Линклар

Шошилинч хабар
28 сентябр 2021, Тошкент вақти: 00:13

Ўзбекистон-Покистон: Нотинч қўшни оша ҳамкорлик


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон 15 июль куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон 15 июль куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Шу куни у Ўзбекистон – Покистон бизнес форумида иштирок этди.

Покистон бош вазири, шунингдек, Ўзбекистон раҳбари билан сўзлашувлар ўтказди.

Имрон Хоннинг Тошкентга ташрифини Ўзбекистон расмий матбуоти “кўп қиррали Ўзбекистон – Покистон шериклигини янги босқичга олиб чиқишда навбатдаги муҳим қадам бўлиши кутилмоқда”, дея баҳолади.

Таҳлилчилар фикрича, Тошкент – Исломобод муносабатлари истиқболи Афғонистондаги вазиятнинг барқарорлашувига боғлиқ.

15-16 июль кунлари Тошкент Марказий ва Жанубий Осиёдаги ҳамкорликка доир халқаро анжуманга мезбонлик қилади. Афғонистон ва Покистон раҳбарлари ҳам қатнашадиган анжуман Толибон Марказий Осиё чегараларига чиққан паллага тўғри келмоқда.

Мирзиёев жанубий қўшнисига чегараларни очган ва Ўзбекистон Афғонистон орқали Покистон портларига чиқишга умид қолмоқда. Аммо таҳлилчиларга кўра, Тошкент, яна бир бор иқтисодий манфаат билан миллий хавфсизлик ўртасидаги зиддиятли танлов қаршисида қолиши мумкин.

Яхши бошланиб, кейин совиб кетган муносабатлар

Ўзбек сиёсатшуноси, Марказий Осиё мамлакатлари интеграциялашуви масалалари бўйича мутахассис Фарҳод Толипов Тошкент- Исломобод муносабатлари тарихига тўхталар экан, бундай деди:

“Ўзбекистон-Покистон муносабатлари мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ бошланган. 90-йиллардан бошлаб Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида рамзий маънода гапирилса, “жанубга қараб юриш”, яъни жануб томон транспорт-коммуникацион йўлларни барпо этишга ҳаракат стратегик аҳамият касб этган эди. Яъни Ўзбекистон Афғонистон ва Покистон орқали денгиз портларига чиқиш йўлида сиёсат олиб борган”.

Покистон Ўзбекистон мустақиллигини дунё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб, 1991 йилнинг 20 декабрида тан олган. 1992 йилнинг 10 майида эса, икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистон-Покистон муносабатлари шу пайтга қадар анча паст даражада бўлиб келгани, Ислом Каримов даврида Ўзбекистоннинг нафақат Покистон билан муносабатлари, балки, барча жанубий давлатлар, яъни, Афғонистон, Эрон, Туркия, араб давлатлари билан муносабатлари ҳам асосан, ишончсизлик билан тўлдирилганини айтади:

Сиëсатшунос Камолиддин Раббимов
Сиëсатшунос Камолиддин Раббимов

“Ўзбекистон ҳокимиятига Шавкат Мирзиёев келгандан кейин ҳам, Покистон билан муносабатлар ижобий томонга жадал ўзгармади. Қиёслаш учун: Покистоннинг энг катта рақиби - қўшниси Ҳиндистон билан, Ўзбекистоннинг кейинги беш йилдаги муносабатлари анча юқори. Мисол учун, Президент Мирзиёев 2018 йил октябрда Ҳиндистонга борди, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Ўзбекистонга келди. Бу икки раҳбар пандемия фонида, бир неча марта телеконференциялар ўтказишди. Лекин шу пайтгача Мирзиёев Покистонга бормади ”.

Илиқлаша бошлаган муносабатлар

Мана шундай вазиятда Покистон бош вазири Ўзбекистон президентининг таклифи билан Тошкентга расмий сафар билан келди.

АҚШ кучлари Афғонистондан чиқиб кетиши фонида Ўзбекистон Покистон билан муносабатларни ривожлантириш ниятида.

“Мана энди, АҚШ кучлари Афғонистондан чиқиб кетиши фонида Ўзбекистон Покистон билан муносабатларни ривожлантириш ниятида. Сабаби, толибларга таъсири юқори бўлган ягона давлат Покистондир. Айни пайтда бу давлат Пекиннинг энг ишончли стратегик ҳамкори, дўсти, иттифоқчиси. Пекин эса, АҚШни Афғонистондан чиқиб кетишини қулай сиёсий фурсат кўриб, толиблар билан келишиш, уларни тинч йўл билан Афғонистон вазиятига интеграция қилиш ва шу йўл билан, Афғонистон орқали ўзининг азалий орзуси – Евросиё савдо-транспорт коридорларини йўлга қўйиш истамоқда”, дейди Камолиддин Раббимов.

Денгизга эҳтиёж

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 2 июнида Сурхондарёда журналистлар олдида қилган чиқишида қурилиши режалаштирилаётган “Мозори Шариф-Кобул-Пешовар” темир йўлини Ўзбекистон учун “жўғрофий, иқтисодий ва сиёсий” фойда келтирувчи лойиҳа деб атаган эди:

Мен буни аср лойиҳаси деб атайман... Хабарингиз бор, Тошкентда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон вакиллари бу “аср лойиҳаси”ни имзолаган. Орадан 2-3 ой ўтиб мен Жаҳон банки раҳбарияти билан учрашдим. Улар дастлабки қадамлар – лойиҳалаш ишлари учун 35 миллион доллар ажратишга рози бўлишди”.

Бу лойиҳалар келажаги кўп жиҳатдан Афғонистондаги вазиятга боғлиқ бўлиб қолади. Вазият эса, кўп жиҳатдан мавҳум бўлиб қоляпти.

Шавкат Мирзиёевга кўра, мазкур темир йўл қурилиши амалга оширилган тақдирда, темир йўл транзити учун бериладиган пул Афғонистон ҳазинасига қолади, Ўзбекистон учун эса Эрон ва Покистон портларига йўл очилади. Жорий йилнинг 2 февралида Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистон вакилларидан иборат ишчи гуруҳ биринчи марта учрашган ва темир йўл қурилиши бўйича йўл харитасини имзолаган эди.

Ўзгарган вазият

Бироқ кейинги бир-икки ой ичида Афғонистондаги вазият кескин ўзгарди. Бу омил Тошкент-Исломобод савдо-иқтисодий алоқаларига қандай таъсир қилиши мумкин?

Сиёсатшунос Фарҳод Толипов:

Сиëсатшунос Фарҳод Толипов
Сиëсатшунос Фарҳод Толипов

“Ҳақиқатан ҳам кейинги пайтларда Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги Афғонистонда беқарорлик авж олмоқда. Фуқаролик уруши аломатлари пайдо бўлди. Транспорт, инфраструктура лойиҳалари истиқболи савол остида қолмоқда. Тошкентда иш бошлаётган халқаро конференцияда бу масала муҳокама қилинар. Ҳар ҳолда 90-йиллардан бери гапирилаётган, бироқ амалга ошмаётган қатор лойиҳалар бор. Масалан, электр энергиясини узатиш бўйича CASA 1000 лойиҳаси бор, ёки Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (TAPI) газ қувури лойиҳаси бор. Ва ниҳоят “Мозори Шариф-Кобул-Пешовар”темир йўли лойиҳаси бор. Бу лойиҳалар келажаги кўп жиҳатдан Афғонистондаги вазиятга боғлиқ бўлиб қолади. Вазият эса, кўп жиҳатдан мавҳум бўлиб қоляпти”.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Ўзбекистоннинг Покистон билан муносабатларида ғов бўлиши мумкин бўлган омил Покистон ёрдамида ҳал қилинган бўлиши ёки қилиниши мумкин:

“Ўзбекистоннинг азалий орзуси энг яқин йўл – Афғонистон орқали Покистоннинг Карачи портларига чиқишдир. Ягона тўсиқ – Афғонистондаги вазият, яъни, толиблар. Лекин, назаримда, Покистон ёрдамида, толиблар билан “ўйин қоидаси” ва “мақсад-вазифалар” борасида, келишувга эришилган кўринади”.

Икки давлат иш одамлари учрашуви

15 июль куни Тошкентда Ўзбекистон – Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Покистон Бош вазири Имрон Хон ҳамда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповлар иштирок этган анжуманда, расмий хабарларга қараганда, Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳамда икки мамлакат ишбилармон доираларининг 300 дан зиёд вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистоннинг ишбилармон доиралари вакили исми айтилмаслик шарти Озодлик билан суҳбатда кейинги пайтларда Покистон билан савдо-иқтисодий алоқалар жадаллаша бошлаганини, бу жадаллашув президент Мирзиёев олиб бораётган сиёсат маҳсули эканлигини таъкидлаб ўтаркан, бундай деди:

Икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмини 5 млрд долларга етказиш тўғрисида сўз бўлди.

“Покистонга биздан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари – дуккаклилар, мева ҳамда пахта калаваси экспорт қиляпмиз, Покистондан эса, цитрус, гурунч, картошка импорт қиляпмиз. Покистонда енгил саноат, айниқса терини қайта ишлаш саноати жуда ривожланган. Бу йўналишда Ўзбекистонда қўшма корхона қурилиши режалаштриляпти. Икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмини 5 млрд долларга етказиш тўғрисида сўз бўлди”.

Расмий маълумотларга қараганда, сўнгги беш йилда Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокидаги корхоналар сони қарийб икки бараварга ошди ва 160 тани ташкил этмоқда.

Айни пайтда...

Президент Мирзиёевнинг ташаббуси билан 15-16 июль кунлари Тошкентда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтади.

Давлат раҳбари матбуот хизматига кўра, “Форумнинг асосий мақсади Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихан яқин ва дўстона алоқаларни, ишонч ва яхши қўшничиликни икки минтақа халқлари ва мамлакатлари манфаатлари йўлида мустаҳкамлашдан иборат”.

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, бошқа хорижий давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари ва юқори даражадаги вакиллари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молиявий институт ва компаниялар, етакчи илмий-тадқиқот ва таҳлилий марказларнинг раҳбарлари иштирок этиши режалаштирилган.

XS
SM
MD
LG