Линклар

Шошилинч хабар
26 май 2024, Тошкент вақти: 04:54

"Ҳам тиланчилик, ҳам талончилик". "Опен бюджет" мажбурий меҳнатнинг янги кўринишига айланмоқда


"Опен бюджет" учун овоз йиғиш жараёни. Апрель, 2023
"Опен бюджет" учун овоз йиғиш жараёни. Апрель, 2023

Шу кунларда Ўзбекистонда “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари учун овоз йиғиш қизғин паллага кирган. “Очиқ бюджет” порталида давом этаётган овоз бериш жараёни 15 сентябрда якунланади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, “Ташаббусли бюджет”нинг жорий йил 2-мавсуми учун 1,02 триллион сўм маблағ ажратилган. Мамлакат бўйича 9426 та маҳалладаги инфратузилмани яхшилаш учун 50 мингга яқин таклиф келиб тушган бўлиб, ундан 33 мингдан зиёди овозга қўйилган.

Озодликка жойлардан йўлланаётган шикоятлар, ижтимоий тармоқлардаги постларга қараганда, бу мавсумда ҳам “Очиқ бюджет” учун овоз беришда мажбурлов ва ғирромликлар кузатилмоқда.

“Опен бюджет”дан ютган пулимизни берсин”. Дарбанд қишлоғи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:02 0:00

Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги 16-мактабдан таҳририятга мурожаат йўллаган педагоглар мактаб директори фан ўқитувчиларига 50 тадан, синф раҳбарларига 100 тадан овоз йиғиш мажбурияти юклаганини айтади.

“Пахтадан қутулган ўқитувчилар “Очиқ бюджет” учун овоз йиғишга тутилдими? Ўз ишларимиз қолиб, ўқувчиларга дарс бериш ўрнига овоз йиғамизми?” дейди педагоглар.

Бошқа вилоятларда ҳам ўқитувчилар таҳдид ва тазйиқ остида уйма-уй юриб овоз йиғаётгани айтилмоқда.

Жамиятнинг ҳимоясиз қатлами бўлиб қолаётган тиббиёт соҳаси вакиллари ҳам “кўпга келган тўй”дан четда эмас.

“Опен бюджет”га овоз бериб кетасизми, дейди ҳали поликлиникага кирар-кирмасимдан. Бир рақамга – бир овозда, деб хижолат бўлиб ўтиб кетдим. Ҳар бир касални аввал овоз бердириб, кейин қабул қиляпти шифокор. Ҳамширалар дод деб ётибди. “Норма” қўйиб қўйган, қаердан шунча овоз тўплаймиз деб. Лекин нормадаги овоз тўпланса, ўзлари ишлаётган жой таъмирланишига, шароитлари янада яхши бўлишига умид қиляпти”, деб ёзди таниқли блогер Дима Қаюм ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

“Регистонда ўтирсам, ёнимга икки аёл келди. Врачлар экан. “Илтимос, хола, “Опен бюджет”га овоз тўплаяпмиз. Касалхонага медтехника олмоқчимиз. Шунга овоз беринг”, дейишди. Нима ҳам дердим, овоз бердим. “Опен бюджет” дегани мабодо тиланчилик эмасми?” дея ҳайратини яширмади тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

Овоз йиғиш учун бир литр пахта ёғидан тортиб 15 минг сўм пулгача – синовдан ўтган турли рағбат усуллари қўлланяпти.

“Маҳалламизда 3000 га етмайдиган аҳоли бор. “Опен бюджет” бўйича ёшу қари оёққа турган. Кимдир Тошкентга кимдир, яна қайсидир жойга отланган, айниқса, ёшлар кеча-кундуз югур-югурда. 40 миллион сўмга яқин харажат қилиняпти. “Пепси”, сув, совун, сода, пахта ёғи – ким овоз берса, хоҳлаганини олади”, дейди Собир Шоҳимардонов исмли фойдаланувчи.

Журналист Норқобил Жалилов кўча-кўйда овоз йиғиб юрганларни “тиланчи талончилар” деб атаган.

“Кунимиз кимларга қолди-я! Нафас олишгаям қўймаяпти одамни! Бир машина кунгабоқар ёғи, “Кола” ва яна нимадир... Бир баклажка ёғ – битта овозмиш! Манавилар ҳув тупканинг тагидан пойтахтга овоз йиққани келибди! Ташкилотчилар, ўлганларинг яхшимасми шундай сохта овоз тўплагандан кўра? Кўча-кўйда, ҳатто ҳожатхонадаям бошингизга кеволиб “Опен бюджет”га овоз беринг!” деб турганларни жазолаш керак!” дейди Н.Жалилов.

“Опен бюджет”ни барибир қабул қилолмадим. Бу пулини тўлаган сомсамни олишим учун мени ялинтиришдан бошқа нарса эмас. Ишимни четга суриб, овоз йиғиш учун ҳаракат қилиб югуришим, керак бўлса, яна сарф-харажат қилишим – ақлга сиғмас ҳолат”, дейди тадбиркор Жалолиддин Саъдинов.
“Опен бюджет” қилиб халқни қийнамай қуриб ёки таъмирласа нима бўларкан?! Қозоғистонга масжид куриб берибмиз, Озарбайжонларга мактаб! Ўзбекистон шунчалик бойиб кетдими нима бало! Ўзимизга келганда, гадойдек, садақа сўраётгандек овоз йиғишимиз керак”, дея жиғибийрон бўлади Дилшод Абдуқодиров.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, вилоятларда аллақачон овоз тўплаб бериш хизматини кўрсатувчи ўртакашлар пайдо бўлган.

Бу машмашалар сатира ва юморга ҳам мавзу бўлмоқда.

Ҳажвий гуруҳлардан бири ҳатто ҳожатхонага кираётганлардан ҳам овоз ундиришга уринаётган уддабурон образи орқали вазиятни бор бўйича кўрсатишга уринди.

Карикатура устаси Ҳабибулла Мўйдинов бу мавзуда бир неча ҳажвий сурат ишлади.

Ҳудудларда фуқароларнинг бюджет шакллантиришда фаоллигини оширишга қаратилган “Ташаббусли бюджет” амалиёти 2021 йилдан жорий этилган. Йўл қурилишидан мактаб, шифохона таъмирига қадар – турли лойиҳалар “энг кўп овоз” тамойили асосида танловда ютиб чиқади.

Лойиҳа мухолифлари овоз беришда сохтакорлик ва ғирромлик авж олганини танқид қилаётган бўлса, яна бир гуруҳ фаоллар бу амалиёт Ўзбекистонда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришда муҳим босқич эканига ишонади.

“Қанчалик танқид қилинмасин, мен “Опен бюджет”ни катта ютуқ деб биламан. “Опен бюджет” – қайсидир маҳалладаги муаммо ечилганидан кўра каттароқ нарса. Бу Ўзбекистонда фаол фуқаролик жамияти, сиёсий онг, сайловлар маданияти шаклланиши учун муҳим. Бугун фуқаро ҳеч бўлмаса маҳаллий муаммосини ўз овози билан ҳал қила билишига, унинг овози муҳимлигига ишонса, эртага у умумий сайлов тизимига ҳам ишона бошлайди. Ўз овози билан ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши мумкинлигига ишончи ортади”, дейди ношир ва блогер Фируз Аллаев.

“Одамлар 1-2 млрд сўм пул учун қурувчилардан, иш битгач, қолганлардан ён-атрофни кўз қорачиғидек асрашни талаб қилаётган бўлса, ҳар йили ўттиз миллиард АҚШ доллари миқдоридаги давлат бюджетини тасдиқлаб берувчи шол парламентимиз шундай талабчан бўлса, нималар бўлишини тасаввур қилиб кўринг энди!” деб ёзади журналист Шуҳрат Шокиржонов.

Иқтисодчи Ботир Қобилов фикрича, “Опен бюджет” доирасида аҳоли қонунчилик идораси қилиши керак бўлган ишни қиляпти.

“Ўзбекистонликлар ўз солиқлари тақсимланиши, маҳаллий сайловлар ва фуқаролик жамияти қуришга қизиқиш билдирмайди, биз бошқачамиз, биз унга-бунга тайёр эмасмиз” мазмунидаги шаблон гапларни баъзида эшитамиз. Шу гаплар тўғри эмаслигига далилни айнан “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси кўрсатиб бермоқда десам ҳам бўлади. Бироз бўлса ҳам фуқаролик жамияти пайдо бўлаётгани, фуқаролар ўз солиқлари тақсимотида фаоллашиб бораётганлари фақат ва фақат яхши эмасми?!” дейди Б.Қобилов.

Шу билан бирга, фаоллар “Очиқ бюджет”ни амалга татбиқ этиш механизми ислоҳ қилиниши керак деган фикрда. Жумладан, ижтимоий соҳа вакилларини овоз йиғишга мажбурловдан халос этиш ҳамда “бир киши – бир овоз” принципини таъминлаш учун ID.UZ орқали овоз беришни йўлга қўйиш, IMEI ёки ЖШИР (жисмоний шахснинг идентификация рақами) орқали идентификация қилиш таклиф этилмоқда.

Боғча, мактаб, шифохона ва ҚВПларни “Очиқ бюджет”га қўйиш амалиётидан воз кечиш, ижтимоий аҳамиятга эга объектларни муҳофаза этиш ва ривожлантиришни давлат ўз зиммасига олиши керак, деб ҳисоблайди фаоллар.

Форум

XS
SM
MD
LG