Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:38

Қашқадарë ИИБ: Ғузорда ўқувчи калтаклангани қайдга олинди


Синфдоши томонидан калтакланган Асрор Тошмуродов
Синфдоши томонидан калтакланган Асрор Тошмуродов

Қашқадарë вилоят, Ғузор туманидаги 1-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Асрорбек Тошмуродов дарс пайтида бошқа ўқувчи тарафидан калтакланиб касалхонага ëтқизилгани ҳақидаги Озодлик мақоласига Қашқадарë ИИБ дан муносабат келди.

Унда айтилишича, Қашқадарё ИИБ Асрорбек Тошмуродов билан боғлиқ воқеани расмий қайддан ўтказган. Озодлик 14 май куни Асрорбекнинг онасининг айтганларига таяниб, унинг ўғли билан боғлиқ воқеага ИИБ ходимлари бефарқ қолаётгани тўғрисида хабар қилган эди.

Қашқадарë ИИБ расмий мактубида Озодликда ёритилган мақола бевосита Қашқадарё вилоят ИИБ томонидан ўрганилгани, унда баъзи ноаниқликлар мавжудлиги аниқлангани билдирилган.

Мақолада калтакланган ўқувчининг онасининг сўзлари келтирилиб, мактаб директори онани воқеа юзасидан ëзган шикоят аризасини қайтиб олишга мажбур қилгани айтилади.

ИИБ мактубида бу ҳолатга аниқлик киритилади:

“Мақолада ҳақиқатдан ҳам бўлган бу воқеа аниқ баён этилмаганлиги аниқланди. 2019 йил 1 май куни Ғузор туман марказий шифохонаси томонидан Ғузор туман ИИБнинг Навбатчилик қисмига берилган хабарга кўра, Ғузор туман 1-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси вояга етмаган Тошмуродов Асрорбек тан жароҳати олиб касалхонага тушганлиги ҳақида хабар берилган.

Мазкур хабар олиниши билан шу куннинг ўзида касалхонага Ғузор туман ИИБнинг масъул ходимларидан иборат гуруҳ текшириш учун юборилиб, берилган хабар тасдиқланган ва бу ҳолат белгиланган тартибда “Жиноят ва ҳодисаларни қайд этиш китобига” рўйхатга олинган.

Шу билан бирга шу куни А.Тошмуродовнинг онаси Тўрақулова Лобар ҳам туман прокуратурасининг “Ишонч телефони”га мурожаат қилиб, ҳолат юзасидан қонуний чора кўрилишини сўраган ва бу қўнғироқ ҳам прокуратурада рўйхатга олинган.

Содир бўлган ҳодиса тафсилотларини ўрганиш мақсадида ҳодиса жойи Ғузор туман ИИБ ҳодимлари томонидан кўздан кечирилган.

Ўтказилган терговга қадар текширув босқичида Л.Тўрақулова ўғли вояга етмаган А.Тошмуродовни тиббий экспертизадан ўтказмаслигини маълум қилган ва бу ҳолат тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.

Иш тафсилоти бўйича ҳодиса шоҳидлари, мактаб маъмурияти ва бошқа бир қатор шахслардан тушунтириш хатлар олинган.

Иш бўйича терговга қадар текширув ўтказилишини холислиги ва тўлиқлигини таъминлаш мақсадида иш ҳужжатлари туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими ихтиёрига ўтказилган.

Терговга қадар текшириш босқичида Л.Тўрақулова билан ўтказилган тушунтиришлар натижасига кўра, унинг ўғли А.Тошмуродов тиббий экспертизадан ўтказилиши таъминланган”, дейилади мактубда.

Айни мактубда терговгача суриштирув бўлгани айтилган бўлса ҳам калтаклаш юзасидан иш терговга ошган ëки ошмаганига оид маълумот йўқ.

Мактабда калтакланган Асрор Тошмуродов
Мактабда калтакланган Асрор Тошмуродов

Нима бўлган эди?

Озодлик Ғузор туманидаги 1-мактабнинг айрим ўқувчи ва ўқитувчилари билан суҳбатлашиб¸ 1 май куни юз берган жанжал тафсилотларини аниқлади. Калтаклангани ортидан касалхонага тушган Асрорбекнинг Озодликка айтишича¸ у мактабдоши Сардор Мавлонов тарафидан асоссиз ва аëвсиз калтакланган:

- Дарсдан алдаб олиб чиқиб¸ мактаб теплицасининг ëнига олиб бориб юзимга бир мушт солганида¸ бурнимдан тирқираб қон кетиб йиқилдим. Ҳушимга келсам¸ Ғузордаги касалхонанинг реанимация бўлимида ëтибман¸ деган эди Озодлик билан 14 май куни гаплашган ўқувчи.

Уни калтаклаган Сардор Мавлонов яқинларидан бири Озодлик билан суҳбатда можаро Сардорнинг синглиси билан боғлиқлигини айтиб берди:

- Асрорбек зинадан чиқаëтган пайтда Сардорнинг синглисига тегажоғлиқ қилган. Синглиси йиғлаб¸ акасига айтган. Акаси качок бола. Тренировка қилиб¸ спорт билан шуғулланади. Шартта бориб Асрорни уриб ташлаган. У аччиқ устида қаттиқроқ уриб қўйганидан пушаймон¸ дейди Сардор яқинларидан бири.

Калтакланган бола эса ҳеч кимга тегажоғлик қилмаганини айтади.

Воқеага гувоҳ бўлган 10-синф ўқувчиларидан бири исми айтилмаслиги шарти билан Озодликка воқеанинг бошқача бўлганини айтади.

"Сардор синфга кириб¸ "Асрор қани"¸ деб сўради. Кейин Асрорнинг елкасига қўлини қўйиб¸ олиб чиқиб кетди. Асрор келавермагач¸ ортидан чиқдим. Борсам парникнинг олдида қонига беланиб ëтибди. Сардор уни шу ҳолида ҳам тепкилаëтган эди. Бориб ажратдик. "Тез ëрдам" келиб олиб кетди"¸ дейди суҳбатдош.

Озодликда нусхаси мавжуд бўлган рентген тасвирлари илова қилинган тиббий хулосада “Тошмуродов бош мия чаноғи¸ кўз ости суяги ва бурни синиб¸ жиддий жароҳат олганлиги” қайд қилинган.

Синфдоши томонидан калтакланган Асрор Тошмуродовнинг бош чаноғи шикастланганига оид рентген сурат
Синфдоши томонидан калтакланган Асрор Тошмуродовнинг бош чаноғи шикастланганига оид рентген сурат

"Мактаб номига доғ тушмасин¸ дея бости-бости қилишди"

Калтакланган Асрорнинг Озодликка айтишича, касалхонада ëтган илк кунидаëқ синф раҳбари келиб¸" онанг аризасини қайтиб олсин" деб босим қилган.

- Мен касалхонада ëтганимда ўқитувчиларим келиб тезроқ касалхонадан чиқ. Кўп ëтиб қолсанг жиноий иш очилиб¸ бизга ëмон бўлади¸ дейишди. Онангга айт¸ аризасини қайтиб олсин¸ деб тайинлашди¸ дейди калтакланган ўқувчи.

Ғузордаги мактаб
Ғузордаги мактаб

Калтакланган боланинг онаси Лобар Тўрақулова Озодлик билан суҳбатда мактаб директори қаттиқ босим қилгани боис аризасини қайтиб олишга мажбур бўлганлигини айтади:

- Қаттиқ босим қилди менга мактаб директори. Болам реанимацияда ëтган пайтида бу босимга чидай олмай аризамни қайтариб олдим. Мен мактаб директорининг бу ишни бости-бости қилганидан норозиман. Майли¸ болалар ўзаро уришади. Лекин нега мансабдан айриламан¸ деб ишни ëпиб юборди. Мен бу юзадан прокурорга ҳам¸ президент порталига ҳам шикоят қиламан¸ деган эди калтакланган боланинг онаси.

XS
SM
MD
LG