Линклар

Шошилинч хабар
07 май 2021, Тошкент вақти: 16:21

Ўзбекистонда Рамазон: Таровиҳ, нарх-наво ва президент оиласининг ҳожи оналари


Ўзбекистондаги масжидлардан бири. Пандемиягача олинган сурат.

Дунё бўйлаб мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи иккинчи йил коронавирус чекловлари шароитида ўтмоқда. Ўзбекистон ҳукумати масжидларда таровиҳ ва хатми Қуръон ибодатларига рухсат берган, аммо улар карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда ўтказилиши кераклигини айтган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита 17 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан биргаликда ўтказган видеоселектор йиғилишида ушбу талаб вилоятлар, туман ва шаҳарлар бош имом-хатибларига яна бир бор эслатилди.

Бу мажлисдан бир неча соат олдин бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида коронавирусга қарши кураш комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда жорий йил 18 апрелдан карантин қоидалари янада кучайтирилиши маълум қилинди.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг маълум қилишича, қўмита раиси С.Тошбоев ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У. Алимов бошчилигида ўтказилган йиғилишда таровиҳ намозларини очиқ ҳудудларда (очиқ айвонлар, масжид ҳовлиси,масжидга туташ ички кўчалар) адо этиш, санитария қоидалари ва карантин талабларига тўлиқ риоя этиш ҳамда ифторликларни имкон қадар оила даврасида ёки иштирокчилар сони чекланган ҳолда, ихчам, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликсиз ўтказиш лозимлиги уқтирилган.

Ижтимоий масофа

Журналист Абдулазиз Муборак ҳукумат комиссияси мажлиси ортидан таровиҳ намозлари масжид ҳовлиларида ўқилаётанини айтди.

“Кечадан бошлаб вазият ўзгарди. Мен ўзим атайлаб 3-4 та масжидда бўлдим. Айрим масжидлар селектор йиғилиши ўтказилган 17 апрелданоқ хонақоҳдан ҳовлига кўчди. Баъзи намозхонлар юпунроқ кийиниб борган экан, ташқарида таровиҳ ўқиб совқотиб қолганини ҳам айтди”, - деди журналист Абдулазиз Муборак 19 апрель куни Озодликка.

Бироқ, унинг сўзларига кўра, карантин талабларини тўлиқ бажариш имконсиз.

“Тўрт намозхон турадиган жойда икки намозхон туриб ўқияпти. Намозхонлар ораси 1,5 – 2 метр бўлиши талаб этилса, саф қаергача чўзилиб кетар экан, тасаввур қилиш қийин!”

Ёш чегараси

Масжидларда яна карантин талаблари ҳақида гапирила бошлаганини чинозлик (Тошкент вилояти) ўқитувчи ҳам 19 апрелда Озодликка айтди:

“Кеча имомимиз ёши 65 дан ошганлар ва 15 га етмаганлар масжидга келмасин, деди”.

Бундай талаб Дин ишлари бўйича қўмита Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан биргаликда 17 апрелда ўтказган видеоселектор йиғилишида янграган.

Чинозлик ўқитувчининг айтишича, ёши 15 га етмаганларни ва умуман мактаб ўқувчиларини масжидга киритмаслик талабига 17 апрелда ўтган йиғилишнинг алоқаси йўқ: бу талаб Рамазон ойи бошланиши биланоқ кун тартибига чиққан. Ўқитувчининг билдиришича, “ўқитувчиларга масжидга болалар келяптими, йўқми назорат қилиш топширилган. Бола масжидга келса, улар кирма демайди, эртаси куни боланинг ота-онаси билан суҳбат ўтказади”.

Чинозлик ўқитувчи айтган гапнинг билвосита тасдиғи Озодликка Андижоннинг Марҳаматидан келди.

“Марҳамат туманида жойлашган жоме масжидларига 2021 йил Рамазон ойи давомида мактаб ўқувчиларини қатнашишини олдини олиш мақсадида халқ таълимидан бириктирилган ходимлар рўйхати” деб номланган ҳужжатда тумандаги 12 масжид, улар жойлашган фуқаролар йиғини номи, масжидларга бириктирилган мактаб деректорлари ёки уларнинг ўринбосарлари исм-фамилиялари ҳамда телефон рақамлари қайд этилган.

Рўйхатда ҳаммаси бўлиб 58 кишининг исм-фамилияси келтирилган.

“Марҳамат туманида жойлашган жоме масжидларига 2021 йил Рамазон ойи давомида мактаб ўқувчиларини қатнашишини олдини олиш мақсадида халқ таълимидан бириктирилган ходимлар рўйхати” (Ҳужжат ўқитувчиларнинг шахсий маълумотлари ўчирилган ҳолда эълон қилинмоқда)
“Марҳамат туманида жойлашган жоме масжидларига 2021 йил Рамазон ойи давомида мактаб ўқувчиларини қатнашишини олдини олиш мақсадида халқ таълимидан бириктирилган ходимлар рўйхати” (Ҳужжат ўқитувчиларнинг шахсий маълумотлари ўчирилган ҳолда эълон қилинмоқда)

Озодлик рўйхатдагилардан икки киши билан боғланди. Иккала ўқитувчи ҳам шундай топшириқ бўлганини, бироқ улар масжидга бориб ўқувчиларни қайтаришга уриниб ҳам кўрмаганини айтди. Ўқитувчилар бу топшириқни коронавирусга қарши ҳукумат қарори билан боғлашга уринди. Бироқ ҳужжат 15 апрелда, Махсус комиссия йиғилишидан икки кун олдин қабул қилингани унинг унвонидан кўриниб турибди.

Наманганлик журналист, мустақил “Маърифат саодати” газетаси муассиси ва бош муҳаррири Абдужаббор Умаровнинг 19 апрелда Озодликка айтишича, “масжидларда одам жуда кўп, айниқса ёшлар кўп”.

Ижтимоий тармоқларда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг Бош вазир Абдулла Ариповга ҳисобот бераётгани акс этган видео тарқалди.

“Видеода вазир бундай дейди: Таровеҳ намозларида 2000 та мачитта 800 минг одам қатнашди кеча. Ўртача 400 дан тўғри келяпти ҳар бир мачитга. Ва мана шунинг ичида, афсуски, 22 минг вояга етмаган ҳам бор. Запрет, бошқа йўқ. Лекин тушунтириш йўли билан буни камайтириш керак ва мана шу ҳолатда қатнашаверадими ё сийраклатиш керакми, шуниям ҳал қилиш керак. Эртага уям ўчоқ бўлиши мумкинда...”

Афтидан, Ички ишлар вазири “ўчоқ бўлиши мумкин” дер экан, масжидлар вирус ўчоғи бўлишини назарда тутяпти.

Нарх-наво

Рамазон бошлангани Тошкент бозорларда сезилавермайди.

Расталарда доимий қуруқ ва хўл мевалар. Олой бозорининг фақат бир жойида фақат Рамазонда пишириладиган нишолда сотиб олиш мумкин.

“Нархлар ҳар йилгидай Рамазонда кўтарилди. Айниқса ёғ қимматлаб кетди рўза кириши биланоқ. 5 килолик кунгабоқар ёғи 120 минг сўм. Ёғ бу қадар ҳеч қачон қиммат бўлмаган эди”, - деди чинозлик ўқитувчи.

Ўзбекистонда ёғ қимматлаб кетганини Озодлик ўтган ҳафтада батафсил ўрганган эди.

Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти куни кеча озиқ-овқат маҳсулотларининг Тошкентдаги нархларини ўрганиб, МДҲ ва Европанинг энг йирик шаҳарларидаги нархлар билан қиёслади.

Масалан, ўсимлик ёғи Тошкентда 1,72 доллар, Лондонда 1,53 доллар.

Макарон Тошкентда 83 цент, Лондонда 56 цент.

Мол гўшти Тошкентда 5,2 доллар, Парижда 6,7 доллар.

Ифторлик

Тошкентдаги Бодомзор масжидида 18 апрелда олинган видеодан масжид қавми 5-10 кишилик катта-кичик гуруҳларга бирлашиб, масжид саҳнида оғиз очаётганини кўриш мумкин. Дастурхонлар тўлақонли ифторлик эмас, балки оғиз очиб олиш учунгина ёзилгани кўринади.

Бу йилги Рамазонда оммавий овқатланиш муассалаларии ифторлик бизнесини йўлга қўйишга уринаётганини Интернетдаги махсус саҳифалардан билиш мумкин.

Озодлик фаст-фуд тармоқлардан бирининг Фарғонадаги филиали билан боғланди. Филиал ходими ифторликни элтиб бериш хизматини таклиф қилди.

Тошкентдаги ресторанлардан бирининг карантин чораларидан хабари борлиги маълум бўлди. “Катта гуруҳ учун буюртма ололмаймиз. Масофа сақлаш учун жуда катта жой керак. Узр”, деди номини келтирмаётганимиз ресторан маъмури.

Бошқа бир рестораннинг, афтидан карантин чораларидан хабари йўқ. “50 киши дедингизми? Бемалол ака, 200 кишигача қабул қила оламиз”, деди ресторан ходими.

Журналист Абдулазиз Муборакнинг айтишича, у ресторанларда, нафақат ресторанларда, ҳатто хонадонларда ҳам катта, кўп кишилик ифторликлар ўтказилаётганига ҳозирча гувоҳ бўлмаган.

“Беш-олти киши бўлиб, ошна-оғайнилар ресторанларда оғиз очишганига гувоҳ бўлдим. Ўшандай ифторликлардан бирида ўзим ҳам бўлдим. Лекин кимдир тўйга ўхшатиб, катта ифторлик берганини кўрганим йўқ. Одамлар карантин режимига тушиб қолганга ўхшайди”, - деди Абдулазиз Муборак.

Таровиҳ ва жамоат транспорти

“Тошшаҳартрансхизмат” корхонаси Рамазон арафасида пойтахтда таровиҳ намози муносабати билан 13 апрелдан 12 майга қадар автобусларнинг бир қатор йўналишлари ўзгаришини маълум қилган.

Тошкент шаҳар ИИББ эса, таровиҳ намозлари муносабати билан ҳар куни 18:00 дан 23:00 га қадар масжидлар яқинидаги йўллар транспорт воситалари ҳаракати учун ёпилишини маълум қилган.

“Ҳамма масжидлар бўйича аниқ гап айтишим қийин, лекин мен билган масжидлар олдида транспорт ҳаракати чекланган. Чунки одамлар кўплигидан йўлларга чиқиб кетиш хавфи бор. Масалан, Илонота масжиди олди ҳам машиналар ҳаракати учун икки томондан тўсиб қўйилган. Айланиб ўтадиган жой бор”, деди Абдулазиз Муборак.

Таровиҳга "шахсан Мирзиёевдан рухсат олинган"

Мусулмонлар идорасига яқин манбанинг Озодликка билдиришича, Рамазон арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов етакчилигидаги бир неча дин пешвосини қабул қилган президент Мирзиёев масжидларда таровиҳ намозлари ўқишга рухсат берган. Бироқ Озодликда бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ. 8 апрель куни Мирзиёев "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарорни имзолаган. Унда ҳам Рамазон ойини карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда" ўтказиш лозимлиги алоҳида таъкидланган.

18 апрель куни президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева тармоқлардаги саҳифаларида 7 йил олдинги Ҳаж ибодатидан суратларни жойлади.

Унинг ёзишича, 2013 йилда оиланинг "яқин инсони кутилмаганда вафот этиши ортидан" бувиси, аммаси, холаси ва синглиси ҳамроҳлигида Ҳаж зиёратини адо этишни ният қилган. Ўша пайтлар "вазият бошқача" бўлганини айтган Мирзиёева "квота бўйича навбат кутиб, ўзбекистонлик зиёратчилар гуруҳида жой қидиришгани, бир йил деганда йўл очилиб, Саудия Арабистонига йўл олганлари" ҳақида ёзади.

У Каъбага сафар "машаққатли" кечгани, аммо Ҳаж зиёратидан таъсирлангани ҳақида ёзган.

Саида Мирзиёева яқинлари билан ҳаж ибодатида. Сурат Мирзиёеванинг Телеграм-каналидан олинди.
Саида Мирзиёева яқинлари билан ҳаж ибодатида. Сурат Мирзиёеванинг Телеграм-каналидан олинди.

XS
SM
MD
LG