Линклар

Шошилинч хабар
14 май 2024, Тошкент вақти: 18:48

Блогер Олимжон Ҳайдаров устидан суд: Жабрланувчилар - ҳоким, ИИБ ва бозорқўм


Олимжон Ҳайдаров шу йил 29 июлида қора ниқоб кийган махсус ходимлар томонидан ҳибсга олинганди.
Олимжон Ҳайдаров шу йил 29 июлида қора ниқоб кийган махсус ходимлар томонидан ҳибсга олинганди.

Фарғона вилояти Фарғона тумани судида блогер ва жамоат фаоли Олимжон Ҳайдаров устидан бошланган маҳкамада жарбланувчиларнинг кўрсатмалари тингланмоқда.

31 октябрь куни бошланган дастлабки суд мажлисида прокурор блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан айблов хулосасини ўқиб эшиттирган.

Ҳайдаров Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139-моддаси 2-қисми (Оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш), 139-моддаси 3-қисми “а” банди (Оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш)да айбланмоқда.

Шунингдек, блогер ЖКнинг 140-моддаси 3-қисми “а” банди (Жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш) ва 165-моддаси 2-қисми “а” “б” бандлари (Такроран ёки хавфли рецедивист томонидан, кўп миқдорда товламачилик қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этишда ҳам айбланади.

"Ўзимни сиёсий маҳбус деб ҳисоблайман". Олимжон Ҳайдаров устидан тергов тугаб, иш судга оширилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:33 0:00

Очиқ деб эълон қилинган суднинг дастлабки мажлисида ҳакам Олимжон Ҳайдаровнинг адвокати Дилшод Жабборов томонидан суд мажлисларини аудио ва видео техникалари ёрдамида ёзиб олиш бўйича илтимосномасини рад қилган. Тарафлар фикрига кўра, маҳкамада оммавий ахборот воситаларида исми очиқланишини истамаётган шахслар мавжуд.

Маҳкама жараёнини кузатаётган Озодлик манбасига кўра, дастлабки суд мажлисидаёқ суд тергови бошланди ва маҳкамада жабрланувчи — Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов сўроқ қилинган. Усмоновга кўра, Олимжон Ҳайдаров ўзининг ижтимоий тармоқдаги каналида унга нисбатан "Қўқондаги ақлли бекатларни ҳокимлик икки минг доллардан сотган" дея туҳмат қилган.

Судланувчи Олимжон Ҳайдаров эса мақола матнида “эшитишимча...” қўшимчаси мавжудлиги, бу унинг фикри эмаслиги эканлигини таъкидлади, бироқ ўз манбаларини очиқламаган.

Судда кўрсатма берган Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ИИББ ходими блогер Олимжон Ҳайдаров ижтимоий тармоқдаги каналида ўзини “ҳаромивачча” деб ҳақорат қилганлигини иддао қилган. Мазкур айбловни рад қилган Олимжон Ҳайдаровга кўра, ИИБ ходими Ўзбекистон туманидаги мактабда бўлиб ўтган воқеаларда ўзининг телефони синдирилганлиги ҳамда ИИБда тутиб турганлиги, шу воқеани каналига жойлаганини айтган.

Ишда жабрланувчи сифатида кўрсатма берган Фарғона вилоятидаги бозорлардан бирининг таъсисчиси С. И. блогер Олимжон Ҳайдаров у ва бошқа таъсисчиларни “ҳаромдан қўрқмайдиганлар” деб атаганини айтган.

Қўқон шаҳридаги бозор мутасаддиси Р.С. блогерга турли даврларда бозор фаолияти борасидаги видео материалларни тарқатмаслик эвазига 7 минг АҚШ доллари берганини иддао қилган.

Адвокатлар дастлабки суд терговида жабрланувчиларнинг кўрсатмаларини аниқлаштирувчи саволлар беришган. Суд кейинги тингловларни 7 ноябрга қолдирган.

Блогер Олимжон Ҳайдаровнинг адвокати Дилшод Жабборовга кўра, унинг ҳимоясидаги шахс "мутлақо беайб" ва унга қўйилаётган айбловлар уйдирмадан бошқа нарса эмас. Адвокатнинг таъкидлашича, блогерга нисбатан илгари сурилган айбловлар унинг касбий фаолиятини чеклашга қаратилган.

Олимжон Ҳайдаровнинг ўзи бир муддат аввал ижтимсоий тармоқларда эълон қилинган баёнотида ўзини “сиёсий маҳбус” деб атаганди. Блогернинг иддаосича, унинг қамалиши тўғридан-тўғри касбий профессионал фаолияти билан боғлиқ. У ўз фаолияти даврида йирик коррупцион схемаларни фош қилганини айтган.

Мирзиёев блогерларга “хиёнат” қилди…ми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:23:25 0:00

Олимжон Ҳайдаров шу йилнинг 29 июлида салбий мазмундаги мақолани тарқатмаслик эвазига «Қўқон Истиқлол» савдо комплекси раҳбарларидан 10 минг доллар талаб қилганликда гумонланиб ҳибсга олинган. У Фарғона вилояти ИИБ ва Қўқон шаҳар прокуратураси қошидаги Департамент ходимлари иштирокидаги махсус амалиёт даврида махсус кимёвий ишлов берилган пул билан ушланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборотлаш ва оммавий коммуникациялар агентлиги август ойида мамлакатдаги ОАВ раҳбарларига унинг қўлга олиниши акс этган видео лавҳани намойиш қилган.

Бироқ маҳкама жараёнини кузатаётган Озодлик манбасига кўра, махсус амалиёт борасидаги бу видео лавҳалар жиноят иши материалларида мавжуд эмас.

Аввалроқ Озодлик билан эксклюзив суҳбатда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник ўзбек расмийларини сўз ва матбуот эркинлигини ҳурмат қилишга чақирган эди:

“Ўзбекистон охирги бир неча йилда матбуот эркинлиги борасида улкан қадамларни қўйди. Аммо шу билан бирга, блогерларга қарши жиноят ишлари ташвишга сабаб бўлмоқда. Мен Ўзбекистон ҳукуматини матбуот, сўз ва ифода эркинлигини ҳурмат қилишда давом этишга чақираман. Ҳукумат бу жиноят ишлари ортида сиёсий сабаблар турмаганига амин бўлиши керак, деб ҳисоблайман”.

Демократия, сиёсий эркинликлар ва инсон ҳуқуқларини кузатувчи Freedom House халқаро нодавлат ташкилоти ўзининг 2023 йилги ҳисоботида Ўзбекистонни интернет эркин бўлмаган давлатлар рўйхатида қолдирди. Ташкилотга кўра, президент Мирзиёевнинг айрим ислоҳотларига қарамасдан Ўзбекистон авторитар давлат сифатида қолмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG