Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:56

Олий суд ҳуқуқ фаоли устидан чиқарилган ажримларни ноқонуний деб топди


50 яшар ҳуқуқ фаоли Чўян Маматқулов
50 яшар ҳуқуқ фаоли Чўян Маматқулов

Олий суд қашқадарёлик 50 яшар ҳуқуқ фаоли Чўян Маматқулов иши бўйича қуйи инстанция чиқарган ҳукмни ноқонуний, деб топди.

Олий суд раёсатининг 20 декабрь кунги мажлисида Маматқулов киритган шикоят қайта кўриш учун Қашқадарё вилоят судининг апелляция ҳайъатига кўриш учун юборилди.

- Менга оид суд ҳукмларининг бекор қилиниши кутилмаган ҳол бўлди. Аммо, адолатнинг қачондир тикланишига умид қилардим. Эндиликда ўзимни тўлиқ оқлашим учун имконият туғилди,- дейди Чўян Маматқулов Озодлик билан суҳбатда.

Қуйида ҳуқуқ фаоли билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:54 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раёсати қарорида айтилишича, жиноят ишида Чўян Маматқуловга нисбатан қўйилган конституциявий тузумга тажовуз қилиш, одам ўғирлаш, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва психотроп моддалар сақлаш эпизодлари исботланмаган.

Гувоҳлар кўрсатмалари, далилий ашёлар мавжуд эмас. Шунингдек, дастлабки тергов ва суд қатор процессуал хатоликларга йўл қўйган.

Ҳуқуқ фаоли Ўзбекистон Олий суди раиси Козим Комилов томонидан имзоланган Раёсат қарори нусхасини Озодликка тақдим қилди.

Ҳукмда: "Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанциясининг 2013 йил 3 апрелдаги ажримининг Маматқулов Чўян Охмановчига оид қисми ҳамда унга оид Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 7 мартдаги ажрими бекор қилинсин. Жиноят ишининг Ч.Маматқуловга оид қисми янгидан апелляция инстанция судида кўриб чиқиш учун юборилсин. Протест қаноатлантирилсин", дейилади.

Эндиликда бу ҳукм асосида Қашқадарё вилояти Жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси судида Маматқуловнинг аризаси асосида қайта кўриб чиқилиши лозим.

- Оқланишга умид қилаяпман, - дейди фаол Озодлик билан суҳбатда.

Косон туманида истиқомат қилган Маматқулов 2012 йилнинг 29 августида ҳибсга олинган эди.

2013 йилнинг 8 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди уни “конституцион тузумга тажовуз”, “одам ўғирлаш”, “товламачилик”, “ҳужжатларни қалбакилаштириш”, “ёлғон гувоҳлик бериш” каби моддалар билан айблаб, 10 йилга озодликдан маҳрум этганди.

Маматқулов жазо муддатининг 5 йилини ўтаган кезда - 2018 йилнинг 7 мартида Олий суд Раёсати, ўша кезда Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари бўлган Ғайрат Ҳидоятов протести асосида ҳуқуқ фаоли ишини қайта кўриб чиққан ва унинг жазо муддатини қисқартириб, қамоқдан озод қилишга ҳукм қилганди.

Ўша кезда Жаслиқ қамоқхонасида бўлган фаол шу тариқа 5 йилу 7 ойлик қамоқдан сўнг озодликка чиққан.

Озодликка чиқиши билан ҳуқуқ фаоли ўзига нисбатан қўйилган айбловлардан оқланиш учун шикоят қилишини билдирган эди.

Ўзбекистон Қуролли кучларининг зобити бўлган Чўян Маматқулов 2004 йили ҳарбий ишидан ғайриқонуний бўшатилганидан ва адолатни қарор топтира олмаганидан сўнг Қуролли кучларнинг бош қўмондони, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов устидан ҳам Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани судига ариза берган эди.

Суд унинг даъво аризасини қабул қилган, лекин бу ишни кўриб чиқмаган.

Чўян Маматқулов 2004 йилдан бошлаб Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилоят бўлими аъзоси сифатида фаолият юритиб келади.

XS
SM
MD
LG