Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:52

Ўқишини кўчираётган талабалар: ЎшДУдаги вазиятга Андижон тиббиёт университети сабабчи! (ВИДЕО)


ЎшДУ бош биноси.
ЎшДУ бош биноси.

Ўзбекистон ҳукумати қўшни давлатларда ўқиётган ўзбекистонлик талабаларга ўқишни ватанга кўчириш учун ажратган муддат (15 мартгача) тугаш арафасида Ўш давлат универститетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ëппасига ўқув юрти раҳбарияти эшиклари олдида тўпланди.

Юзага келган вазиятда баъзи талабалар тенгдошлари оёқлари остида қолиб ҳам кетди ва шу сабабли, олийгоҳ 12 мартдан бошлаб тартиб ўрнатишга милиция ходимларини жалб қилди.

Ўзбекистонлик талабалар эса олийгоҳ ҳужжат берувчи ходимлар сонини кўпайтирмаганидан норози бўлмоқда.

Ўш давлат универститетида 3500 нафарга яқин ўзбекистонлик талаба ўқийди.

Аҳмаджон универститетнинг тиббиёт факультети талабаси. У ўқишини Андижон давлат тиббиёт универститетига кўчирмоқчи.

Аҳмаджон Озодлик мухбирига шу ҳафта бошидан бери аранг ҳисоб-китоб варақасини олгани, яна бир неча ҳужжат олиши кераклиги, бунинг учун тонгги соат 4 дан бери навбат кутаётганини айтади:

- Кеча обходнойни олдик, бугун тўлдиришни бошладик. Эрталаб соат 4 да келиб навбатга турувчилар рўйхатини тузганмиз, лекин навбат кўплиги учун рўйхатга амал қилинмади.

Ўш давлат университетида қабул қилинган тартибга кўра, ўқишни Ўзбекистонга кўчирмоқчи бўлган талаба олийгоҳ раҳбари номига ўқишдан четлатиш тўғрисида ариза ёзиши, бу аризани факультет декани “мен қарши эмасман” деб имзолаши, декандан ташқари яна уч тегишли ходим имзолаши керак бўлади.

Ариза имзоланганидан кейин, талабани университет талабалари сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ чиқарилади. Шундан сўнг ҳисоб-китоб варақаси олинади. Унда контракт, кутубхона, ётоқхонадан қарзи бор-йўқлиги кўрсатилиши керак. Мазкур ҳужжат билан талаба олийгоҳ методистига боради. У ердан академик маълумотнома олинади. Бу ҳужжатда талаба олийгоҳда неча йил ўқигани, қайси фанлардан қандай баҳолар олгани кўрсатилади. Барча ҳужжатлар йиғилгач, талаба Ўзбекистонга боради.

Озодлик билан микрофонсиз гаплашган талабаларга кўра, Ўш давлат унивеситетида пайдо бўлган вазиятга Андижон тиббиёт универститети раҳбарияти сабабчи.

Ўқишни кўчиришга рухсат берилган дастлабки кунларда АТУ раҳбарияти ўқишини кўчирмоқчи бўлган талабаларга “Сизлар бориб ўқиб туринглар, ҳужжатни қачон олиб келиш кераклигини ўзимиз айтамиз”¸ деб аризаларни олиб қолган ва ўтган ҳафтанинг шанбасида ҳужжатларни олиб келиш мумкинлигини билдирган.

Шу сабабли ҳам Ўш давлат университетида таҳсил олаётган қарийб 3,5 минг талаба ўз ҳаракатларини бараварига душанба куни бошлаган.

ЎшДУнинг ўқув ишлари бўйича проректори Замирбек Бўжўновга кўра, талабаларнинг ҳужжатларини тезликда олиши учун керакли чоралар кўрилган. Масалан, олийгоҳ деканлари шу кунларда талабалар факультетма-факультет овора бўлиб юрмаслиги учун олийгоҳ бош корпусида ишламоқда.

- Биз ҳужжат ишлари учун иш вақтини ҳам узайтирдик. Аввал иш вақти соат 9 дан 17 гача бўлса, ҳозир кечки 7 гача ишлаяпмиз. Имкон борича имзо қўйиб бераяпмиз. Ишга эрта келяпмиз. Қолаверса, бош бинода бошқа талабалар ҳам ўқийди. Ўқиш жараёни кетяпти. Талабалар тиқилиб, бақир-чақир бўлиб кетганидан кейин, бошқа талабалар ва ўқитувчилар ҳам ўқиш жараёнига халал бераяпти деб шикоят қилишди. Шундан кейин милиция ходимларини чақириб¸ ўзбекистонлик талабаларни навбат кутиш учун эшикка чиқариб, навбат билан кирадиган қилиб қўйдик.

Проректорга кўра, университет бош корпусида хужжат берилувчи хоналардаги ходимлар сони кўпайтирилган.

Ўзбекистонлик талабалар билан ишлаётган ходимлардан бирининг айтишича, агарда талаба барча ҳужжатларни тўла олиб келса, бир талаба учун 1 минутдан 5 минутгача вақт кетади. Лекин талабалар, одатда, керакли ҳужжатларнинг барчаси билан келмагани сабабли қайта-қайта қатнашга мажбур бўлмоқда ва шунинг учун ҳар бир талабага хизмат кўрсатишга ўртача 15 – 20 дақиқа вақт сарфланмоқда.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 6 февраль кунги буйруғи билан Қозоғистон¸ Қирғизистон ва Тожикистонда ўқиëтган ўн минглаб талабанинг ўз ўқишини имтҳонсиз маҳаллий ОТМга кўчиришига рухсат берилди.

Қўшни давлатлардан ўқишини кўчиришни истовчилар сонининг ниҳоятда кўплигидан¸ вазир аввалига бир ҳафта қилиб белгиланган кўчириш жараëнини 15 мартга қадар узайтирган эди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозирга қадар ўқув йили ўртасида бундай фавқулодда қарор қабул қилинишини тақозо қилган сабабларга изоҳ берган эмас.

XS
SM
MD
LG