Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:01

Буғдой режасини бажаролмаган фермерлар мол-мулкига “Ойболта” солинди


Андижон вилояти ҳокимининг Балиқчи туманида ўтказган мажлиси буғдой режасини бажармаган фермерлар учун аянчли якун топди. Ҳоким Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев уюштирган “Ойболта” тадбирини қўллаб, режани бажармаган фермерларни мажлисда сазойи қилди. Қарздор фермернинг тракторлари, уйларидаги гиламу маиший техникалари ўша куннинг ўзидаёқ мусодара қилинди. “Ойболта” тадбирида пахта ёки буғдой режасини бажармаган ёки давлатдан қарздор бўлиб қолган фермерларнинг мол-мулки Суд ижро департаменти, Адлия вазирлиги, ИИБ ва банк ходимлари томонидан рўйхатга олиниши ва қарздор фермернинг автоуловлари, чорваси, уй буюмлари мусодара қилиниши назарда тутилган.

Халқ депутатлари Балиқчи туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси “Усмон ота” фермер хўжалигининг дала шийпонида 4 август куни ўтказилди.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг шахсан ўзи ўтказган бу йиғилишда, асосий эътибор буғдой режасини бажармаган фермерларни “Ойболта”га тортишга қаратилди.

Йиғилишда қатнашган балиқчилик фермерлардан бирининг Озодликка айтишича, вилоят ҳокими фермерларни ҳақорат қилиб, уларнинг мол-мулкини тортиб олиш ҳақида кўрсатма берган:

“Ҳоким буғдой режасини бажаролмаган фермерларнинг мол-мулки шу бугундан бошлаб “Ойболта”га солинишини айтди. Унинг бу амрини ижро этиш шу куннинг ўзида, сессия тугаганидан сўнг амалга оширила бошлади. Туманнинг Сиза қишлоғидан бўлган, “Ихтиёрхон ерлари” фермер хўжалиги раҳбари Нодирбек Ҳакимовнинг уйидан трактор, йигирматача гилам ва палос зўрлик билан олиб кетилди. Тортиб олинган буюмлар ва трактор Чинобод пахта тозалаш заводи ҳудудига олиб кетилди”, деди фермер.

Унинг айтишича, “Ойболта” тадбирини ўтказишга вилоят прокуратураси, суд, департамент, ички ишлар ва солиқ ходимлари жалб қилинган:

“Ҳозир режани бажаролмаган бошқа фермерларни ҳам қийратиш бошланди. Кимнинг техникаси бор, кимнинг гилами бор, кимнинг телевизори бор, милиция ходимлари назоратида уйидан мажбуран олиб чиқиб кетишяпти. Бу тадбир фермерларни маҳалла ва қишлоқ аҳолиси олдида сазойи қилиш учун ўтказиляпти. Ҳеч қачон фермерлар бунчалик шарманда қилинмаган”, деди фермер.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир балиқчилик фермер режанинг бажарилмай қолишининг объектив сабаблари ҳокимият томонидан инобатга олинмаётганидан шикоят қилди:

“Ғалла учун бу йил оғир келди. Ёғингарчилик кўп бўлди. Шунинг учун аксарият фермерларнинг буғдойига занг касали тушди. Режани бажаришнинг умуман имкони бўлмай қолди. Бошқа давлатларда бундай ҳолатларда давлатнинг ўзи фермерларга ёрдам қилади, субсидиялар беради. Бизда эса тамоман тескариси, ернинг тагидан бўлса ҳам топиб бажар дейди. Аксарият фермерлар бу йил мол-ҳолини сотиб, бозордан буғдой олиб, планини зўрға бажарди. Бажаролмаганларни эса ҳукуматнинг ўзи талаяпти”, деди фермер.

Андижон вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими режани бажармаган фермерларга нисбатан “Ойболта” тадбири қўлланилганини тасдиқлади:

“Режасини бажармаган фермерларни вилоят ҳокими “Ойболта” режимига солди. Вилоят ҳокими, прокурори, ҳаммаси келиб ўтказишди. Қарздор фермерларнинг уч йиллик кўрсаткичи олиб кўрилиб, кейин “Ойболта”га солинди”, деди мулозим.

“Ойболта” тадбири ўтган йилда Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил қилинган.

“Ойболта” тадбирида пахта ёки буғдой режасини бажармаган ёки давлатдан қарздор бўлиб қолган фермерларнинг мол-мулки Суд ижро департаменти, Адлия вазирлиги, ИИБ ва банк ходимлари томонидан рўйхатга олиниши ва қарздор фермернинг автоуловлари, чорваси, уй буюмлари мусодара қилиниши назарда тутилган.

Шавкат Мирзиёев ўтган йили 12 октябрь куни ўтказган селектор йиғилишида ўзи туздирган “Ойболта” гуруҳи суст ишлаётганини танқид қилиб, маҳаллий ҳокимият ва куч ишлатар тизимларини фаолликка чақирган эди.

Шундан сўнг Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида пахта ва буғдой режасини бажармаган фермерларнинг мол-мулкини тортиб олиш авж олган эди.

XS
SM
MD
LG