Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:24

Қирғизистонлик фаоллар чегара олдидаги ернинг бир қисми Ўзбекистонга "ўтиб кетаётганидан" норози бўлмоқда


Қирғиз-Ўзбек чегарасидаги ёзув.
Қирғиз-Ўзбек чегарасидаги ёзув.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоят, Ақси туманилик маҳаллий фаолларининг иддаосича, чегаранинг мазкур ҳудуддан ўтувчи қисмини аниқлаш чоғида Қирғизистон Ўзбекистонга белгиланганидан кўра кўпроқ ер бермоқда. Фаоллар бу борада мамлакат президенти ва парламентига ўз далилларини келтирган ҳолда мурожаат йўллаган.

Бу ҳақда хабар қилган Озодлик радиоси қирғиз хизматига кўра, муаммо Ўзбекистон билан чегарадош Ақси туманининг Дейрес-Ўрикзор участкаси таркибига кирган 130 гектар ер билан боғлиқлиги айтилмоқда. Қишлоқликларнинг сўзларига кўра, чегараларни аниқлаш бўйича сўзлашувлар натижаларига кўра 89 гектар Қирғизистонга, қолган 54 гектари Ўзбекистонга ўтадиган бўлган.

Кўнгилли чегарачи ва ҳуқуқ фаоли Бақит Узенбаевнинг фикрича, чегаралар масаласи бундай йўл билан ечилмаслиги керак:

«Бу борада ишлаган комиссия, халқ ва давлат манфаатлари ҳақида ўйламади. Улар ерни худди торт каби бўлишмоқда. Шунинг учун эски хариталарга мурожаат қилиш ва яна чегараларни келишиб олиш борасидаги ишларни ўтказиш керак. Биз фойдаланиб келган 54 гектар ер бошқа мамлакатга қандай ўтиб кетиши мумкин?»

Ўзбекистоннинг Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти билан 725 чақиримга чўзилган чегарасининг 80 километри бўйича келишувга ҳали эришилмаган.

Қирғизистон ҳукуматининг Жалолобод вилоятидаги вакилининг биринчи ўринбосари Мамасали Акматов олдинроқ икки томонлама музокаралар якунига кўра, 476 гектар Қирғизистонга, 241 гектар Ўзбекистонга ўтганини айтган эди. Баҳсли ҳудудлар - Ункур-Тоо ва Чала-Сарт бўйича томонлар ҳозирча келишувга эришмаган. Мамасали Акматовнинг айтишича, Дейрес қишлоғида юзага келган масала бўйича ташвишланишга асос йўқ.

Бугунги кунда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги 1378 километрли чегаранинг 1170 километри бўйича келишувга эришилган. 2018 йилда баҳсли участкаларни аниқлаш бўйича ишларнинг барчаси аниқлаштириб бўлингани, бироқ делимитация ва демаркация жараёнлари ҳануз давом этаётганлиги маълум қилинганди. Ҳар икки республиканинг ишчи гуруҳлари бу масалада мунтазам равишда учрашув ва музокаралар ўтказишади.

XS
SM
MD
LG