Линклар

Шошилинч хабар
24 октябр 2018, Тошкент вақти: 01:51

Марғилонлик отанинг 54,5 йилга қамалган 3 ўғлидан тўнғичи 19 йилда озодликка чиқди


1999 йилда 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган, жазо ўтаётган пайтда муддати яна 3 йилга узайтирилган, 16 апрелда қамоқдан озод қилинган марғилонлик Абдулла Мадумаров 17 апрель тонгида ўз уйига кириб келди.

Абдулланинг укаси, 7 йилга қамалган Ҳамидулло 2008 йили жазо муддатини ўтаб озодликка чиққан, яна бир укаси, дастлабки муддати ва кейин қўшиб берилганлари билан 28,5 йилга қамалган Хабибулло эса, ҳануз жазо муддатини ўтамоқда.

Деярли бир хил – “диний” - айбловлар билан ҳар бири алоҳида қамалган уч ака-ука марғилонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аҳмаджон Мадумаровнинг ўғилларидир.

"Президентга раҳмат!"

Озодлик боғланган пайтда ўғлининг қамоқдан чиққанини қутлаб келган қўни-қўшни, қариндош-уруғ, ёр-биродарлари қуршовида бўлган 72 яшар Аҳмаджон Мадумаров бундай деди:

“Шу онда ўйлаётган ўйим битта - қамоқдан чиққан фарзандимнинг келажаги, қамоқда қолаётган Хабибулло ўғлимнинг озодликка чиқиши. Ҳозирги президентимиз халқни, фуқарони ўйлаб, собитқадамлик билан одамларнинг бағрига оталарини, болаларини, эрларини қайтараяпти. Миллатимизнинг бахт-саодати йўлида у кишининг қилаётган ҳаракатлари бардавом бўлсин”,- деди ота.

Аҳмаджон Мадумаровнинг 6 ўғли бор. Улардан 3 нафари 2000-йиллар бошида бирин-кетин қамалган.

Уч ака-ука Жиноят Кодексининг анъанавий 159- моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244- моддасида (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб қамалган.

Футболчи Абдулла Мадумаров, жазо муддати: 16+3=19 йил

1972 йилда туғилган, қамалгунича Қирғизистондаги “Семетей” футбол клуби ўйинчиси бўлган Абдулла Аҳмаджон Мадумаровнинг 6 ўғлидан бири, ака-укаларнинг энг каттасидир.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев Мадумаровлар хонадони кўргиликларидан яхши хабардор.

Унинг айтишича, Абдулла 1999 йилги портлашлардан кейинги қама-қамалар давомида қўлга олинган. Қирғизистондаги футбол клуби ўйинчиси бўлган Абдулла ўша пайтда жамоаси билан Бишкекдан Қизилқия шаҳрига (Фарғонага яқин шаҳар) бир ойлик машғулотга келган ва махсус хизмат ходимлари уни ўша ерда қўлга олиб, Ўзбекистонга олиб келган.

Абдусалом Эргашевнинг айтишича, Абдулла ҳамшаҳар улфатлари билан 2 марта бирга ош еган, кейинчалик уларнинг (улфатларнинг) “5 кишилик халқаларга бирлашган хизбчилар эканлиги маълум бўлади, орадан 2 йил ўтгандан кейин улардан бири қўлга тушади ва терговчилар ундан “кимлар бўлган атрофингда”, деб сўраганда Абдулла Мадумаровни айтган. Шу баҳона Абдулла қамалиб кетган эди”.

Отасининг айтишича, суд Абдуллани 2000 йили дастлаб 18 йилга кесган, кейин апелляция суди бу муддатни 2 йилга қисқартириб, 16 йилга туширган, жазо ўтаётган пайтда 3 йил қўшиб берилган. Шундай қилиб катта ўғил 19 йиллик муддатни тўла ўтади. Абдулланинг жазо муддати 16 апрель куни якунига етди ва қамоқдан чиқди.

Тадбиркор Ҳамидилло Мадумаров, жазо муддати 7 йил

Аҳмаджон Мадумаровнинг учинчи ўғли, 1980 йилда туғилган Ҳамидилло ҳарбий хизматни Миллий хавфсизлик хизмати қўшинларида ўтаган.

Отасининг айтишича, ўғли хизматдан қайтиб, яқинларидан бирини кўриш учун касалхонага борган пайтда қўлга олинади ва “чўнтагидан Хизб ут-Таҳрирнинг варақаси чиқиб қолади”. 2001 йили 7 йилга қамалган Ҳамидилло жазо муддатини тўлиқ ўтаб, 2008 йили озодликка чиққан.

Инженер Хабибулло Мадумаров, жазо муддати: 9+3+16,5=28,5 йил

Абдусалом Эргашевнинг айтишича, Аҳмаджон Мадумаровнинг Москвада инженер бўлиб ишлаётган иккинчи ўғли, 1974 йилда туғилган Хабибулло 2000 йили паспортини алмаштириш учун Ўзбекистонга келади.

“Рамазон ойи. Марғилон бозорида бир ёш йигитни қувиб келаётган милиционерлар Хабибуллонинг олдига келганда йигитни тутиб олиб, уни калтаклай бошлайди. Москвада ишлаб юрган олий маълумотли инженер йигит воқеага жим қараб туролмай, аралашади. Шунда милиционерлардан бири Хабибуллога мушт отади. Хабибулло ҳам муштга мушт билан жавоб қайтаради. Ходим прилавканинг тагига кириб кетади”, - деб ҳикоя қилди Абдусалом Эргашев.

Унинг айтишича, милиция ходимлари ёш йигитнинг диний варақа тарқатаётганини кўриб қолиб таъқиб қилган. Милиция ходимини ургани учун ички ишлар бўлимига олиб борилган Хабибуллонинг ҳам “чўнтагидан варақа чиқади”.

2000 йили 9 йилга қамалган Хабибуллонинг жазо муддати қамоқхонада 3 мартага ортиб кетди.

“Хабибулло 2000 йилда 9 йилга қамалган. 2008 йил, апрелда қамоқхона тартибини бузди, деб 3 йил қўшиб берилган. Орадан 3 ой ўтганидан кейин, яна бир жиноят иши қўзғаб, қамоқхона ичида диний ташкилот тузди, деб яна 16,5 йилга қамадилар. 2010 йил июнида янги муддатининг 1,5 йили ўтганидан кейин, 17 йил қамоқ жазо белгилашди”,- деди Аҳмаджон Мадумаров.

Қамоқхонанинг Хабибулло билан боғлиқ бу “арифметикасини” тушуниш қийин бўлди ва Мадумаровдан сўрадик:

- Жазо муддатларини тўлиқ ўтаса, ўғлингиз қачон озодликка чиқади?

- 2027 йил июнида чиқади,- деди Аҳмаджон Мадумаров.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG