Линклар

Шошилинч хабар
23 май 2018, Тошкент вақти: 19:53

Ургут бозоридаги дўконларни таъмирлаш ижарачи савдогарларга юклатилди


Ургут шаҳри (Самарқанд вилояти)

Самарқанд вилоят, Ургут туман савдо комплекси маъмурияти дўконларни қайта таъмирлашни савдогарлар ҳисобидан амалга оширмоқчи.

Озодлик билан суҳатда айрим тадбиркорлар бозордаги таъмирлаш ишлари учун ҳар савдогардан 5 миллион сўмдан йиғилаётгани, талабни бажармаганлар дўкон ва расталаридан айрилишлари ҳақида огоҳлантирилганини айтишди.

Бозор раҳбарияти таъмир учун пул йиғилаётганини инкор этар экан, дўконларни таъмирлаш савдогарларнинг ўзларига юклатилганини тан олди.

Ургут савдо комплексида савдо қилувчи исми сир қолишини истаган тадбиркор Озодлик билан суҳбатда ҳар ой бозор маъмуриятига юз минглаб сўмлик патта пули тўлаши, энди эса, туман ҳокимияти бозор таъмири учун бир неча миллион сўмлик "ўлпон" солганидан шикоят қилди.

- Шундоқ ҳам ҳар ойда уч юз минг сўмлик патта тўлаймиз, налогини тўлаймиз, бозор маъмурияти шу йиғимларга таъмир қилса бўладику?! Ҳар ойда биздан пулни нимага олади? Ҳозир булар бозорнинг тепа қисмини ёпиш керак, деб туриб 5 миллиондан пул тама қиляпти. Бермасаларинг бозорни бўшатиб қўй, деб пўписа қиляпти,- дейди ургутлик савдогар.

Ургут тумани савдо комплексидаги тадбиркорлардан яна бири эса, бир неча миллион сўмдан ижара ҳақи тўлаб ўтирган дўконини таъмирлаш дўкондорларнинг ўзларига юклатилганини айтди.

- Ҳозир дўконимизнинг томини бузиб, қайта қуришимиз керак экан. Бозор маъмурияти ҳар ким ўзи ўтирган дўкон томини ўзи плита билан ёптириши керак, деяпти. Бу нари-бери 30 миллион сўм пулга тушяпти. Шуни қилмасак дўконсиз қоларканмиз, - деди Озодлик билан суҳбатлашган ургутлик тадбиркор.

Озодликнинг аниқлашича, ўтган ой Россиянинг Кемерово шаҳридаги “Зимняя вишня” савдо марказидаги 64 киши ўлимига сабаб бўлган ёнғин ортидан Ўзбекистондаги барча савдо мажмуалари ёнғин хавфсизлиги идоралари тарафидан инспекция қилинган.

Шу текширувлар натижасида Ургут савдо комплексидаги иншоотлар ёнғин хавфсизлиги талабларига тўлиқ жавоб бермайди, деб топилган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси Ургут савдо комплекси маъмуриятидан савдо иншоотларини бир ой ичида ёнғин ва аҳоли хавфсизлиги меъёрларига мослаштиришни талаб қилган.

Ургут туман савдо комплекси раҳбарияти буни тасдиқларкан, Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ва туман ҳокимияти талаби билан бозорда таъмир ишлари бошланганини айтди.

Лекин, савдогарларга пўписа қилингани ва мажбурлаб пул йиғилаётгани ҳақидаги иддаоларни бозор раҳбарияти рад қилар экан, савдогарлар айтган гапларни беихтиёр тасдиқлади:

- Бозорда қурилган иншоотларни пожарнийдан келиб текширди, қабул қилмади. Ёнғин хавфсизлигига жавоб бермас экан. Тепасини монолит қилиб, ёнғин хавфсизлиги талабига жавоб берадиган қилиш керак экан. Ҳозир биз шу талабни бажаришга киришганмиз. Лекин, савдогарлардан бунинг учун пул йиғилаётгани нотўғри. Биз дўконларда ўтирган савдогарларни ўзларига шуни ўзларингиз қиласизлар деяпмиз холос. Чунки уларни дўкони. Биз бозорни умумий таъмирини қиламиз, деяпмиз. Агар шу ишни қилмасак савдогарлар ҳам биз ҳам жойимиздан айрилишимиз мумкин, чунки бозор ёнғин хавфсизлиги қоидаларига жавоб бермайди, - деди Ургут тумани савдо комплекси МЧЖ раҳбарларидан бири.

Ургут туман ҳокимлиги маълумотига кўра, савдо комплекси 2011 йилда қурилган ва 2012 йилда фойдаланишга топширилган.

Ўшанда савдо комплексининг иншооти ёнғин хавфсизлиги талабига жавоб бермаслиги ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаган эди, дейди шу дўконлардан бирида савдо қилувчи тадбиркор.

- Ўша пайтда биз бу дўконларни қабул қилиб олганимизда ҳаммаси талаб даражасида, деб ўйлагандик-да. Энди Кемероводаги ёнғиндан кейин ҳаммаси хавфсизлик ҳақида ўйлаб қолишди. Ўша пайтда бу иншоотни қабул қилиб олаётганда шуни талаб қилишса бўлардику. Энди томини камчилиги бўлса биз айбдор эмасмизку. Ҳокимият ёки бозор маъмурияти шу қурган ширкатни топиб тўғирласин-да, - дейди тадбиркор.

Озодлик Ургут туман ҳокимлигига боғланганида ҳокимликнинг тадбиркорлик масалаларига масъул мулозими бозордаги дўконлар сўнгги беш йил ичида ҳароб аҳволга келгани, шунинг учун таъмирлаш дўкондорларнинг ўзларига юклатилганини айтди.

- 2011 йилда қурилган, ўтган давр ичида ҳароб аҳволга келди. Уни тўғирлатиш тадбиркорни ўзига юклатилди. Бозорни даромади бўлмаса, ажратадиган пул ҳам бўлмайди-да, - деди ҳокимлик мулозими.

Ўзбекистон бозорларида таъмирлаш ишлари тадбиркорлар ҳисобидан амалга оширилиши биринчи марта бўлаётгани йўқ.

Ўтган йили Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани марказидаги бозорда савдо қилувчи тадбиркор ва дўкон эгалари “беш кун ичида дўконларини ўз ҳисобларидан бузишлари" ҳақида огоҳлантириш хати олганликларини Озодликка маълум қилишган эди.

Икки йил аввал Фарғонанинг Риштон тумани, Андижоннинг Асака туманидаги бозорлар тадбиркорлар эҳсони эвазига қайта реконструция қилингани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG