Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:07

Ўзбекистон: Давлат ОАВлари жим, тармоқлар "қозоқ бовурлар"ни эҳтиёткорона олқишламоқда


Қозоғистондаги намойишлар манзарасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққани эълон қилинди.
Қозоғистондаги намойишлар манзарасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққани эълон қилинди.

Ўзбекистон ҳукумати Қозоғистондаги воқеаларга расмий муносабат билдирганича йўқ.

Намойишлар қўшни мамлакатнинг деярли барча ҳудудларига ёйилган 5 январь куни Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати Президент Шавкат Мирзиёевнинг қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққанини эълон қилди.

Айни пайтда ҳукумат нашрлари ва давлат телевидениеси Қозоғистонда 2 январь куни бошланган ва ҳукумат истеъфосига олиб келган оммавий намойишлар ҳақида сукут сақламоқда.

Ҳукумат нашрлари – “Янги Ўзбекистон” ва “Халқ сўзи” газеталарининг 4 январь сонида Қозоғистондаги намойишлар хусусида бир сатр ҳам хабар берилмаган.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги сайтида “Қозоғистон президенти ҳукумат истеъфосини қабул қилди” сарлавҳали қисқа хабар эълон қилинди. Унда Қозоғистонда газ нархининг бирданига икки баробарга оширилиши аҳоли учун “сюрприз” бўлгани қайд этилади.

“Илгари “ўйнашмагин арбоб билан...” деган нақл бўлар эди, энди “ўйнашмагин нарх-наво билан” деган ибора ушбу нақлнинг замонавий кўринишига айланди чоғи”, – деб ёзади агентлик.

Нисбатан эркин деб баҳоланадиган электрон нашрларда ҳам “газ ғалаёнлари” эҳтиёткорлик билан ёритилаётгани кузатилади.

Kun.uz” нашри Манғистаудаги норозилик намойишларига Қозоғистоннинг бошқа шаҳарлари аҳолиси ҳам қўшилгани, бунинг ортидан ҳукумат тарқатиб юборилгани ҳақида хабар берди.


Qalampir.uz” сайти “Uzbekistan Airways” ширкати тобора оловланган намойишлар ортидан Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрига парвозларни бекор қилганини маълум қилди.

Daryo.uz” нашри “Қозоғистонда газ нархининг оширилишига қарши намойишларда одамлар ва полиция ўртасида тўқнашувлар кузатилди. Ҳукумат интернетни блоклади” сарлавҳали катта материал чоп этди.

"Қозоқ бовурларнинг жасорати"

Ижтимоий тармоқларда фаол айрим блогерлар ҳам қўшни мамлакатдаги ғалаёнлар юзасидан ўз муносабатини билдирди.
Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров намойишларда Нурсултон Назарбоевнинг ҳиссаси ҳақида ёзар экан, Кремль омилини ҳам унутмаслик кераклигини уқтиради.

“Газ нархининг Назарбоевга не алоқаси бор дерсиз? Бор алоқаси. Газ монополисти “Казтрансгаз”га Дарига Назарбоеванинг фуқаровий эри Қайрат Шарипбаев бошчилик қилади. Ҳеч бир мулоқот ва келишувларсиз газ нархини ошириш ҳаракатида халқ Назарбоевнинг қўлини кўряпти. Бўлаётган воқеаларда албатта ички омил ва йўл қўйилган хатолар асосий, лекин ташқи триггерни эсдан чиқармаслик лозим. Кремль назорати остидаги ОАВлар, гарчи Россияда узун таътил бўлишига қарамай, воқеаларни фаол, ҳатто иштиёқ билан ёритаётгани сергаклантиради. Дўст ва биродар қозоқ халқи ва раҳбарияти ташқи кучлар ташвиқоти ва таъсирисиз ўзаро мулоқот ва компромисс йўлини топа олади”, – дея ишонч билдиради Бакиров.

Ҳуқуқий мавзуга ихтисослашган блогер Хушнудбек Худойбердиев ҳам намойишлар ташқи ғанимга қўл келиши эҳтимолидан баҳс этди.

“Қўшни қардош қозоқ халқига тинчлик тилайман. Кўтарилган масалалар тезроқ ўз ечимини топиб, ташқи душманларга қўл келадиган уруш-жанжаллар барҳам топсин, деймиз. Чунки Қозоғистондаги воқеаларни айрим давлатдаги ОАВлар шубҳали тарзда жуда фаол ёритиб бормоқда. Ўша давлатдаги (номини айтмасам ҳам билдингиз) айрим “сиёсатчилар” эса Қозоғистон ҳудудидаги ўз миллатдошларини қутқариш, бунинг учун ўша давлатдаги ерларни ажратиб олиш ҳақида муҳокамаларни бошлаб юборган”, – дейди блогер.

Таҳлилчи Сардор Салим қозоғистонликларнинг ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб намойишга чиққанини жасорат ўлароқ баҳолади.
“Қозоқ бовурларимизнинг жасоратини ўзбеклар муайян хайрихоҳлик ва интизорлик билан кузатяпти. Афсус, бундай ғалаёнлар яхшилик билан тугамайди, на қозоқларда, на бизда. Нега? Барча сиёсий инқилоблар, аслида, ва аввало, маънавий инқилоб бўлган: одамлар ҳақни истаган ва йўл-йўлакай эркинлик ва фаровонликка ҳам эришган. Онгимизда мана шу “маънавий инқилоб”ни бошламасдан сиёсий инқилобга қўл уриб бўлмайди. Акс ҳолда, бир зулм бошқа турдаги зулм билан алмашади, холос. Станислав Лец айтганидек, бошингни уравериб, қамоқдаги камера деворини ўпирдинг ҳам дейлик. Қўшни камерада сенга нима бор? Қирғизистон бунга яққол мисол”, – деб ёзади С.Салим.

Ижтимоий тармоқда “Mufasa” тахаллуси билан танилган Мирсаид Ҳайдаров ҳам қўшниларга ҳурмат руҳида постлар чоп этди.

“Намойишчиларнинг талаблари қондирилиб, газ нархи тушган ва ҳаттоки ҳукумат истеъфога чиққан бўлса-да, уларда тўхташ нияти йўқ. “Чол”нинг кетишини талаб қилишмоқда. Халқ тўйган, энди ҳеч қандай олди-қочди ваъдаларга ишониш нияти йўқ. Қозоқ эли, сизларга респект!” – деб ҳаяжонли мулоҳазалари билан ўртоқлашади у.

Mufasa, шунингдек, Назарбоевнинг "чўнтак олигархлари" мамлакатни тарк этаётгани, хусусан, ўзбек миллиардери Патох Шодиев хусусий самолётида учиб кетганини хабар қилган.
Блогер ва шарҳловчи Нурбек Алимовга кўра, Қозоғистонда ҳокимият жилови ҳали-ҳануз президент Қасим-Жомарт Тоқаев қўлида эмас.

“Аслида унинг қўлида ҳам эмас ҳамма ричаглар. У ҳозирча қабул қилиш мумкин бўлган энг тўғри қарорларни қабул қилди. Шу билан бу воқеалар аста ўз инерциясини йўқотса ажаб эмас”, – деб ёзади таҳлилчи.

Муаллиф қўшни ўлкадаги ғалаёнлар Ўзбекистон учун қай жиҳати билан муҳим экани масаласига ҳам ойдинлик киритган.
“Ўзбекистон учун ҳам ён қўшни давлатда бундай ғалаёнлар куч ишлатилишига айланиб кетмаслиги муҳим. Бундан ташқари, хатолар қилиб тўғрилагандан кўра, бошқаларнинг хатоларини тўғри анализ қилиб, уларни такрорламаслигимиз, бизнинг ҳукумат учун ҳам гўзал иш бўларди”, – деб хулоса қилади Н.Алимов.

XS
SM
MD
LG