Линклар

Шошилинч хабар
28 январ 2023, Тошкент вақти: 04:52

Ўзбекистон – СССР парчаланиши арафасида. Зиёлиларнинг сиёсий мухолифати ва миллий ҳаракатлар


Совет Ўзбекистонини СССРнинг шарқий витринаси деб аташарди. Қадимий масжид ва мадрасалар, кўплаб институт ва университетлар, кенг кўламли коррупция. Совет Иттифоқининг сўнгги йиллари Ўзбекистон ССР учун “пахта иши”, Фарғона воқеалари ҳамда Компартияга муқобил ҳаракатлар пайдо бўлиши билан ёдда қолди.

“Настояшчее время” тайёрлаган ушбу мақолада Ўзбекистонда миллий ҳаракатлар адабиётда диний сўзларни қўллашга рухсат талаб қилишдан – мустақиллик ғоясига қадар йўлни қандай босиб ўтгани ва, умуман, қайта қуриш даврида ўзбек жамиятида юз берган энг муҳим воқеа ва жараёнлар ҳақида ҳикоя қилинади.

“Пахта иши”: коррупцияга қарши курашми ёки сиёсий қатағон?

“Ўзбекистон совет Ўрта Осиёсидаги энг йирик республика, минтақанинг флагмани эди. Маҳаллий элитанинг нуфузи ҳамиша юқори бўлган, унинг вакиллари олий партия органлари таркибига кирганлар. Бу Ўрта Осиёдаги иттифоқ марказий элитасида ўз вакилларига эга ягона республика эди. Шароф Рашидов (1959-1983 йилларда Ўзбекистон ССР Компартияси МҚ биринчи котиби) Леонид Брежнев (1964-1982 йилларда КПСС МҚ бош котиби) билан жуда қалин бўлган. Бироқ 80-йилларга келиб ўзбек элитасининг катта қисми қатағон қилинди”, дейди тарих фанлари доктори Сергей Абашин.

Леонид Брежнев 1982 йил 22 мартда Ўзбекистонга ташриф билан келди. Чапдан иккинчи - Ўзбекистон ССР Компартияси МҚ биринчи котиби Шароф Рашидов.
Леонид Брежнев 1982 йил 22 мартда Ўзбекистонга ташриф билан келди. Чапдан иккинчи - Ўзбекистон ССР Компартияси МҚ биринчи котиби Шароф Рашидов.

80-йиллар Совет Ўзбекистони учун турли даражадаги тўрт мингдан зиёд маҳаллий мулозимлар устидан очилган шов-шувли жиноят ишларини ўз ичига олган “пахта иши” билан бошланди.

Совет Иттифоқида пахта улкан давлат аҳамиятига молик хомашё бўлиб, уни асосан Ўзбекистон ССР етиштириб берарди. Пахта меҳнатига нафақат колхозчилар, балки республиканинг қарийб бутун аҳолиси – ўқувчилар, талабалар, бюджет ташкилотлар ходимлари ҳам жалб этиларди. Пахта фақат тўқимачилик корхоналарига эмас, балки мудофаа саноатига ҳам керак бўлган, хусусан, у порох ишлаб чиқаришда қўлланган. Шу боис марказ борган сари кўпроқ пахта талаб қиларди.

Ўзбекистон ССРда пахта мавсуми, 1978 йил
Ўзбекистон ССРда пахта мавсуми, 1978 йил

1976 йили, СССР Компартиясининг XXV съездида Шароф Рашидов Ўзбекистон ҳозирда йилига тўрт миллион тонна пахта бераётганини, аммо ҳосилни беш миллион тоннага етказиш режаланаётганини айтади. Шунда Леонид Брежнев ундан: “Ўзбекистон олти миллион тонна пахта бера оладими?” деб сўрайди. “Қийин бўлади, Леонид Ильич, лекин биз ҳаракат қиламиз”, дея жавоб беради Рашидов. Терговчилар коррупцион схемалар айнан ўша пайтларда пайдо бўлган, деб ҳисоблашади. Чунки бунча ҳосил етиштириш мутлақо имконсиз эди, режа қўшиб ёзиш ҳисобига тўлдириларди.

Мазкур схемага жуда кўп одам бош қўшди – колхоз раисларидан тортиб Москвадаги катта амалдорларгача. Терговчилар қайд этишича, йўқ пахтани қабул қилган завод директорига битта бўш вагон учун ўн минг рубль пора берганлар. Пахта аслида кам топширилганини яшириш мақсадида турли қинғирликлар қилинган: омборларда ёнғин уюштирилган ёки сифатсиз пахта ҳужжатларга “юқори сифатли” деб расмийлаштирилган.

Пахта заводи¸ 1978 йил октябр
Пахта заводи¸ 1978 йил октябр

1982 йилда Брежнев вафот этади, унинг ўрнига бунгача СССР КГБсига раҳбарлик қилган Юрий Андропов бош котиб бўлади. Андропов 70-йиллардаёқ Шароф Рашидовга қарши компромат йиғишни бошлаган, дейдилар. У иқтидорга келиши билан пахта саноатидаги коррупцион схемаларни тафтиш қилиш учун Ўзбекистонга СССР Бош прокуратурасининг махсус тергов гуруҳини жўнатади. Гуруҳга терговчилар Тельман Гдлян ва Николай Иванов бошчилик қилади.

“Бу иш (“пахта иши”) ўз-ўзидан пайдо бўлган эмас. Ўзбекистон 1975 йилдан бери шахсан Андропов томонидан махсус кузатилаётган эди, – дейди СССР Бош прокуратурасида алоҳида-муҳим ишлар бўйича терговчи бўлиб ишлаган Владимир Калиниченко журналист Дмитрий Гордонга берган интервьюсида. – Пахта етиштиришдаги қўшиб ёзиш ва ўғирликлар ҳажми ниҳоятда йириклашиб, давлатга хавф туғдираётганди. Ўзбекистонга марказдан юз минглаб, миллионлаб рубль пора оқиб бора бошлади. Йилига бир миллион тонна пахта қўшиб ёзиларди. Ўша пайтда бу Брежневга халқаро учрашувларда “Биз йилига саккиз миллион тонна пахта оламиз” (бошқа республикалар етиштирган пахта билан бирга – Озодлик изоҳи), дея оғиз кўпиртириши учун керак бўлган. Бу ғирт уйдирма бўлса-да, унинг назарида сиёсий жиҳатдан ўзини оқлайдиган ёлғон эди. Аслида эса мамлакат ҳеч қачон бунча пахта етиштира олмаган”.

Терговчилар 1977 йилдан 1982 йилгача қарийб беш миллион тонна пахта қўшиб ёзилганини, давлатга уч миллиард рубль зарар етказилганини тахмин қиладилар.

“Шароф Рашидов олти миллион тонна пахта етиштириш имконсизлигини билатуриб Брежневга ваъда берар экан, демак, миллион тонна қўшиб ёзилиши ўшанда аниқ бўлган. Бу миллион тонна кейин барча колхоз ва совхозларга сочиб юборилган. Ёппасига ҳамма ўғрилик қилган. Ўғирламаган одам йўқ эди”, давом этади Калиниченко.

“Пахта иши” бўйича салкам 800 та жиноят иши қўзғатилиб, тўрт мингдан ортиқ киши суд қилинди: улар орасида оддий бригадирлардан тортиб юқори лавозимдаги мулозимларгача бор эди. Шароф Рашидовнинг вориси, Ўзбекистоннинг 1983-1988 йиллардаги раҳбари Иномжон Усмонхўжаев 12 йилга “кесилди”. Рашидовнинг ўзи 1983 йили юрак хуружидан ўлди. Ўша тўполонларда Леонид Брежневнинг куёви Юрий Чурбанов ҳам СССР ички ишлар вазири муовини лавозимидан бўшатилганди.

1989 йилда СССР Бош прокуратураси Тергов бошқармасининг собиқ раҳбари Виктор Илюхин Гдлян-Иванов тергов гуруҳига қарши чиқди, кейинроқ эса бу икковини порахўрликда ва коррупцияда, шунингдек бир неча юз ўзбекистонликни ноқонуний жавобгарликка тортишда айблаб, уларнинг устидан жиноят иши очди. Бироқ бу ишдан бирон натижа бўлгани йўқ.

Терговчилар Тельман Гдлян (чапда) ва Николай Иванов
Терговчилар Тельман Гдлян (чапда) ва Николай Иванов

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг биринчи президент Ислом Каримов “пахта иши” бўйича судланганларнинг кўпчилигини афв этди.

“Бу қатағонлар жиноий характерда бўлган, албатта, лекин бунинг тагида 70-йиллар, яъни Брежнев даврида автоном ва қисман мустақил бўлиб олган маҳаллий элитани бир оз синдириш истаги бор эди, – дейди Сергей Абашин. – Брежнев содиқ бўлиш ва сўралган пахтани бериб туриш шарти билан элитанинг республикани ўзи билганича идора қилишига рухсат этганди. Андропов эса Ўзбекистонни автономликдан маҳрум қилиб, қаттиқ назорат ўрнатишни хоҳлади ва шу жиноят ишидан фойдаланди. Тўғри, асоси бор эди – ўғирлик ва коррупция авжига чиққанди. Аммо фақат Ўзбекистонда эмас, бутун СССРда шунақа эди аҳвол. Шу боис ҳам иттифоқ парчаланиши арафасида ўзбек элитасида сокин норозилик бор эди. Ислом Каримов элита алмашуви тўлқинида иқтидорга келди. Бундан у ютди, лекин, афтидан, жараён унинг учун ҳам оғриқли кечган”.

Ўзбекистон ССР Фарғона областидаги пахта заводида пахта сифати текшируви ўтказилмоқда. 1982 йил октябр
Ўзбекистон ССР Фарғона областидаги пахта заводида пахта сифати текшируви ўтказилмоқда. 1982 йил октябр

Жадидлар мероси: “Бирлик” ҳаракати ва “Эрк” партияси

Ўзбекистон Совет Иттифоқининг шарқий витринаси эди. Самарқанд ва Бухоронинг қўҳна масжидларини томоша қилиш учун бутун СССРдан сайёҳлар келишарди. Республика пойтахти Тошкентда муҳташам бинолар қуриларди – шаҳар шарқий мамлакатларнинг олиймақом делегацияларини кутиб олишга ҳозирланмоқда эди.

“Тошкент империя давридан бери бутун Марказий Осиё маркази эди. У ерда ҳар доим олий ўқув юртлари кўп бўлган, академик мактаби анчагина кучли ҳисобланган. Табиийки, 80-йиллар охирида бу маданий элита бутун постсовет маконда мавжуд қонуниятлар бўйича ҳаракат қилди. Яъни, аксари интеллигенция вакилларидан иборат “халқ фронтлари” тузилди”, дейди Абашин.

1984 йилда Ўзбекистоннинг 56 нафар ёш шоир-ёзувчиси ҳукуматнинг миллий адабиёт, тил ва тарихга доир сиёсатига қарши чиқишди. Манифест тариқасида ёзилган ўша мактуб муаллифи шоир Муҳаммад Солиҳ эди.

“Биз Ўзбекистон Компартияси МҚнинг мафкура бўйича котиби Раъно Абдуллаева сиёсатидан норозилик билдирдик, – дея ҳикоя қилади Солиҳ. – Бу бизнинг илк манифестимиз эди. Мактуб КПСС МҚ Сиёсий бюросига ёзилди. У цензура ўзбек зиёлиларига азоб бераётгани, тарихий шахсларимиз номларини, диний сўзларни қўллаш тақиқлангани ҳақида эди. Масалан, “Оллоҳ”, “фаришта” сўзларини ишлата олмасдик, диний терминлар буткул тақиқланганди. Мактубдан сўнг, албатта, таъқиблар бошланди, китобларимиз сотувдан ва кутубхоналардан йиғиб олинди, уч йилча шеърларимизни чоп қилишмади. Бироқ ушбу мактуб бизнинг миллий ҳаракатимизни бошлаб берди”.

Муҳаммад Солиҳ
Муҳаммад Солиҳ

1988 йилнинг ноябрида Ўзбекистонда “Бирлик” ҳаракати тузилди, унинг асосини ижодий ва илмий интеллигенция вакиллари ташкил қилди. Физик олим Абдураҳим Пўлатов унга етакчи этиб сайланди. Ҳаракат асосчиларидан бири Муҳаммад Солиҳ эди.

“У пайтлар “Бирлик”да неосиёсий мақсадлар кучли эди. Биз кўпроқ экология муаммолари, советча номларни тарихий номларга алмаштириш билан шуғулланардик, тарихий ёдгорликларнинг аҳволи, уларни реставрация қилиш каби масалаларни кўтарар эдик. Шунингдек, миллий-маданий эврилиш ғоялари мавжуд эди. Бироқ Совет Иттифоқидан ажралиб, мустақил бўлиш ғояси “Бирлик”да куртак ёзмаганди ҳали”, дейди Солиҳ ўша кунларни эсларкан.

“Бирлик” таъсис қилинганидан бир ой ўтиб, 1988 йилнинг декабрида уч газета – “Правда Востока”, “Совет Ўзбекистони” ва “Ташкентская правда” – “Двойной стандарт честного Мухаммада” (“Ростгўй Муҳаммаднинг икки юзи”) номли мақола чоп этди.

“Мақола каминага бағишланган эди, – ҳикоя қилади Муҳаммад Солиҳ. – Унда мен гўё барча русларни Ўзбекистондан бадарға қилиш ниятидаги ирқчи кимса сифатида “фош қилинган” эдим. Улар ушбу фельетон билан мени маҳв қилишни ўйлагандилар, аммо акси бўлди. Ўша куни 400 га яқин йигит-қизлар кўчага чиқиб, газеталар узр сўрашини талаб қилишди. Улар “Ўзбекистон” меҳмонхонаси олдига тўпланишган экан. Милиция уларни у ердан Инқилоб хиёбонига сиқиб чиқарган, аммо тарқата олмаган”.

Муҳаммад Солиҳ ўша куни унга Ўзбекистон Компартияси раҳбари Рафиқ Нишонов қўнғироқ қилганини хотирлайди: “Мен “Ёзувчилар союзи”нинг биринчи котиби эдим. У қўнғироқ қилиб, жуда юмшоқ оҳангда мендан бу норозилик катта тўполонга айланиб кетмасидан ёшларни тинчлантиришимни илтимос қилди. “Правда Востока” газетаси муҳаррири мақола муаллифларини жўнатди, улар келиб кечирим сўраганидан сўнг митингчилар тарқалишди. Одамларнинг ҳокимиятдан ниманидир очиқ талаб қилиш учун илк бор тўпланиши эди бу. Митинг жамоатчиликни руҳлантирди, чунки шу пайтгача бунақа фельетонга мавзу бўлган одам қамалмай қолмасди”.

Кейинчалик ҳаракат фаоллари неча марталаб кўпминг кишилик митинглар ташкил қилишди. Уларнинг асосий талабларидан бири ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш эди.

“У кезлар йирик шаҳарларда миллий тилли мактаблар рус тилида таълим берадиган мактаблардан икки баравар кам эди. Биз миллий тилли мактабларни кўпайтиришни талаб қилдик, – дейди Муҳаммад Солиҳ. 1980-йилларда хотиним “менинг қизим отасининг тилида ўқишни истайди”, деб Шароф Рашидовга хат ёзгани ёдимда. Ажабки, 17 кун ўтиб илк бор туманимиздаги боғчалардан бирида ўзбек бўлими очилди. Одамлар талаб қилиб чиқса, ҳокимият бажарарди. Бироқ рус тилида ўқиш обрўли эди. Чунки давлат идоралари рус тилини биладиганларни ишга оларди. Барча амалдорлар рус тилида сўзлашардилар. Рус тилини яхши билмайдиганлар эса ўз она тилида гапиришга мажбур бўлганлари учун изза бўлишарди”.

Бирлик ҳаракати аъзолари ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини талаб қилиб намойиш ўтказмоқда. 1989 йил март
Бирлик ҳаракати аъзолари ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини талаб қилиб намойиш ўтказмоқда. 1989 йил март

1990 йилда Муҳаммад Солиҳ “Бирлик” ҳаракатидан чиқиб, “Эрк” партиясига асос солади. “Эрк” Ўзбекистон мустақиллигига эришишни ўз мақсади этиб белгилайди.

“Биз мустақиллик ғоясига табиий йўсинда етиб келдик. Мамлакатдаги жараёнлар бизни шундай партия тузишга ундади, – эслайди Солиҳ. – 1988 йилда “Бирлик” ташкилоти номини мен қўйгандим, ХХ аср бошларида маърифатпарвар боболаримиз – жадидлар тузган яширин партия шундай аталарди. Лекин мен бу ном совет ҳукумати йўқ қилган жадид аждодларимизга оидлигини ҳатто энг яқин дўстларимга ҳам айтмадим, акс ҳолда улар ташкилотга аъзо бўлишдан қўрқиб қолишлари мумкин эди. Бироқ икки йил ичида онгимиз шу қадар эврилдики, юртимиз Совет Иттифоқидан озод бўлишини талаб қилувчи “Эрк” партиясини бунёд қилдик. Таъсис қурултойига мухбирларни чақирдик, ҳатто Москвадан журналистлар келишганди. Мен партия дастурини ўқиб эшиттирганимда улар бари залдан чиқиб кетишди. Совет Иттифоқидан ажралишни талаб қилаётган аксилкоммунистик партия тузилаётгани улар учун сира кутилмаган ҳол бўлди. Улар саросимада қолишди”.

Муҳаммад Солиҳ. 1992 йил
Муҳаммад Солиҳ. 1992 йил

Фарғона воқеалари: “Қирғин қандай юз бергани ҳануз жумбоқ”

1989 йилнинг ёзида Фарғона вилоятида маҳаллий аҳоли билан Сталин даврида Грузиядан депортация қилинган месхети турклар ўртасида катта тўқнашув чиқади. Қирғинбарот бошланади. Вилоятнинг бир неча туманида тартибсизликлар майдан июнь ойигача давом этади. Ўзбекистон ССР Компартияси МҚ комиссияси маълумотига кўра, ушбу воқеаларда 103 киши, жумладан 52 нафар месхети турк ва 36 ўзбек ҳалок бўлган, 137 нафар ҳарбий ва 110 милиционер яраланган, улардан бири ўлган. 757 уй ёқиб юборилган. Жанжал нимадан чиққанини ҳанузгача ҳеч ким аниқ айтолмайди.

Тахминлардан бирига кўра, ўзбеклар ва тожиклар билан турклар ўртасидаги кетма-кет оммавий муштлашув тартибсизликларга айланиб кетган. Фарғонанинг Қувасойида бўлган шундай муштлашувлардан бирида тожик миллатига мансуб йигит ўлган. Эртаси куни, унинг жанозасидан сўнг кимдир ерли аҳолини “туркларнинг додини беришга” чақирган.

Яна бир тахминда жанжалга қулупнай сабаб бўлгани айтилади. Эмишки, бир турк Қўқон бозорида қулупнай сотиб олмоқчи бўлганида сотувчи ўзбек аёли нархни икки карра қиммат айтган, шунда турк қулупнай солинган тоғорани ағдариб ташлаб, аёлни сўккан. Бозордаги ўзбеклар – сотувчининг, турклар эса харидорнинг тарафини олгач, жанжал катталашган эмиш.

Тўполонлар чоғида эркаклар кўчаларда тўда-тўда бўлиб туркларнинг уйларини қидирганлар, уларга ўт қўйганлар ва уй соҳибларини ўлдирганлар.

Қирғин қурбонлари дафн маросими. 1989 йил 19 март. Фарғона
Қирғин қурбонлари дафн маросими. 1989 йил 19 март. Фарғона

“Менга мафкура бўйича котиб қўнғироқ қилиб, Фарғонада одамлар месхети туркларнинг уйларига ўт қўйишаётганини ва улар орасида “Бирлик” аъзолари ҳам борлигини айтди, – дейди Муҳаммад Солиҳ. – Сўнгра мендан у ерга бориб, “бирликчи”ларни тинчлантиришни сўради. Бу қип-қизил иғво эди, чунки рост бўлган тақдирда, бундан хабаримиз бўларди. Биз эса уйлар ёқилаётганини ҳам билмасдик. Хуллас, Фарғонага жўнадик. Мен ғалаёнчилар билан шахсан гаплашдим ва оломонни маҳаллий мафия бошқараётганини тушундим”.

“Ферганская правда” журналисти Макс Лурье ўша воқеаларни ўз кўзи билан кўрган эди. У ўзининг “Куйинди ва мусибат ҳиди” номли китобида Фарғона воқеаларини жуда мудҳиш воқеалар ўлароқ таърифлайди.

“Ўзбеклар ўзбеклардан месхети туркларни қутқариб қолишга уринган ҳоллар ҳам оз бўлмаган. ЎзССР ИИВ жиноят-қидирув бошқармаси бошлиғининг ўринбосари В.Ҳайдаров бир ўзбек икки месхети қўшнисини уйига яширганини сўзлаб берган эди. Қутурган оломон ундан туркларни топиб беришни талаб қилади. Уй эгаси ҳатто отиб ташлаш билан таҳдид қилганларида ҳам чурқ этмайди. Шундан сўнг бандитлар унинг эмизикли боласи хотини, уч ёш боласи ва кампир онасини айвонга ҳайдаб чиқиб, агар кўнмасанг, устунларни чопиб ташлаймиз, бутун оиланг том тагида қолади, деб таҳдид қилишади... Уй эгаси шунда ҳам қилт этмайди. Аммо уйда яшириниб ўтирган турклар чидай олмай, бекинган жойларидан чиқиб келадилар. Оломон ўша заҳоти уларни ҳамманинг кўз ўнгида отиб ўлдиради”, деб ёзади Лурье.

Фарғона вилоятига бир неча минг ҳарбий ташланади. Бироқ улар вазиятни назорат қила олмайдилар. Кучишлатар ходимлар айрим туркларни ўз базаларига яширишади. Аскарларга қурол ишлатишга рухсат берилмайди, бошқа ҳеч бир илож бўлмаган ҳоллардагина ўт очиш мумкин эди.

Совет ҳарбийлари Фарғонада машинани текширмоқда. 1989 йил июн
Совет ҳарбийлари Фарғонада машинани текширмоқда. 1989 йил июн

Қирғиндан сўнг ҳукумат жабр чеккан минглаб месхети туркларни Ўзбекистондан олиб чиқиб кетди. Бир йил давомида қарийб барча этник турклар – 90 мингдан зиёд киши республикани тарк этди.

Муҳаммад Солиҳ тўполонларни КГБ уюштирган, деб ҳисоблайди: “КГБ Совет Иттифоқи емирилаётганини кўриб турарди. Кўнгилчан Горбачёв ўрнига темир қўлли одамлар иқтидорга келиши учун бир фитна керак эди, қирғинбарот ва хунрезлик бўлиши керак эди. Бу воқеалар ортида СССР махсус хизматлари турган”.

Бироқ ягона версия ҳанузгача йўқ. “Қирғинга нима сабаб бўлгани жумбоқлигича қолмоқда. Айримлар буни радикаллар, бирликчилар ва ваҳҳобийларга тўнкайди. Бошқалар КГБ билан марказ сувни лойқалатиш мақсадида шуни ўйлаб топган, дейди. Яна бир тоифа эса тўполон жамиятнинг ҳаддан зиёд асабийлашиб кетгани туфайли қўққисдан бошланиб кетган, деб билади”, – таъкидлайди Абашин.

Бу СССРнинг сўнгги йилларида Фарғона водийсида юз берган биринчи миллатлараро можаро эди. Бир йилдан сўнг яна бир фожиа юз берди: Қирғизистон ССРнинг Ўш вилоятида этник қирғизлар ва ўзбеклар тўқнашди.

Фарғона воқеаларидан сўнг Рафиқ Нишонов ЎзССР Компартияси раҳбарлигидан олинди. Уни СССР Олий Советининг Миллатлар кенгашига раис этиб сайладилар. Расман бу кўтарилиш бўлса-да, аслида Нишонов “фахрий истеъфо”га чиқарилганини кўпчилик тушунди. Ўзбекистон Компартияси раҳбари лавозимини Ислом Каримов эгаллади, у республикани 2016 йилгача – вафотига қадар идора қилди.

“Каримов атрофидаги турли гуруҳларини бирлаштириб, нозик паллада ҳокимиятни сақлаб қола олди”, дейди Сергей Абашин. У совет даврида турли лавозимларда ишлаган Каримов ҳукумат ва жамиятдаги гуруҳларни мувозанатда тутишга ва босимни кучайтириш учун қулай пайт топишга уста бўлганини урғулайди.

Партиясиз ислом

Бу йилларда Ўзбекистон ССРда аксилкоммунистик партия тузган сиёсий мухолифат билан қаторда мусулмон уламолари ҳам кучайди. Ислом дини ўзбек жамиятида ҳатто совет даврида ҳам жиддий таъсирга эга бўлган. 40-йиллардаёқ Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармаси очилган эди.

“Горбачёв даврига келиб мачитлар қурила бошланди, диний фаолият эркинлашди, кўплаб янги имомлар пайдо бўлди ва уларнинг жамиятга таъсири ортди, – дейди Абашин. – Лекин Тожикистонда улар сиёсий партия тузишни уддалашган бўлса, Ўзбекистонда мусулмонларнинг том маънодаги партияси шаклланмади. Бу тармоқ принципи асосида қурилган стихияли ҳаракат эди. Масалан, имомнинг шогирдлари тарқалиб, бошқа мачитларни ўз назоратига олишга ҳаракат қилишар, диний таълим билан шуғулланишарди. Бу рўйхатга олинган партия эмасди, аммо нуфузли ҳаракат ва катта куч эди”.

Тилла шайх масжидида жума намози. 1979 йил
Тилла шайх масжидида жума намози. 1979 йил

Эксперт 80-йилларда Ўрта Осиё мусулмонлари диний идорасида рўй берган ички зиддиятлар ҳақида шундай дейди: “Бутун совет даври мобайнида диний идора тепасида турган Бобохоновлар сулоласини “ағдаришди”. Уламолар орасида энг обрўлиси бўлган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф идорага раҳбар бўлди. У депутат бўлиб, шахси давлат мулозимлари билан боғланса-да, ҳокимиятдан бир қадар масофалангани сабабли қисман мухолифатчидек туюларди. Диндорларнинг ички тортишувларида радикаллар билан мўътадиллар ўртасида оралиқ позицияни тутишга ҳаракат қилиб келган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 90-йилларда диний ҳокимиятдан четлатилганидан сўнг Каримов билан зиддиятга борди. Аммо Ўзбекистонда узоқ қолмади ва чет элга кетиб, бир неча йил яшади. Сўнгра қайтди, Каримов уни мамлакатга киритди, барча муҳтамал айбловлар олиб ташланди. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ортиқ бирон расмий лавозимда ишламаган бўлса-да, норасман жуда нуфузли шахс эди. У аллақачон вафот этган, лекин ҳамон исломий ҳаракатнинг сўнгги ўн йилликдаги етакчиси саналади”.

1990-йиллар бошида Наманганда “Адолат” номли радикал ҳаракат вужудга келди. Унинг аъзолари шариат қонун-қоидалари жорий этилишини талаб қилишарди. Водий вилоятларида радикалларнинг шариат қонунларига риоя этилишини назорат қилувчи гуруҳлари кўчаларни айланиб юришарди. Бу ҳол 1991 йил охирида “Адолат” ҳаракати аъзолари Компартиянинг Наманган вилояти қўмитаси биносини босиб олишгунича давом этди. Мазкур воқеадан сўнг ҳукумат уларга нисбатан қаттиқ чора кўра бошлади.

“Каримов уларни тор-мор қилди, бир қисми қамоққа олинди, қолганлар Европага ёки қўшни Тожикистон ва Афғонистонга қочди. Жума Намангоний билан Тоҳир Йўлдош Тожикистон бирлашган мухолифатига қўшилиб, унинг тарафида туриб Душанбе ҳукуматига қарши урушда иштирок этишди. Улар бир-бирини аввалдан танир эди, чунки совет даврида ислом тармоғи умумий бўлган, миллий республикалар бўйича ажратилмаган. Ўрта Осиё мусулмонлари ўзаро алоқада бўлганлар. Бироқ 90-йиллар охирида Тожикистонда сулҳ битими имзолангач, “Ўзбекистон исломий ҳаракати” тожик мухолифатидан ажралиб чиқиб, мавжудлигини билдириб қўйишга уринди”, дея сўзини якунлайди Сергей Абашин.

Суверенитет, мустақиллик, Каримов

1990 йил 18 февралда Ўзбекистонда кўппартиялилик асосида биринчи парламент сайлови ўтказилди. Компартия вакиллари 500 ўриндан 490 тасини эгалладилар. Бироқ сайловдан кейин улардан баъзилари мухолифат тарафига ўтди.

Ислом Каримовни илк дафъа 24 март куни Олий Совет сессиясида президентликка сайладилар. 20 июнда эса депутатлар мухолифат ташаббуси билан Давлат суверенитети тўғрисида декларацияни қабул қилишди.

Ўзбекистон компартияси МҚ биринчи котиби¸ Ўзбекистон ССР презденти Ислом Каримов Кремл саройида съездда. 1990 йил 4 июл
Ўзбекистон компартияси МҚ биринчи котиби¸ Ўзбекистон ССР презденти Ислом Каримов Кремл саройида съездда. 1990 йил 4 июл

1991 йил 18 августда Москвада давлат тўнтариши бўлганида Каримов ГКЧП аъзоларининг позициясини қўллаб-қувватлади. “Совет жамиятининг демократик эврилишига умид уйғотган қайта қуриш боши берк кўчага кириб қолди”, деган эди у Тошкентда партия фаоллари билан ўтказган учрашувида.

Бироқ путч мағлуб бўлди, 28 август куни эса Каримов Москванинг КПСС фаолиятини тўхтатиб туриш ҳақидаги қарорига норозилик билдирди. У Ўзбекистон Компартияси КПССдан ажралиб чиққанини эълон қилди.

1991 йилнинг 31 августида Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши мустақиллик декларациясини қабул қилди. 29 декабрда эса умумхалқ референдумида 98 фоиз сайловчи мустақилликни ёқлаб овоз берди. Ўша куни президент сайлови ҳам ўтказилди.

Каримовнинг ягона рақиби “Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳ эди. “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатов сайловда ўз номзодини қўя олмади, чунки “Бирлик” расман партия эмас, балки жамоат ташкилоти деб рўйхатдан ўтказилганди. Расмий маълумотларга кўра, Каримов сайловда 87 фоиздан кўпроқ овоз олган. Аммо мухолифат вакиллари сайлов натижалари буткул сохталаштирилганини айтадилар.

Бир неча йилдан сўнг мухолифатнинг деярли барча вакиллари, жумладан Муҳаммад Солиҳ ва Абдураҳим Пўлат сиёсий таъқиблар туфайли Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлишди.

Ислом Каримов Ўзбекистонни 27 йил идора қилди ва энг аввало, деспотизмга хос бошқарув услуби билан ёдда қолди. Иқтидордаги Ўзбекистон Компартияси номини Халқ демократик партияси деб ўзгартирди, совет номенклатурасидан чиққан Каримов эса совет давлатининг ашаддий танқидчисига айланди. Шу билан бирга, мамлакатда ҳар қандай ўзгача фикрни бўғди, диндорларга нисбатан аёвсиз сиёсат юритди, шунингдек ўзининг президентлик муддатларини бир неча бор узайтирди ва нуллаштирди. Ташқи сиёсатда мувозанатни сақлашга интилди. Унинг даврида Ўзбекистон КХШТдан чиқди. Ўзбекистоннинг биринчи президенти 2016 йил кузда инсультдан вафот этди, шу билан 27 йиллик Каримов эраси барҳам топди.

Форум

XS
SM
MD
LG