Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2022, Тошкент вақти: 06:05

Ўзбекистонда Twitter блокдан чиқарилди. Тармоқларни чекловчи қонун кучда қолмоқда


Ўзбекистонда 1 августдан эътиборан Twitter, WeChat ва VK (Вконтакте) ижтимоий тармоқлари расман блокдан чиқарилди.

Бу ҳақда Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги маълумот тарқатди.

Агентлик қайдича, айни пайтда ўзбек расмийларининг TikTok платформаси вакиллари билан ҳам музокаралари давом этмоқда. АОКА мазкур музокаралар натижалари бўйича қўшимча хабар берилишини ваъда қилган.

“Блокировкалар ривожланишга фақат зарар келтиради”, дея қўшимча қилинган агентлик хабарномасида.

Ижтимоий тармоқларга қўйилган тўсиқлар олиб ташланишини 1 август куни президент матбуот котиби Шерзод Асадов ҳам билвосита тасдиқлаган бўлди.

“Ахборот маконини ёпиб қўйиш, фикрлар плюрализмига тўсқинлик қилишга уринишлар жамиятнинг тараққиётига хизмат қилмай, аксинча, уни орқага тортиши - исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат”, деб ёзди мулозим.

"Блоклаш — фақат зарар ва аҳмоқлик!" деб ёзди ўтган ҳафта Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбарининг ўринбосари этиб тайинланган Комил Алламжонов расмий хабарга қисқа шарҳида.

Ўтган йил 2 июлида “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуннинг 27-1-моддаси талабларига зид равишда Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов берилаётгани учун айрим ижтимоий тармоқлар фаолиятига чеклов ўрнатилгани маълум қилинганди.

“Ўзкомназорат” айни қонун асосида Facebook, Google, Mail.ru, Microsoft Skype, Telegram, Tencent Wechat, TikTok, Twitter ва Yandex компанияларини Ўзбекистон қонунчилиги талабларини бажариш лозимлиги ҳақида огоҳлантирган.

2021 йил 3 ноябрида мамлакатда Telegram, Facebook, YouТube ва “Одноклассники” тармоқлари ишламай қолган. Буларнинг ҳаммаси Skype, Twitter, TikTok, “ВКонтакте” ва WeChat тармоқларига июль ойида жорий қилинган чеклов амал қилиб турган паллада юз берган.

Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Информатизация ва телекоммуникация назорати бўйича Давлат инспекцияси – “Ўзкомназорат»” сайтида номи тилга олинган ижтимоий тармоқлар, шунингдек, Telegram мессенжери шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритилгани ҳақида расмий маълумот пайдо бўлган.

Ижтимоий тармоқларнинг блокланиши билан боғлиқ можаро ҳукуматда инқирозга сабаб бўлган, бунинг ортидан АКТ вазири Шуҳрат Содиқов, Бош вазир маслаҳатчиси Олимжон Умаров ҳамда “Ўзкомназорат” раҳбари Ғолибшер Зияевлар ишдан бўшатилган.

Ўзбекистонда қатор ижтимоий тармоқлар секинлаштирилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:39 0:00

Ўша пайтда президент матбуот котиби Шерзод Асадов Шавкат Мирзиёев чеклов ўрнатилганидан хабар топгани ва тармоқлар фаолиятини тиклашга буйруқ берганини маълум қилган эди.
Асадовга кўра, Мирзиёев “Ўзкомназорат”нинг қарорини “бир томонлама ва ўйланмай қилинган ҳаракат” деб баҳолаган. Шунга қарамай, ўтган 8 ой ичида Ўзбекистонда қатор ижтимоий тармоқ сайтлари блокланганича қолаётганди.

Ўтган вақт мобайнида ўзбекистонликлар, шу жумладан расмийлар ҳам блокланган тармоқлардан VPN воситасида фойдаланиб келишган. Аммо хусусан, расмийлар буни ҳеч қачон эътироф этмаган.

Шу йил мартида Тошкентдаги халқаро инвестиция форумини ёритган британиялик журналист, Economist нашри мухбири Жоанна Лиллис халқаро журналист ва инвесторлар "форум ҳақида хабар бериш учун прокси-сервердан фойдаланишга мажбур" эканликлари ҳақида ёзганди.

Айрим маҳаллий блогерлар тармоқларга тўсиқнинг олиб ташланишини Президент Администрациясидаги кадрлар ўзгариши билан боғлашмоқда.

"Сардор Умрзоқовнинг тайинланиши ва Президент администрациясида жорий қилинган янги лавозим ҳамда тайинловлар тезда блокировкаларнинг олиб ташланишида муҳим рол ўйнагани айтилмоқда", деб ёзди блогер Хушнудбек Худойбердиев ўзининг Телеграм-каналида.

Айни пайтда тармоқларнинг блокланишига асос бўлган Ўзбекистон ҳукуматининг серверларни мамлакат ҳудудида жойлаштириш талаби бекор қилиндими, йўқми, номаълум. Расмий хабарда ўтган йили қабул қилинган тармоқлар фаолиятини чекловчи қонунчиликда бирон ўзгариш бўлгани ёки йўқлиги борасида ҳеч нарса дейилмаган.

Халқаро матбуот ташкилотлари Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигининг аҳволи Каримов даврига нисбатан яхшиланганига қарамасдан, ижтимоий тармоқлар ва мустақил хорижий матбуот, жумладан, Озодлик контентини блоклаш давом этаётганини танқид қилиб келишган.

Форум

XS
SM
MD
LG