Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2022, Тошкент вақти: 18:57

“Гитлер Германияси билан футбол ўйнашдай гап” - Ўзбекистон Россия билан ўртоқлик учрашуви ўтказади


Ижтимоий тармоқларда айрим футбол мухлислари ҳамда фаоллар Украинага уруш боис Россия жамоаси билан ўйинни бойкот қилишга чақиришди.

Украина байроғини эслатувчи сариқ-мовий рангда бўялган Тошкентнинг "Пахтакор" ўйингоҳида 20 ноябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон ва Россия миллий жамоалари куч синашади.

Худди шу куни миллионлаб мухлислар Қатардаги жаҳон чемпионати очилишини орзиқиб кутишмоқда.

Ўзбекистон жамоаси ва миллионлаб ўзбек футбол мухлислари учун эса, Жаҳон чемпионати ҳануз орзулигича қолмоқда.

Россия эса Украинага тажовуз боис ушбу чемпионатдан четлаштирилган.

Аслида Россия шу куни Босния-Герцеговина жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказишга умид қилаётганди.

Аммо, мухлислари ва баъзи ўйинчилари босими остида қолган Босния “агрессор давлат” билан ўйиндан воз кечди.

Ўзбекистонлик мухлислар ва спортчиларнинг эса кайфиятлари фарқли

“Ҳамма ўйин томоша қилишга келади, ватанини қўллаб-қувватлашга келади. Менимча, ўзбекистонликлар орасида бу ўйинга салбий фикр бўлади деб ўйламайман. Шунчаки, ўртоқлик учрашуви. Мени ўзим, тўғриси у тарф бу тараф бўлишни хоҳламайман. Уруш бўлаётгани ёмон ҳам, лекин спорт, тинчлик тарафдоримиз“, - дейди тошкентлик талаба Рухсора.

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон терма жамоаси собиқ тренери Вадим Абрамов Россия билан ўртоқлик учрашуви ўтказилишида муаммо кўрмаётганини айтди:

Ўзбекистон терма жамоаси собиқ мураббийси Вадим Абрамов.
Ўзбекистон терма жамоаси собиқ мураббийси Вадим Абрамов.

“Буни изоҳлаш қийин.FIFA, билишимча, Россияни расмий ўйинлардан четлатган, лекин ўртоқлик учрашуви ўтказишда муаммо йўқ. Босния Россия билан ўйинни бекор қилиши баъзи ўйинчиларининг норозилиги ва жамоатчилик фикри билан боғлиқ эди. Бу ерда Россия жамоаси билан ўйинда муаммо кўрмаяпман. Менимча, ўйинчиларимиз учун қайтанга куч синашиш имконияти бу, чунки Ўзбекистон Россия билан умуман ўйнамаган. Мен муарббийлик қилган пайтимда Россия жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказишга ҳаракат қилганман, лекин уларнинг жадвали доим тўлиқ бўлган. Кучли рақиблар билан ўйнашни афзал билишган”, - дейди Абрамов.

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Тошкентнинг "Пахтакор" футбол жамоасида топ сурган, ҳозир Грецияда яшаётган афсонавий футболчи Василис Хадзипанакис ҳам Ўзбекистон жамоаси собиқ тренери фикрига қўшилади:

“FIFA Россияни мусобоқалардан четлатган. Лекин, Ўзбекистон ўйнагиси келса ўйнайверсин. Муаммо йўқ”, - дейди Хадзипанакис.

Ўзбекистон терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Афзал Азизовнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, Россия жамоаси FIFA ва UEFA мусобоқаларидан четлатилиши сабабли кўпроқ Марказий Осиё жамоалари билан ўйнаяпти.

У Россия билан футбол ўйини Ўзбекистон футбол жамоаси обрўсига футур етказмайди, деган фиркда.

"Бошқа томондан Россия жамоаси икки ой олдин Қирғизистон билан ўртоқлик учрашувчи ўтказди. Ҳеч қанақа санкция бўлгани йўқ.Ўйлашимча, ҳаммаси яхши бўлади”, - дейди Азизов.

Жаҳон чемпионатига чиқолмаган Ўзбекистон ва Украинага уруш боис чемпионат саралаш босқичидан чиқариб юборилган Россия жамоалари учун бу биринчи учрашувдир.

Иккала жамоа шу пайтгача расмий ўйинларда тўқнаш келмаган.

Украина байроғи фонидаги ўйин

Тошкентнинг "Пахтакор" стадиони.
Тошкентнинг "Пахтакор" стадиони.

Ижтимоий тармоқларда айрим футбол мухлислари ҳамда фаоллар Украинага уруш боис Россия жамоаси билан ўйинни бойкот қилишга чақиришди.

Уларнинг фикрича, Тошкентнинг марказий стадионида кўксига “агрессор давлат” герби туширилган футболчиларнинг саф тортиб туриши ва шу “агрессор давлат” мадҳияси янграши Ўзбекистон учун “шармандалик”дир.

Дониёр Юсуф исмли футбол ишқибози эса Facebook саҳифасида “Пахтакор”нинг Украина байроғини эслатувчи трибуналари бўш туриши учун мухлисларни стадионга бормасликка чақирди.

“Шундай ўйинлар ҳам бўларканки Ватанинг жамоаси бўлсада афсус билан қўллаб-қувватлай олмайсан. Шунчаки терма жамоа, футболчилар ва ўзбек футболига ачинасан холос.

20 ноябрь куни Канчельскис чучварани хом санабман дейишини жуда истардим. Чунки бу ўйинга тушиб бўлмайди. Шунчаки Украина байроғини эслатиб турадиган “Пахтакор” стадиони трибуналари бўш турса кифоя. Норозилик кайфиятида шиорларни кўтариб бекорга жавобгарликка тортилиб кетиш ҳам керакмас. Шунчаки рангларга қўйиб беринг тамом”, - деб ёзди Дониёр Юсуф.

“Пахтакор” стадиони трибунаси Украина байроғини эслатувчи сариқ-мовий рангда. “Пахтакор” жамоаси ранги сариқ-мовий бўлгани боис стадион ўриндиқлари шу рангларга бўялган.

Россия-Ўзбекистон футбол ўйинини “Бунёдкор” стадионига кўчириш масаласи кўтарилгани ҳақида баъзи нашрлар ёзиб чиқди. “Бунёдкор” стадионида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани боис бу амалга ошмаган.

Ўзбекистон Футбол федерацияси бу хабарларни изоҳламади.

Федерация вакиллари матбуот анжуманида ушбу ўйин мақоми “ўртоқлик” эканини айтишган. Лекин, бунинг учун FIFA очколари бериладими?, деган саволга: “Ҳозирча изоҳ йўқ, ҳозирча билмаймиз”, - дея жавоб қилишди.

"Шармандалик"

FIFA ва UEFA мусобоқаларидан четлатилган Россия жамоси учун Ўзбекистон билан ўйин Украинага уруш бошланган сўнгги тўққиз ой ичидаги учинчи ўйин бўлади.

Жамоа 23 сентябь куни Қирғизистон, 17 ноябрь куни эса Тожикистон билан учрашди.

Россия Қирғизистонни 2:1 ҳисобида, шунда ҳам биринчи голни ўтказиб, сўнгги голни ўйин охирида уриб зўрға ютди.

Тожикистон билан ўйинда эса ҳисоб очилмади, дуранг натижа қайд этилди.

Тожикистон билан Россия жамоалари ўйинида ҳисоб очилмади, дуранг натижа қайд этилди.
Тожикистон билан Россия жамоалари ўйинида ҳисоб очилмади, дуранг натижа қайд этилди.

Россиялик мухлислар ҳамюртларининг профессионал даражаси пастлигини қайд этиб, ҳар икки ўйин савиясини “шармандалик” деб аташди.

Бишкекдаги Россия-Қирғизистон ўйини пайти Украинани дастакловчи чақириқлар ҳам янгради.

Бишкек полицияси фаол Эрик Абдиқалиқовни Қирғизистон ва Россия ўртасидаги футбол ўйинида “Украинага шон-шарафлар” деб бақиргани учун ҳибсга олди ва сўроқдан кейин қўйиб юборди.

Бишкек шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ижтимоий тармоқларда миллатлараро адоват қўзғаш белгилари аниқланганини билдирди.

Эрик Абдикаликовнинг ўзи эса ҳисбга олинишига ўйин арафасида Твиттерда ёзган муна бу чақириғи сабаб бўлганини айтди.

“Ҳурматли футбол мухлислари! Россия терма жамоасининг ўйини қаҳрамонлар ва Боткенда ҳалок бўлганлар учун бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошланиши керак. Шунингдек, “Урушга йўқ! ”, “Путин х *** о! ” деб бақириш ҳам ажойиб бўлар эди. "Украинага шон-шараф! ". Футбол олами билсинки, биз босқинчилар ва диктаторларга қаршимиз”.

Футболдаги яккамахов

Украинада уруш бошланганидан сўнг, Россия терма жамоаси Жаҳон чемпионатининг саралаш ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Шунингдек, Россия 2024 йилги Европа чемпионатидан ҳам четлат илди, терма жамоа саралаш ўйинларига қуръа ташлаш маросимида иштирокчилар қаторига киритилмади.

Россиянинг 2028 ва 2032 йиллардаги футбол бўйича Европа чемпионатларини ўтказиш бўйича таклифи ҳам номақбул деб топилди.

Россия Украинага кенг кўламли уруш бошлаганидан бери Босния-Герцеговина ушбу давлат футбол жамоаси билан ўйнашга рози бўлган биринчи Европа жамоаси бўлиши кутилаётганди.

Ўйин Қатарда жаҳон чемпионати бошланишидан бир кун олдин 19 ноябрь куни Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилиши керак эди.

Россия томони европалик рақибларга ўйин учун 200 минг евро таклиф қилгани, барча харажатларини қоплашга ваъда берди.

Мухлислари ва баъзи ўйинчилари ҳамда мураббийларининг қаттиқ босими ортидан Босния-Герсеговина футбол уюшмаси Россия билан ўйиндан воз кечди.

Дубайда Марокаш терма жамоаси билан учрашув ўтказишга қарор қилди.

Канадада яшовчи ўзбекистонлик журналист Баҳиёр Шохназар Facebook саҳифасида “Ўзбекистоннинг Россия билан футбол ўйнаши фашистлар Германияси даврида Гитлер жамоаси билан бир майдонда футбол ўйнашдай гап” деб ёзди.

“Россия февраль ойида Украинага бостириб кирганидан кейин FIFA Россияни Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларидан чиқариб ташлади. Ўзи хомийлигидаги мусобақалардан четлатди. Бошқа давлатлар ҳам Россия билан ўйнашни хоҳламади. Чунки, Россия босқинчи давлат сифатида тан олиниб бўлинди. Тасаввур қилинг фашистлар Европани ярмини босиб олган, Гитлер Германияси жамоаси Тошкентга тинчлик элчисимиз, ўртоқлик учрашуви ўтказамиз деб келяпти. “Ўзбекистон” жамоасини Гитлер Германияси билан футбол ўйнашини қандай тасаввур қилган бўлардингиз? Лекин, аслида Гитлер Германияси билан футбол ўйнашдай гап бу”, - дейди журналист.

Танқидларга қарамай, спортчилар Ўзбекистон ва Россия ўйини пайти "Пахтакор" стадиони томошабинга тўлишини башорат қилишмоқда.

"Ўйлайманки, Тошкентда Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари ўйинида стадион тўлади. Ўзбекистонда мухлислар терма жамоа ўйинларига боришни ёқтиришади. Ўзбекистон ва Россия ўйини натижасини башорат қилиш қийин. Биринчидан, Россия бу йил ҳисобига фақат битта ўйин ўтказди. Иккинчидан, Ўзбекистон Осиё Конфедерациясида яхши ўйин кўрсатган, бутунлай бошқача рақиблар майдонга тушяпти”, - деб ёзди “Навбаҳор” футбол жамоаси собиқ мураббийси Андрей Канчелскис.

Россиядан ҳам юзлаб футбол ишқибози Тошкентга келиши кутилмоқда.

“Азалдан, халқимиз Россия билан яқин келган. Спортни мақсади шу, ҳаммани бирлаштириш”, - дейди тошкентлик талаба Рухсора.

Тармоқларда россиялик ишқибозлар сафини Путин эълон қилган сафарбарликдан қочиб Ўзбекистонга келганлар тўлдириши ҳам айтилмоқда.

Ўзбекистон-Россия ўйини пайти “Пахтакор” стадиони тўлиши башорат қилинаётир. Ўзбекистон-Россия ўйинига чипталар нархи 20 минг сўм ёки 2 АҚШ доллари атрофида…

Ўзбекистон Футбол федерацияси вакилларига кўра, Россия-Ўзбекистон жамоалари ўйини пайти Тошкентнинг “Пахтакор” стадионида хавфсизлик чоралари кучайтирилади. Ҳозирдан стадион атрофига ички ишлар ходимлари жойлаштирилган.

Форум

XS
SM
MD
LG