Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:08

Андижон ҳокимининг машинаси аварияга учради, икки киши жароҳатланди


Андижонда шаҳар ҳокимининг Chevrolet Captiva хизмат машинаси иштирокида 8 октябрь куни рўй берган йирик йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида камида икки киши жароҳатланди.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, шаҳар ҳокими Дилшод Раҳматуллаевники, деб айтилаётган давлат рақами “60204AAA” бўлган қора рангли Chevrolet Captiva автомобили Андижоннинг "Кўк гумбаз" масжиди ёнидаги йўлда қарама-қарши томондан келаётан Chevrolet Cobalt машинаси билан тўқнашган.

Авария оқибатда Cobalt машинаси ичида бўлган икки аёл оғир жароҳатланди ва улар Андижон Шошилинч тиббий ёрдам марказига ётқизилди.

Уларнинг аҳволи ҳақида махлумот йўқ. Cobalt машинасининг эгаси Озодликка гапиришни истамади.

Гувоҳларга кўра, йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган пайтда Chevrolet Captivaда Андижон шаҳар ҳокими Дилшод Раҳматуллаев бўлган, машинани унинг ҳайдовчиси бошқарган.

Ҳоким ва унинг ҳайдовчисига шикаст етмаган.

Андижон шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳозирда мазкур автоҳалокат юзасидан суриштирув олиб бормоқда.

Айрим иддаоларга кўра, Андижон ҳокимининг Chevrolet Captiva машинаси қизил чироқда ўтгани йўл-транспорти ҳодисаси рўй беришига сабаб бўлган.

Ҳокимнинг машинаси қизил чироқда ўтганми?

Андижонлик такси ҳайдовчиси Озодлик билан суҳбатда ҳокимнинг машинаси қизил чироқда ўтганидан кейин аварияга учраганини ўз кўзи билан кўрганини айтди.

- Ўзим кўрдим, қора Captiva қизил чироқдан ўтиб, у тарафдан келаётган Cobalt машинасини уриб юборди. Шу атрофда келаётган Spark машинасига ҳам урилиб, уни ҳам пачақ қилди. Cobaltнинг ичида аёллар бор экан, уларни Тез ёрдам олиб кетди. Кейин билсак, Captiva ҳокимнинг машинаси экан. Милиция келиб бир зумда ишни "юмалоқ-ёстиқ" қилди. Ҳоким нариги машинани тузатттириб бераман, деб рози қилган кўринади, ҳамма бирпасда тарқалди, - деди исми сир қолишини истаган андижонликлардан бири.

Ҳокимнинг машинаси устахонада, ўзи Nexia миниб юрибди

Андижон шаҳар ҳокимлиги гаражида ишловчи ходимнинг Озодликка айтишича, 8 октябрь кунги ҳалокатдан сўнг машина гаражга олиб келинмаган.

- Авария бўлибди, деб эшитдик, лекин нима бўлганини бизга айтишмади. Ўзлари устахонага олиб боришган. Аслида, у машина ҳокимият балансидаги машина. 2017 йилда олинган янги чиққан Chevrolet Captiva эди. Аварияда қанақа шикастланган ва қайси устхонага олиб кетишган, биз билмаймиз. Ҳозир ҳоким Nexia Ravon машинасида юрибдилар, - деди Андижон шаҳар ҳокимияти гаражи ходими.

Андижон ҳокимининг машинаси аварияга учрашига нима сабаб бўлган? Ҳақиқатан ҳам шаҳар ҳокими машинасини бошқарган ҳайдовчи қизил чироқда ўтганми?

Шу саволлар билан Озодлик Андижон шаҳар ИИБси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимига боғланди.

Лекин, телефон гўшагини кўтарган мулозим бу ҳақда маълумот беролмаслигини айтди.

Андижон ҳокими Дилшод Раҳматуллаевнинг ўзи билан эса боғланишнинг иложи бўлмади.

Ўзбекистонда милиция, хавфсизлик хизматлари оддий ходимларидан тортиб амалдорлари ҳамда ҳокимлар ва уларнинг ҳайовчилари томонидан йўл-транспорт ҳодисаси илк бор кузатилаётгани йўқ, аммо кўп холларда улар жазодан қутилиб қолганликлари ҳақида Озодлик хабар қилган.

XS
SM
MD
LG