Линклар

Шошилинч хабар
16 июн 2025, Тошкент вақти: 19:04

Иккинчи уриниш. Ўзбекистон ОИВга қарши мажбурий текширув киритмоқчи


Ўзбекистон ОИВ/ОИТСга қарши мажбурий тиббий текширув орқали курашмоқчи. Расмийлар буни муҳожирлар орасида касаллик кўпайгани билан изоҳламоқда. Шундай ташаббус 2018 йилда ҳам кўтарилган, лекин амалга ошмаган.

Янги қонун лойиҳаси хорижда 90 кундан ортиқ бўлган фуқароларни, жумладан меҳнат муҳожирлари ва мамлакатга келаётган чет элликларни тиббий кўрикдан ўтказишга мўлжалланган. Аммо бу қадам шахсий ҳуқуқлар ва эркинликка дахлдор саволларни ҳам кун тартибига чиқарди.

ОИВ/ОИТС тушунчаси ўзбек жамиятида кўпинча рус тилидан кирган ВИЧ/СПИД атамалари билан ифодаланади.

Нега 90 кун?

Олий мажлиснинг Қонунчилик палатасидаги муҳокамада айтилган расмий маълумотларга кўра, 2024 йили хориждан қайтган 1,7 миллион ўзбекистонликнинг тўртдан бири ихтиёрий равишда тиббий кўрикдан ўтган. Улар орасида 1500 яқинидан одамнинг иммунтанқислиги вируси (ОИВ) аниқланган.

Миграция агентлиги раҳбари ўринбосари Матлаб Қуранов 10 июнда депутатларга берган баёнотида вазият йилдан йилга жиддийлашиб бораётганини билдирди:

“Афсуски, меҳнат мигрантларининг аниқланаётган ҳолатлар сони олдинги йилга нисбатан 23,7% ошган. ОИВ аниқланган 1493 нафар мигрантларнинг турмуш ўртоқлари, яъни 903 нафари текширилганда, уларнинг 262 нафарида шу касаллик аниқланган” – деди Қуранов.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2022 йилдаги маълумотида бу ҳасталикни юқтириб олганларнинг 28% меҳнат муҳожирлари эканини таъкидлаган.

Агар қонун қабул қилинса, қуйидагилар мажбурий тиббий назоратдан ўтиши шарт бўлади:

• 90 кундан ортиқ хорижда юрган, 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқаролари;

• Ўзбекистонда доимий яшайдиган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

• Ишлаш учун Ўзбекистонга келаётган хорижликлар.

Текширувлар давлат ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган. Ташаббускор депутатларнинг ва Республика Одамнинг иммун танқислиги синдроми (ОИТС) маркази ходимларининг айтишича ОИВ инфекцияси организмда уч ой ичида намоён бўлади. Шу сабабли, айнан 90 кунлик муддат асос сифатида олинган.

“Сўнгги йилларда меҳнат мигрантлари орасида ОИВ инфекциясининг аниқланиши таҳлил қилинганида 18 ёшгача бўлган фуқароларда ОИВ қайд этилмаган. 60 ёшдан ошганлар орасида ҳам касалликнинг аниқланиши 1,2% ташкил этади. Шу сабабдан, сарфланувчи материалларни, яъни тест системаларини мақсадли фойдаланиш учун 18-60 ёш танлаб олинган” – деди ОИТС маркази мутаҳассиси парламентдаги муҳокамада.

Ушбу кўринишдаги қизил тасма ОИВ/ОИТСга қарши кураш рамзи ҳисобланади.
Ушбу кўринишдаги қизил тасма ОИВ/ОИТСга қарши кураш рамзи ҳисобланади.

"Мажбурий текширув - инсон ҳуқуқларини бузади"

Қонун лойиҳаси парламентда биринчи ўқишда қабул қилинди. Бироқ “Миллий тикланиш” фракциясидан депутат Нодирдек Тилаволдиев уни инсон ҳуқуқларига зид, деб баҳолади:

“Албатта, бу яхши ниятлар билан киритиляпти, жудям хавфли бўлган касалликнинг олдини олиш учун. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор, бу қонун лойиҳаси бевосита инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ. Чунки, яхши биламиз, мажбурий тарзда тиббий текширишдан ўтказиш инсон ҳуқуқларини, жумладан, тенглик, камситмаслик ва ҳаётий ҳуқуқларини бузилишига олиб келади. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича деярли барча конвенцияларни ратификация қилган. Ушбу қонунни қабул қилишимиз бу ратификацияларга зид келади. Ҳалқаро ташкилотлар тиббий текширув ихтиёрий ва махфий бўлиши кераклигини таъкидлайдилар”.

Миграция агентлиги вакили эса депутатга жавобан бундай амалиёт Россия, бир қатор араб давлатлари ва Тайванда мавжудлигини айтди. Айниқса ўзбекистонлик муҳожирлар кўп борган Россия - ОИВ тарқалиши юқори бўлган давлатлардан бири.

“Юртдошларимиз Россияга боргандан кейин уч ой эмас, асосий қисми 9 ой, бир йил яшаб, ишлашяпти. Уларни у ерда айниқса, жинсий йўл билан юқтириш хавфи жудаям юқори. Буни биз объектив қабул қилиб, ҳисобга олишимиз керак” – деди migrant.uz портали муассиси, юрист Ботиржон Шермуҳаммад.

Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистонда шундай мажбурий тиббий текширув сил касаллигига қарши жорий қилинган. Тожикистонда эса 2018 йили ҳукумат қарори билан хориждан келганлардан ОИВга қарши тест олина бошлаган, бироқ ҳозир бу амалиёт давом этаётгани ҳақида маълумотлар йўқ.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаев Ўзбекистонда қонун қабул қилиниши керак деган мутаҳассислардан:

“Баъзи давлатларда фуқаролар ўз ҳохиши билан бориб текширувдан ўтиб туради. Ундай давлатларнинг аксариятида суғуртали тиббиёт йўлга қўйилган. Нафақат бу вирусларга қарши, бошқа ҳолатларда ҳам ҳар уч ойда текширилиб туриш тизими мавжуд. Бизнинг жамиятда эса айтса қиладиган, айтмаса қилмайдиган беғам қатлам шаклланган. Шунинг учун эътироз билдирмаган маъқул. Бу қонун одамлар учун яхши. Албатта давлат учун ҳам яхши, лекин биринчи навбатда одамлар учун яхши”.

Дунёда ҳар йили 1 декабрь ОИВ/ОИТСга қарши кураш куни сифатида нишонланади.
Дунёда ҳар йили 1 декабрь ОИВ/ОИТСга қарши кураш куни сифатида нишонланади.

Ташаббус аввал ҳам кўтарилган

Мажбурий текширув ташаббуси Ўзбекистонда илк бор кўтарилаётгани йўқ. 2013 йили “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликларнинг тарқалишига қарши курашиш тўғрисида” қонун қабул қилинган. 2018 йили эса унга ўзгартиш киритиш, яъни уч ойдан ортиқ муддатда хорижда бўлиб қайтган шахсларни мажбурий тарзда тиббий кўрикдан ўтказиш ташаббуси кўтарилган. Лекин амалга ошмаган, бунинг сабаби маълум эмас.

Таҳлилчилар муаммо билан курашишнинг бошқа томонини ҳам таклиф этишади. Юрист Ботиржон Шермуҳаммад миграциядан қайтиб келганларни текшириш билан бир қаторда, уларга чет элга кетишдан аввал маслаҳатлар берилиши кўпроқ фойдали эканини айтмоқда:

“Бизда ҳар доим муаммонинг бир томонига эътибор қаратилади. Муҳожирликка кетаётган одамга соғлик бўйича ҳам тавсиялар берилсин. Молиявий саводхонлик бўйича ҳам, ҳуқуқий тайёргарлик бўйича ҳам, тил бўйича ҳам, катта шаҳарларда ўзини тутиш одоби, маданият бўйича ҳам айтилсин. Ҳар бир давлатнинг ўзига хос тартиблари бор. Шулар бўйича алоҳида тайёргарлик бўлиши керак. Мен ўзим иштирок этган тренингларда тиббий тавсияларни кўрмаганман. Одоб-аҳлоқ бўйича ҳам махсус модуллар, дарслар, тренинглар бўлганини кўрганим йўқ”

Бирлашган миллатлар ташкилотининг (БМТ) ОИВ/ОИТС бўйича ягона дастури (UNAIDS) маълумотларига кўра, вирус илк бор 1981 йили аниқлангандан бери шу вақтгача тахминан 85,6 миллион киши бу дардга чалинган. Уларнинг 40,4 миллионга яқини вирус сабаб юзага келган касалликлардан вафот этган.

ОИВ асосан уч йўл билан юқади:

• ҳимояланмаган жинсий алоқа орқали;

• қон орқали (масалан, гиёҳванд моддаларни битта игнада умумий фойдаланишда);

• онадан болага (аммо тиббий назоратда бўлса, юқмаслиги мумкин).

Қолаверса, касалхоналарда шифокорларнинг айби билан ҳасталикка чалиниш ҳолатлари қайд этилган.

ОИВ юқтириб олганлар ҳақида маълумот асосан махфий тутилади. Мутахассислар буни "ОИВга чалинганлар жамиятда камситишга кўп учраётгани" билан тушинтиришади. Ахборот воситаларида ОИВ кўпинча қўрқинчли тарзда, "ёмон йўлда юрганларнинг жазоси" сифатида тасвирланади. Бундай ёндашув кўп ҳолларда шу вирус билан яшаганларни ҳасталигини жамоатдан сир сақлашга мажбур этади. Зеро, жамиятда бошқаларнинг айби билан, масалан ҳаста эридан ёки рафиқасидан юқтириб олганлар, касалхонадаги тозаланмаган жиҳозлар ёки текширилмаган қонни қуйиш орқали чалинганлар бор.

Ўзбекистонда ОИВни била туриб тарқатганлар Жиноят кодексининг 113-моддаси (Таносил ёки ОИВ/ОИТСни тарқатиш) билан жиноий жавобгарликка тортилади.

2023 йили Жиззахда ОИТСни тарқатишда айбланган эркак 5 йилга қамалган. 2021 йилда 40 нафарга яқин эркакка ОИТС юқтиришда айбланган бухоролик аёл 6,5 йилга озодликдан маҳрум этилган. 2020 йили эса Тошкентда ОИВга чалинганинини била туриб мактабдоши билан жинсий алоқа қилгани айтилган ўсмирга жиноят иши очилган. Бу каби яна бир нечта расмий маълумотлар мавжуд.

ОИВ аниқлаш тести
ОИВ аниқлаш тести

Глобал жамғарма томонидан вирусни назоратда ушлаш учун дори-дармонлар деярли барча давлатларга бепул тақдим этилади. Агар бемор дорини вақтида ичиб турмаса, инфекция ОИТС босқичига ўтиб, инсон ҳаётига хавф солади.

Ўзбекистон ҳукумати бу дардга қарши курашни йиллар давомида халқаро донорлар кўмагида амалга оширган. Айни пайтда мамлакатда ушбу вирусни аниқлаш билан шуғулланувчи 78та диагностика лабораторияси фаолият юритмоқда.

2019 йили қароргоҳи Таллинн шаҳрида жойлашган “Евроосиё эркаклар саломатлиги коалицияси” томонидан эълон қилинган баёнотда Ўзбекистонда ОИВ юқтирган шахслар бевосита камситишга учраши таъкидланган. Бу хулоса мамлакат Маъмурий жавобгарлик кодексида жинсий шерик ҳақидаги маълумотларни давлат идораларига мажбурий тарзда ошкор этиш талабининг мавжудлиги билан изоҳланган.

Дунёда ҳар йили 1 декабрь - ОИВ/ОИТСга қарши кураш куни сифатида нишонланади. Бу сана биринчи марта 1988 йил Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан расман эълон қилинган. Бу кун одамларни вирус ҳақида хабардор қилиш, стигма ва камситишга қарши курашиш ҳамда профилактика ва даволаш чораларини оммалаштириш мақсадида белгиланган.

Форум

XS
SM
MD
LG