Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:20

Мирзиëевнинг Германияга ташрифи олдидан Берлинда немис-ўзбек бизнес форуми иш бошлади


Ўзбекистонга немис капиталини жалб қилиш ва ўзаро иқтисодий муносабатларни жонлантириш имконларини муҳокама қилган немис-ўзбек бизнес форуми душанба куни Германия пойтахти Берлинда иш бошлади.

Германия иқтисодининг шарқий қўмитаси уюшмаси (Ost-Ausschuss – Osteuropaverein der Deutschen Wirtschaft e.V.“ (OAOEV) ва Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси томонидан ташкил қилинган тадбир очилишида Ўзбекистон Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси, Бош вазир ўринбосари Суҳроб Холмуродов ва Германия иқтисод ва энергетика вазирлиги давлат котибии Урлих Нуссбаум (Dr. Ulrich Nußbaum) иштирок этди. Тадбир қатнашчиси Ўзбекистон ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Siemens, Linde, MAN каби улкан немис ширкатлари билан шартнома тузилганиини олқишлади.

Камтар рақамлар

Ўзбекистон расмийлари очиқлаган ҳисоботга кўра¸ 2018 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича Германия билан Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси 526 миллион долларни ташкил қилган. ​

Бу рақам Германиянинг Марказий Осиëнинг бошқа мамлакатлари иқтисодидаги иштироки билан қиëслаганда анчайин оз кўринади.

Мисол учун Германиянинг Қозоғистон билан 2017 йилдаги товар айланмаси 5 миллиард долларни ташкил қилган эди. Бу Ўзбекистондаги рақамларга қараганда 10 марта кўп дегани.

Немис сармоядорлари нимадан чўчимоқда?

Берлинда ўтаëтган немис-ўзбек бизнес форуми қатнашчиси¸ Марказий Осиë сиëсати ва иқтисоди бўйича таҳлилий мақолалар муаллифи Эдда Шлагер Озодлик мухбири билан суҳбатда Ўзбекистонда сармоядорлар учун муҳим бўлган шаффофлик¸ қонун устуворлиги ва мустақил суд институтлари ривожланмаганини айтади. Суҳбатдошга кўра¸ сайтлар блок қилинган¸ ижтимоий тармоқлар ëпиб қўйилган ҳамда бир киши сиëсий иродасига бўйсунишда давом этаëтган бугунги Ўзбекистон реаллиги немис сармоядорлиги учун жозиба касб қилмаган.

Ўзбекистон иқтисодиëтига немис капиталининг етарлича қизиқиш кўрсатмаëтганида мамлакатнинг яқин ўтмишида расмий Тошкент ва германиялик тадбиркорлар ўртасида юзага келган зиддиятнинг ҳали эсдан чиқмагани ҳам омил сифатида кўрилади.

2009 йили Тошкентдаги Форумлар саройи қурилишида қатнашган немис ширкатларига ҳақ тўлашда муаммолар юз бергани германиялик тадбиркорларни Ўзбекистондан чўчитган омиллардан биридир.

Форумлар саройи қурилишида қатнашган 20га яқин немис ширкати катта ҳажмдаги ишни бажарганига қарамай¸ юз миллион евродан кўпроқ ҳақини олиши узоқ ва машаққатли кечган эди.

2010 йилда Германия иқтисодиёт ва технология вазирлиги расмийси Бернхард Дух Ўзбекистон ҳукумати бир нечта немис ширкатларига жами 130 миллион евро миқдорида қарзни тўламай келаётгани ҳақида баëнот берган эди.

Орадан 9 йил ўтиб ўзбек мулозимлари немис тадбиркорларини бундай ҳолат ўтмишдаги авторитаризм сарқити бўлгани¸ бошқа такрорланмаслига ишонтиришга уринмоқда.

15 январь куни Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси немис сармоядорларига қуюқ зиëфат бермоқчи ва бундан, таҳлилчилар назарида, “Каримов даврида совуқлашган алоқаларни юмшатиш” кўзланмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20-22 январь кунлари Германияга режаланган расмий ташрифи ҳам “икки давлат ўртасидаги илиқ иқтисодий муносабатларни шакллантиришнинг ” эҳтимолий истиқболи билан боғлиқ.

Шавкат Мирзиёевнинг расмий ташриф чоғида Германия канцлери Ангела Меркель ва президент Франк-Вальтер Штайнмайер билан учрашиши режаланган.

Бу учрашувлар ортидан журналистлар ва матбуот вакиллари учун брифинг ëки матбуот анжумани режаланмаган.

Мирзиёевнинг Германияга ташрифи арафасида немис ватандошлари 15 январдан бошлаб Ўзбекистонга 30 кунгача бўлган муҳлатга визасиз кела олиши мумкинлиги эълон қилинди.

XS
SM
MD
LG