Линклар

Шошилинч хабар
02 август 2021, Тошкент вақти: 18:15

“Одам ва техника етишмайди”. Ёқутистон аҳолиси ўрмон ёнғинларини ўзлари ўчиришга киришди (ВИДЕО)


Ёқутистонда ўрмон ёнғинлари шиддат билан давом этмоқда. Қалин тутун туфайли аэропортда иш тўхтатилди, шунингдек, дарё йўллари ёпилди: 19 июль куни эрталаб олинган маълумотга кўра, Ёқутистон ҳудудида 216 та табиий ёнғин чиққан, олов бир ярим миллион гектардан ортиқ ўрмонни нобуд қилган.

Ёнғинга қарши курашга республика ФВВ, ўрмон қўриқлаш, ўрмончилик идоралари ходимлари, ҳарбийлар ва яқин-атрофдаги ерли аҳоли жўнатилган, аммо одамлар ва техника барибир етишмаяпти. 200 дан ортиқ мавжуд ўрмон ёнғинларига атиги икки мингдан зиёдроқ одам ва 284 та техника воситаси тўғри келмоқда. Оқибатда Ёқутистон аҳолиси ёнғинни ўз кучи билан ўчиришга мажбур бўлмоқда.

“Ёқутистонда 2004 йилдан бери яшайман. Сўнгги пайтларда, айниқса охирги икки йилда ёнғин мавсумида ҳавони қуюқ тутун қоплайдиган бўлди. Ёқутистонликларни жуда диққат қилиб юборди бу. Нимадир қилиш керак. Ҳар ким қўлидан келганча”, дейди кўнгилли бўлиб ўт ўчиришда қатнашаётган Александр Сидоров.

“Тутун қалинлигидан бир-биримизни кўра олмаймиз, кўзлар ачишяпти. Ёнаётган ўрмонга тепадан сув сочадиган учоқларни фақат телевизорда кўрамиз. Нега бизга шунақа учоқларни жўнатишмайди? Нега ёрдам беришмаяпти?” дейди Василий Оконешников исмли яна бир ёқутистонлик.

Республиканинг беш туманида ўт аҳоли яшаш масканларига жуда яқин келиб қолган. Айрим жойларда респиратор ёки нам докабоғич тақмасдан кўчага чиқиб бўлмайди. Магарас қишлоғида ҳавода сузиб юрувчи заррачалар концентрацияси меъёрдан уч баравар ошиб кетди:

“Вазият жуда оғир, даҳшатли. Тутун, тутун, ҳар куни тутун. Оғиз-бурнимизни нам боғич билан тўсиб юрамиз. Болалар қишлоқда, уйдан чиқмай ўтиришибди”, нолийди Магарас қишлоғилик Елена Волгина.

Кўнгиллилар асосан ёнғин ҳудуди теварагига ҳандақ қазиш, қарши томондан ёнғин чиқариш усуллари ёрдамида ўт билан олишмоқда, кўчма сувотарлардан фойдаланишмоқда. Ҳандақ ва траншеялар қазишда тракторлар ёрдамлашади, аммо чуқурни кенгайтиришда барибир қўл кучи керак бўляпти.

Республика расмийлари маълумотига кўра, ўрмон ёнғинларини ўчиришда биттагина Бе-200 амфибия учоғи қатнашмоқда, бироқ ундан фойдаланиш имкониятлари чекланган:

“Авиация, оғир учоқлар Илецк ва Сунтар туманларига сафарбар қилинган, чунки Якутск шаҳри аэропорти реконструкция қилинаётгани боис бунақа учоқларни қабул қила олмайди. Шу туфайли Якутск, Горний ва Хангалас туманларида вертолёт авиациясидан кўпроқ фойдаланяпмиз, жумладан ФВВ ҳамда Мудофаа вазирлиги вертолётларидан ҳам. Бу ишимизни анча енгиллаштирмоқда”, тушунтиради Саха (Ёқутистон) Республикаси раҳбари Айсен Николаев.

Республика пойтахти ҳавосида тутун туфайли зарарли моддалар миқдори бир йўла уч кўрсаткич бўйича меъёрдан ошиб кетди. “Роспотребнадзор” аҳолига кўчага мумкин қадар камроқ чиқишни тавсия этган. Бироқ Ёқутистон раҳбари тез орада ёнғин тарқалишига чек қўйилишига ишончи комиллигини айтади.

“Бугунги кунда 100 минг гектардан ортиқ майдонни қамраб олган 12 та ёнғин ўчириб бўлинди. Бу вазиятни назоратга ола бошлаганимизни англатади”, ишонтирмоқчи бўлади мулозим.

Бутунжаҳон ёввойи табиат фонди маълумотига кўра, сўнгги йилларда Россияда йилига камида 15 миллион гектар ўрмон ёниб кетмоқда.

XS
SM
MD
LG