Линклар

Шошилинч хабар
29 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:09

$1млрд сармоя истаëтган ўзбек делегацияси президент сафари олдидан Парижга келди


Франция Ташқи ишлар вазири Jean-Marc Ayrault 2017 йил 15 апрель куни Тошкентда ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан учрашган эди.
Франция Ташқи ишлар вазири Jean-Marc Ayrault 2017 йил 15 апрель куни Тошкентда ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан учрашган эди.

Ўзбекистон ҳукумати тизимларида ишловчи бир неча мулозимнинг Озодликка билдиришича¸ президент Шавкат Мирзиëевнинг Францияга қиладиган расмий сафарига тайëргарликни якунлашга масъул делегация 4 октябрь куни Парижга келган.

Сафарга оид маълумотларни очиқлаш ваколати йўқлиги учун шахси очиқланмаслигини сўраган расмийларга кўра¸ Ишчи делегацияга Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг 1-ўринбосари¸ собиқ Ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев бошчилик қилмоқда.

Делегация таркибига¸ Озодликка маълум бўлишича¸ Сенат¸ Ташқи ишлар¸ Ташқи савдо ва Ахборот технологиялари вазирликлари¸ Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси¸ шунингдек, “Ўзавтосаноат” ва “Дори-Дармон” каби давлат акциядорлик жамиятлари раҳбарлари кирган.

Мақсад – инвестиция жалб қилиш

Озодлик гаплашган Тошкент мулозимига кўра¸ президент Парижга келиши арафасида расмий делегация Франциядан 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияни Ўзбекистонга олиб киришга оид келишувлар пакети устидаги музокараларни якунлаб¸ имзоланиладиган ҳужжатларга охирги нуқтани қўйиши керак.

Франция томони инвестиция киритишга қизиқаяпти. Улар юқори ахборот технологиялари¸ телекоммуникация¸ медицина¸ атом энергияси соҳасига пул киритмоқчи. Лекин французларни бу инвестициялар ҳимояси қандай бўлади¸ деган савол жавоби қизиқтираяпти ва сафар арафасида ана шу масалага ечим топилиши керак”¸ деди Тошкент делегацияси кун тартиби тафсилотларидан билвосита хабардор мулозим.

"Французларнинг Жиззахда машина заводи қуриш-қурмаслиги президент сафари давомида ҳал бўлади"

Президент Мирзиëевнинг Францияга қиладиган сафари тафсилотларига яқин бошқа бир Тошкент мулозими¸ ўтган йили тантана билан эълон қилинган Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive заводи тақдирининг ҳам сафар давомида ҳал бўлишини билдирди.

2017 йилнинг 13 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев Жиззахда йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган Peugeot ва Citroën русумидаги автомобилларни ишлаб чиқарувчи завод қуриш ҳақидаги 3053-сонли қарорга қўл қўйган эди.

Бу қарорга мувофиқ¸ бир йилда 16 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive жорий йилнинг 1 майига қадар иш бошлаши керак эди.

2017 йил ноябрида Жиззах эркин иқтисодий ҳудудига борган президент Мирзиëев¸ бу заводни 2018 йилнинг 10 декабрига қадар тугатиб¸ ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳақида топшириқ берган эди.

Аммо 2018 йилнинг октябрь ойи бошланганига қарамай¸ Озодлик билан шахси сир қолиш шарти билан гаплашган “Ўзавтосаноат” ва ҳукумат расмийси¸ бу завод қурилишининг боши берк кўчага кириб қолганини билдирди.

Бу заводга деб жой ажратишди¸ қурилиш бошланди¸ бино бор. Лекин ҳозирга келиб французлар қўйган шарт бўйича келишув йўқлигидан тўхтаб ëтибди. Французлар Peugeot бренди билан завод очиш учун гарантия пули сўрамоқда. Булар ишлаб чиқариш технологиялари олиб кириб¸ маҳаллий кадрларни ўқитиб¸ ишлаб чиқаришни йўлга қўяр-қўймас¸ пулига куйиб қолишдан қўрқмоқда. Улар сўраëтган кафолат пули катта - юзлаб миллионга боради. Улар бу гарантия пулини ë Ўзбекистон ҳукумати¸ ëки учинчи томон қўйишини сўраяпти. Тошкентда бунча пул йўқ. Шунга Франция сафари олдидан Ислом тараққиëт банки¸ Осиë тараққиëт банки билан кафолат пули масаласида музокара қилишди. Ҳозир завод директори Эркин Юсупов ҳам Парижда. Кафолат масаласи ҳал бўлса¸ Мирзиëев сафари давомида молиялашга оид келишув ҳам имзоланади. Бўлмаса¸ бу режа йўққа чиқади”¸ деди “Ўзавтосаноат” мулозими 5 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда.

Сиëсий обрў

8-9 октябрь кунлари Францияга қилинадиган расмий сафар Шавкат Мирзиëевнинг президент сифатида Европа Иттифоқи давлатига биринчи ташрифи бўлади.

2016 йилнинг 8 сентябрида президент ваколатида иш бошлаганидан сўнг Мирзиëев¸ ЕИ ва унга аъзо давлатлар билан Каримов давридаги совуқликка барҳам бериш уринишини бошлади.

Ўтган икки йил давомида ЕИнинг Ташқи сиëсат масалалари бўйича намояндаси Федерика Могерини икки марта – 2017 йил ноябрь ва 2018 йилнинг мартида Тошкентга сафар қилди¸ бевосита Шавкат Мирзиëев билан учрашди.

2005 йилнинг 13 май куни Андижонда рўй берган қонли воқеалар ортидан ЕИ Ўзбекистонга санкциялар жорий қилди ва шундан сўнг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов иттифоққа кирувчи давлатлар пойтахтида исталмаган меҳмонга айланди.

Шавкат Мирзиëевнинг президент сифатидаги сиëсати¸ айниқса¸ минтақавий ҳамкорликни кучайтириш¸ иқтисодни ислоҳ этиш уринишлари ЕИ ва унинг етакчи давлатлари томонидан ижобий қарши олинди.

Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан Шавкат Мирзиëевга йўллаган табригида Франция президенти Эммануэль Макрон¸ Мирзиëевнинг “Марказий Осиëдаги минтақавий ҳамкорликка қўшган ҳиссаси”ни олқишлаган ва икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг яқинлашаëтганидан мамнунлигини билдирган эди.

Эммануэль Макрон Германия канцлери Ангела Меркель баробарида нафақат ЕИ¸ балки демократик Ғарбнинг асосий лидери сифатида кўрилаëтган бир пайтда Ўзбекистон 2-президентининг Парижга келиши ва эркин дунë етакчиларидан бири томонидан илиқ қарши олиниши¸ Ислом Каримов даврида Ғарбдан узоқлашган Ўзбекистон ташқи сиëсати учун ижобий йўналишни бошлаб бериши кутилмоқда.

Ислом Каримов 1993 ва 1996 йиллардан икки марта расмий сафар билан Парижга келган ва шундан сўнг Францияга бошқа сафар қилмаган.

XS
SM
MD
LG