Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2019, Тошкент вақти: 23:32

Crafers қандолат фабрикаси ишчилари Конституция ва мадҳия бўйича имтиҳон қилинди


2018 йилнинг 26 октябрида қандолат фабрикасини бориб кўрган президент Шавкат Мирзиëев 850 киши учун иш ўрни яратилгани олқишлаган эди

Тошкентдаги Crafers қандолат фабрикаси ишчилари Ўзбекистон Конституцияси ва тарихи бўйича имтиҳондан ўтказилди. Бу ҳақда хабар қилган ишчига кўра, имтиҳондан ўтолмаганлар ишдан ҳайдалиш хавфи қаршисида қолган.

Озодликка бу ҳақда шикоят қилган қандолат фабрикаси ишчисига кўра, аттестация пайти ҳар бир ишчига 15 савол берилган, саволларнинг аксари Ўзбекистон Конституцияси, мадҳияси ва байроғи ҳақида бўлган.

Қандолат фабрикаси вакили Озодлик билан суҳбатда ишчилар аттестациядан ўтказилаётганини тасдиқлади.

Crafers қандолат фабрикаси ишчиси (бу ишчи ва унинг ҳамкасблари ишдан ҳайдалишидан қўрқиб исмлари ошкор қилинмаслигини ўтинди) ўзи ва ҳамкасблари иш фаолиятига алоқаси бўлмаган саволлар билан аттестация қилинганликлари ҳақида Озодликка шикоят қилди.

“Саволлардан бир ё иккиси иш фаолиятимизга боғлиқ, улар ҳам кулгили.“Бир кило карамель упаковкасида қанча шоколад бор ёки бир яшчикда қанча қути шоколад бор?” Мен вафлида ишлайман, қаёқдан биламан нечта шоколад бўлишини. Бошқа саволлар: Конституция, мадҳия, байроқ қачон қабул қилинган? Миллий мадҳияни ҳам ёддан айттиришди. Оддий ишчилар шундай малакаланадими?", - деди фабрика ишчиси.

Имтиҳондан ўтганлар иш жойида қолиши, ўтолмаганлар эса, ишдан ҳайдалиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.

“700та ишчи аттестациядан ўтказиляпти. Элликка эллик қисқартириш бўлади, деб айтишди. Масалан, сахарний печенье цехида 65 одам ишласа 35 таси имтиҳондан ўтолмай иш билан хайрлашяпти. Қандолатчи бўлиш учун тарих факультетида ўқиш керак бўлиб қоляпти", - деди Crafers қандолат фабрикасининг яна бир ишчиси.

Қандолат фабрикаси вакили Озодлик билан суҳбатда ишчилар аттестациядан ўтказилаётганини тасдиқлади, лекин бу ҳақда изоҳ беришдан бош тортди.

Корхонанинг кадрлар бўлими мулозими эса, "шундай имтиҳоннинг бўлгани яхши, ходимлар малакасига яраша сараланади. Конституцияни эса ҳамма билиши керак" - деб жавоб қилди.

Озодлик суҳбатлашган корхона ишчиси эса, "Конституцияни қандолат фабрикаси раҳбарлари ҳам билса яхши бўлар эди", дея қўшимча қилди.

"Ўзлари Конституцияни билса, шу қонунга амал қилса яхши бўлар эди. Чунки шу қонундаги меҳнат нормаларига амал қилинмасдан бизни 900 минг сўмлик маош учун 8 соат ўрнига кунига 12 соатлаб тикка турғизиб ишлатишяпти", - деди ишчи.

Ўтган ой қандолат фабрикаси ишчилари белгилаб қўйилган вақтдан ортиқча ишлатилаётганликлари ҳақида Озодликка шикоят қилган эди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси мулозимига кўра¸ Crafers қандолат фабрикаси ишчилари касаба уюшмасига аъзо бўлмагани боис, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкони чекланган.

Тошкент шаҳридаги собиқ “Лак-бўёқ” заводи ўрнида ташкил этилган “Амилов” фабрикаси (кейинчалик фабрика номи Crafers дея ўзгартирилди) 2018 йилнинг 5 октябрда ишга туширилган эди. 2018 йилнинг 26 октябрида айни фабрикани бориб кўрган президент Шавкат Мирзиëев 850 киши учун иш ўрни яратилганини олқишлаган эди.

Расмий матбуотда ëзилишича¸ 32 гектарлик ҳудудда жойлашган корхона йилига 50 минг тоннага яқин қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга.

Шарҳларни кўринг (7)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG