарорида ишлаб чиқаришни йўлга қўядиган ёки қорамол, эчки, қўй, товуқ, курка боқадиган жазони ижро этиш муассасалари сони 38 та деб келтирилган, аммо жазони ижро этиш муассасаларининг жами сони келтирилмаган. Инсон ҳуқуқлари фаоллари эса мамлакатда қамоқхоналар жами сони 55та атрофида, деб келадилар.
Қамоқхонада ишлаб чиқарилиши кўзланган маҳсулотлар тури эса ҳукумат қарорида 77 та, деб келтирилган.
Қамоқхонада иш мажбурийми-ихтиёрийми?
Ҳозирча, бу саволга аниқ расмий жавоб йўқ.
Бундан ташқари, ҳукумат қарорида:
- қамоқхоналардаги ишлаб чиқариш корхоналари, цехлар, фермаларда қандай маҳбуслар ишлайди,
- неча соат ишлайди,
- уларнинг меҳнати ихтиёрий бўладими ёки мажбурий,
- маош тўланадими, агар тўланса, қандай тўланади,
- ишлаб чиқарган маҳсулотлардан келадиган даромад айнан қаерга сарфланади ва бунда маҳбусларнинг ҳам улуши бўладими - бу каби саволларга жавоб йўқ.
Озодлик бу саволларга жавоб олиш учун Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳамда вазирлик қошидаги Жазони ижро этиш бош бошқармасига мурожаат қилди, аммо ҳозирча жавоб олишга муваффақ бўлмади.
"Маҳбуслар ишлашга мажбурланади"
Ўзбекистонда 10 йилга яқин қамоқ жазосини ўтаган ва бу муддат ичида ғишт заводи, тикувчилик корхоналарида ишлаган собиқ сиёсий маҳбус, ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғунов ҳужжатнинг ўзини "жуда яхши ташаббус", деб баҳолади.
Аммо, мамлакат қамоқхоналаридаги бугунги вазият ва маҳбуслар ҳуқуқларининг систематик тарзда бузлишини назарда тутган ҳуқуқ ҳимоячиси бу ташаббус маҳбуслар аҳволини оғирлаштириши, ажратилган маблағлар эса ноқонуний равишда ўзлаштирилиши мумкинлигидан хавотир билдирди.
Муҳими, Аъзам Турғуновга кўра, қамоқхонада маҳбуслар соғлиги яхши, деб топилган тақдирда ишлашга мажбурланади.
- Мен ўтирган Қарши қамоқхонасида маҳбуслар кунига 3 сменада, ойига 21 кунлаб тинмасдан ғишт заводида ишлайди. Аммо, 16-18 кун ишлади, деб расмийлаштирилади. Ойлиги энг кам иш ҳақидан паст бўлмаслиги керак, деб қонунда ёзилган. Аммо, улар ўртача 75-80 минг сўм олади. Муҳими, ҳамма мажбуран ёппасига заводга ишга олиб кетилади, касаллардан ташқари. Бундан ташқари, ғишт заводида иш шароити жуда оғир, аммо маҳбусларнинг соғлиги ҳимояси йўқ. Шунинг учун, бу ташаббусни амалга ошириш учун Жазони ижро этиш бошқармасини ИИВдан олиб, Адлия вазирлигими ёки бошқа бирорта идорага бериш керак, менимча. Акс ҳолда, бу 32 миллирад сўмлик маблағ айтилган жойга етиб бормайди, мен ишонаман бунга, - дейди ҳуқуқ фаоли.
Қуйида ҳуқуқ фаоли, "Мазлум" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Аъзам Турғунов билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:
Президент ташаббуси
Вазирлар Маҳкамасининг бу қарорига асос бўлган илк ҳужжат эса шу йилнинг 11 августида президент Мирзиёев имзолаган қарордир.
Президент қарорида жазони ўташ муассасаларини босқичма-босқич бюджет таъминотидан ўзини ўзи таъминлашга ўтказиш кўзда тутилган эди.
Ҳозир Ўзбекистондаги қамоқхоналарнинг аксариятида ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи катта-кичик корхоналар, тикувчилик цехлари, завод ва фермалар бор. Аммо, бу заводлардаги иш тартиби, уларнинг иш коэффиценти ва даромади миқдори ҳақида аниқ расмий маълумот Озодликда мавжуд эмас.