Линклар

Шошилинч хабар
17 август 2018, Тошкент вақти: 02:35

Текин гемодиализ хизмати талаб қилган беморга вазирлик мулозими қўл кўтарди


Гемодиализ ускунаси

Тошкентдаги Республика инфекцион клиникаси Гемодиализ бўлимига туман касалхонаси йўлланмаси билан келган бемор Озодликка клиникада текин муолажа ололмагани, шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилиб ҳам, иши битмаганини айтиб берди.

Бемор ҳақини талаб қилиб, вазирлик мулозими билан тортишган ва бу можарони телефонига ёзиб олган.

Бемор ва мулозимнинг даҳанаки жанги акс эткан видеотасвирни унинг яқинлари Озодликка юборди. Тасвирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозимининг бемор саволларига жавоб топа олмай, унга қўл кўтаргани ҳам акс этган.

Текин гемодиализ ололмаган бемор мулозим билан тортишди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:00 0:00

Беморнинг айтганлари

Озодлик билан 16 май куни гаплашган тошкентлик бемор (исми айтилмаслигини сўради) жорий ҳафта бошида клиникада гемодиализ аппаратига қуйиладиган бепул дори ва фильтр йўқлиги туфайли муолажа оломагач, арз қилиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилганини¸ вазирлик мулозими эса, унга жавоб бериш ўрнига мушт билан ҳужум қилганини айтди.

Беморнинг вазирлик мулозими билан жанжали акс этган видеотасвирда мулозим ўз ҳақини талаб қилаëтган беморнинг сурункали талабларига бир муддат чидаб, қулоқ солганини, лекин охир-оқибат чидами тугаб мушт ўқталганини кўриш мумкин.

Вазирлик вакили нима деди?

Озодлик воқеа юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилди. Вазирлик бошқармаларидан бири етакчи мутахасисининг бўлиб ўтган воқеадан хабари борлиги, жавоби ҳам тайёр эканлиги маълум бўлди.

- Душанба куни шу воқеа бўлди. Ходимимиз ўзини босолмай уни телефонда суратга олаëтган касал қўлидан телефонни олиб қўймоқчи бўлди. Аламзада бемор бу ходимнинг сабр косасини тўлдириш учун бутун ҳаракатини қилди. Ходимни оқламаймиз. Унга нисбатан интизомий чора кўрилади¸ деди мулозим.

"Бир марта ишлатиладиган фильтр уч марта ишлатилмоқда"

Вазирлик мулозими билан тортишиб "мушт еганини" иддао қилган беморнинг Озодликка айтишича¸ ўзи бириктирилган Республика инфекцион клиникаси Гемодиализ бўлими хизмати фақат номигагина текин бўлиб қолмоқда:

- Касалларга янги фильтр беришмайди. Бир марта ишлатиш назарда тутилган фильтрлар уч мартадан ишлатилмоқда. Шунингдек, гепарин венофер ва репретин каби доктор йўлланмасига кўра текин берилиши керак бўлган дориларни ҳам беришмайди. Касаллар барча дориларни ўзлари сотиб олмоқда. Муолажада диализ муддати 4 соат бўлиши белгиланган бўлса ҳам, врачлар уч соатлик гемодиализ хизмати кўрсатмоқда холос¸ деди доимий гемодиализ хизматини текин олишга йўлланмаси борлигини айтган бемор.

Муаммо ечими йўқми?

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозимига кўра¸ бир мулозимга чора кўрилгани билан бемор вазирлик олдига қўяётган масала ечилиб қолмайди:

- Қонунга кўра, гемодиализга муҳтож хроник бемор туман врачи йўлланмаси билан ойда 12 марта текин гемодиализ олишга ҳақли. Лекин барча беморларга текин гемодиализ хизмати кўрсатишнинг амалда иложи йўқ. Республика бўйича 4 мингта бемор гемодиализга муҳтож. Аммо шу бугуннинг ўзида 17 та гемодиализ ускунаси ишламайдиган ҳолга келиб бузилиб ëтибди. (Мулозим ҳаммаси бўлиб қанча аппарат борлигини айтмади) Инқиллаб ишлаëтган аппаратлар 4000 беморга етмайди. Воҳидов номидаги клиника йўлланмали беморларга гемодиализ беришни тўхтатди. Чунки Воҳидовдаги аппратлар буйрак кўчириб ўтказиладиган беморлар учун ажратиб қўйилган. Балки, сиз яшаëтган Чехияда гемодиализ фильтри бир марта ишлатилар. Аммо биз уни 3 ëки 4 марта ишлатишга мажбурмиз. Чунки етишмайди. Дорилар ҳам шунақа. Бу давлат миқëсида катта пул сарфлаб қилинадиган иш. Март ойида парламент нефрология ва гемодиализ масаласини муҳокама қилди. Аммо бу муҳокамадан кейин бир дона ҳам қўшимча ускуна ëки фильтр олингани йўқ¸ деди вазирлик мулозими.

Олий Мажлисда кўрилган масала

Жорий йилнинг 2 мартида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Республикада нефрология ва гемодиализ хизмати ҳолати кўриб чиқилган эди.

"Йиғилишда Республика бўйича 3608 нафар бемор гемодиализга муҳтож эканлиги аниқланганлиги алоҳида қайд этилди. Ўтган йил давомида ҳудудларда буйрак етишмовчилиги юзага келган жами 3967 нафар беморга гемодиализ муолажалари ўтказилган. Бугунги кунда мавжуд гемодиализ ускуналарининг 11 таси таъмирталаб аҳволда эканлиги, аммо таъмирлаш ишлари ўз вақтида амалга оширилмаётганлиги аниқланди", дейилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси расмий сайтида эълон қилинган хабарда.

"Хусусий"лардаги нархлар

Вазирлик вакилига кўра, гемодиализ хизмати давлат шифохоналарида йўлланмаси бор беморларга текин, йўлланмаси йўқларга тўлов эвазига амалга оширилади.​

Озодлик Тошкентдаги хусусий клиникалардан бирининг Гемодиализ бўлимидаги врачи билан гаплашди. Ўзини Нигора Қобилжонова деб таништирган врач гемодиализ хизмати нархлари ҳақида маълумот берди:

- Агар бемор фильтр¸ гепарин ва бошқа дориларни ўзи билан олиб келса гемодиализ аппарати 1 марта ишлагани учун кассага 247 минг 200 сўм тўлайди. Хроник касаллар ойда энг камида 12 марта бу муолажани олиши керак¸- дейди суҳбатдош.

Қобилжонова гемодиализ оладиган касаллик ҳақида ҳам иккки оғиз гапириб берди:

- Гемодиализ – буйрак вазифасини бажарувчи даво муолажаси бўлиб, муҳтож беморлар ҳаётини сақлайди. Агар бемор вақтида муолажа олмаса ўлиб қолиши ҳеч гапмас¸- деди врач.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG