Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:43

Алексей Волосевич: Жамшид Каримов президент амакисининг ўлимидан хабарсиз...


49 ёшли Жамшид Каримов Ўзбекистоннинг сентябрь ойи бошида вафот этган президенти Ислом Каримовнинг жиянидир.
49 ёшли Жамшид Каримов Ўзбекистоннинг сентябрь ойи бошида вафот этган президенти Ислом Каримовнинг жиянидир.

Ўзбекистоннинг марҳум президенти жияни, 2012 йилдан буён қаердалиги номаълум қолаётган мустақил журналист Жамшид Каримов ҳануз Самарқанддаги руҳий касаллар шифохонасидадир. Тошкентдан мустақил журналист, Asia-Terra сайти мухаррири Алексей Волосевич Озодлик билан суҳбатда Жамшид Каримовнинг 19 ёшли Евгения исмли қизи билан учрашгани ва жиззахлик мустақил журналистнинг тақдирини ундан ўрганганини айтди.

- Мен уни қизи билан учрашдим. Уни исми Евгения, яъни Женя. У ойда бир, гоҳида икки ойда бир марта отасини кўргани бориб турар экан. Уни айтишича, Жамшид Каримовни Самарқанддаги халқ орасида “Супер” деб аталувчи руҳий касаллар шифохонасида, темир панжарали хонада ушлаб туришибди. 2012 йилдан буён шу шифохонада экан. Женянинг айтишича, тўрт йил аввал Жамшидни МХХга “суҳбат”га чақиришган. У ерга борганида тўрт киши кўчада уни калтаклаган, тишини синдиришган, машинага босиб рухий касаллар шифохонасига олиб кетишган. Ўшандан бери у шу шифохонада, - дейди Волосевич.

49 ёшли Жамшид Каримов Ўзбекистоннинг сентябрь ойи бошида вафот этган президенти Ислом Каримовнинг жиянидир.

Лекин, Алексей Волосевичнинг айтишича, Жамшид Каримов президент амакисининг ўлганидан хабарсиз.

- Жамшид Каримовнинг қизи отасини сўнгги бор кўргани борганида унга милицинерлар Ислом Каримовнинг ўлганини айтишни тақиқлашган. Уни отаси билан ҳар бир учрашуви милиция ва шифохона ходимлари назоратида бўлар экан. Яъни бутун мамлакат Каримовни ўлганини билади, лекин Жамшид бундан хабарсиз. Аввал амакисининг ҳозир эса муваққат президент Шавкат Мирзиёев ҳамда МХХ бошлиғи Рустам Иноятовнинг асири эканини Жамшид билмайди, - дейди Волосевич.

Жамшид Каримов биринчи марта 2005 йил сентябрида ҳибсга олинган ва кейинроқ маҳкама унга нисбатан мажбурий руҳий муолажа тайинлаш ҳақида қарор чиқарганди.

2012 йилда Жамшид Каримов озодликка чиққач, икки ой ўтиб яна жамоатчилик кўз ўнгидан ғойиб бўлди.

Ўзбекистон расмийлари Жамшид Каримовнинг маҳкум этилиши ва ундан кейинги тақдири борасида ҳозирга қадар ҳеч қандай маълумот бермай келади.

- Қизини айтишича Жамшид Каримов кичрайиб қолган, букилиб юради. Жамшидни ошқазон касали бор, мунтазам пархез лозим, шифохонада буни имкони йўқ экан. Лекин қизини айтишича отаси рухан соғлом кўринади, - дейди Алексей Волосевич.

Жамшид Каримов 2000-чи йилларда Буюк Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR), “Арена” ва “Uznews.net”веб сайтлари билан ҳамкорлик қилиб келган журналистдир.

Ҳибсга олинишидан аввал Жамшид Каримов интернетда маҳаллий ва марказий ҳокимият идораларини танқид қилувчи қатор мақолалар эълон қилган эди.

XS
SM
MD
LG