Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2018, Тошкент вақти: 11:55

Адвокат: Абдуллаев ўзига қўйилаётган айбловни қисман тан олишини айтди


44 ёшли журналист Бобомурод Абдуллаев бир қатор мустақил нашрлар¸ хусусан "Фарғона” ахборот агентлиги билан ҳамкорлик қилган¸ шунингдек спорт шарҳловчиси сифатида ҳам танилган.

Ўзбекистонда конституциявий тузумни ағдаришга уринганликда айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев 14 декабрда уни бориб кўрган адвокати Сергей Майоровга ўзига қўйилаётган айбни қисман тан олишини айтган. Бу ҳақда Сергей Майоров 15 декабр куни Озодлик билан суҳбатда маълум қилди. Майоровга кўра, ўз мижози танасида қийноқ белгилари кўрмаган, Абдуллаевни ўзи ҳам жисмоний ва руҳий босимлардан шикоят қилмаган.

Тошкентдаги "SIMAY KOM" адвокатлик ширкати раҳбари Сергей Майоров МХХнинг собиқ Гвардейская кўчасидаги тергов изоляторида журналист Бобомурод Абдуллаев билан терговчи иштирокида бир соатча суҳбатлашганини Озодликка маълум қилди.

Майоров сўзларига кўра, суҳбат чоғида Абдуллаев "Усмон Ҳақназар" тахаллуси остида Ўзбекистондаги аввалги режимга қарши мақолалар ёзганини тасдиқлаган ва ўзини "қисман айбдор" деб ҳисоблашини айтган.

- У айбини қисман тан олишини менга тушунтирди. Бобомурод ўзининг мақоласи ёки мақолаларида эски режимни фақат куч билан ағдариш мумкинлиги ҳақида ёзгани ва ўзи ҳам олдинги режим ағдарилиши тарафдори бўлганини очиқ эътироф этди. Лекин, менинг фикримча, Абдуллаевнинг айбини қисман тан олиши унга қўйилаётган 159-модда, 4-банд бўйича жиноят содир этганини англатмайди. У ўз хатти-ҳаракатини нотўғри талқин этаётган бўлиши мумкин. Менинг ишонишимча, у ўзига қўйилаётган айб бўйича жиноят содир этмаган. Бундан ташқари, Бобомурод Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбарига нисбатан қараши ижобий экани ва бу ҳақда ўз мақолаларида ёзганини ва ҳозир ҳам шундай фикрда эканини айтди, - дейди Майоров.

Сергей Майоров ўз мижози Бобомурод Абдуллаевда жисмоний ёки руҳий қийноқ белгиларини пайқамаганини илова қилди.

- Кўриниши яхши, сочлари қирилган, соқоли олинган, усти тоза. Овқат ва шароитлардан шикоят қилмади. У мен билан суҳбатда оиласи ҳақида кўп сўради. Мени ўзим унда қийноқ ёки рухий босим белгиларини кўрмадим, - дейди Майоров.

Адвокат Сергей Майоров ўз мижозига 35дан ортиқ халқаро ташкилот унинг ҳимояси учун курашаётгани ва ҳукуматни уни зудлик билан озод қилишга чақираётганини маълум қилган.

- Руҳий дастак жиҳатдан бу учрашув фойдали бўлди, деб ҳисоблайман. Чунки, Бобомурод 35дан ортиқ халқаро ташкилоти унинг ҳимоясига оёққа турганини мендан эшитди. Бундан ташқари оиласини аҳволи ҳақида ҳам мендан маълумот олди, - дейди Майоров.

Бобомурод Абдуллаев ҳибсга олинганидан икки ярим ой ўтиб иккинчи бор адвокати билан учраштирилди.

Бундан аввал адвокат Тўлқин Орифжонов 14 ноябрь куни Абдуллаев ёнига кириб чиққан эди ва ўшанда ҳам журналист шикояти йўқлигини айтганди.

44 ёшли журналист Бобомурод Абдуллаев бир қатор мустақил нашрлар¸ хусусан "Фарғона” ахборот агентлиги билан ҳамкорлик қилган¸ шунингдек спорт шарҳловчиси сифатида ҳам танилган.

27 сентябрь куни таъмирга берган машинасини устхонадан олиш учун уйидан чиқиб кетганича бедарак йўқолган Абдуллаевнинг орадан бир кун ўтиб Тошкентдаги Миллий хавфсизлик хизмати изоляторида экани маълум бўлди.

1 октябрь куни Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди журналистга нисбатан Жиноят Кодексининг 159-банд 4-қисми билан айблов эълон қилди.

Журналист расман 2011 йилдан "Усмон Ҳақназаров" имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонланмоқда.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Чегара билмас мухбирлар, Халқаро Пен клуб, Amnesty International ва Human Rights Watch ташкилотлари журналист Бобомурод Абдуллаевни озод қилиш талаби билан чиққан.

XS
SM
MD
LG