Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:35

Оқ уй: Террорчи гуруҳга алоқадор шахс ўзбекистонликларни Мексика орқали АҚШга олиб кирган


Президент Байден маъмурияти Ўзбекистондан АҚШга одамларни ноқонуний  олиб кириш билан шуғулланган тармоқ фаолиятига чек қўйганини маълум қилди.

Қўшма Штатлар расмийларига кўра, тармоқнинг камида бир аъзоси хорижий террорчи гуруҳ билан алоқада бўлган.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши сўзчиси Эдриенн Уотсоннинг айтишича, Америка расмийлари ушбу тармоқ хизматидан фойдаланган ўзбекистонликлар бирон террорчи гуруҳга алоқадор ёки террор ҳужумини режалаган, деб ишонмайди.

Оқ уй баёнотида террорчи гуруҳ номи тилга олинмаган, аммо Associated Press агентлиги расмийларга таянган ҳолда унинг Исломий давлат ташкилоти эканини ёзди.

”Контрабандачилардан кўмак олган муҳожирлар тезда депортация қилинади ва "тўлиқ текширилади”, деди Уотсон.

ИШИД билан алоқалар

CNN хабарига кўра, Федерал қидирув бюроси АҚШдан бошпана сўраб Мексика орқали кирган ўндан ортиқ Ўзбекистон фуқаросини тергов қилмоқда. Махсус хизматлар маълумотига кўра, ўзбекистонликлар АҚШнинг жануби чегарасига ИШИДга алоқадор контрабандачи гуруҳ ёрдамида етиб келган.

Гарчи ИШИДнинг конкрет режасига доир бирор маълумот бўлмаса-да, ФҚБ ўзбекистонликларни атрофлича терговдан ўтказишга қарор қилган.

Исмини очиқламаслик шарти билан гапирган АҚШ расмийсига кўра, контрабандачи Туркияда яшайди ва жиҳодчи “Исломий давлат” билан алоқаси бор. Бу ҳақда дастлаб CNN хабар берди.

2021 йилда президент Жо Байден лавозимга келганидан буён рекорд миқдордаги муҳожирлар АҚШ-Мексика чегарасини ноқонуний кесиб ўтди, уларнинг кўпчилиги узоқ мамлакатлардан келган.

Республикачилар таъкидлашича, Байден собиқ республикачи президент Доналд Трампнинг қаттиқроқ сиёсатини юмшатиб, ноқонуний ўтишларга йўл очиб берган. Байден маъмурияти таъкидлашича, миграция сабабли Ғарбий ярим шардаги мамлакатлар қийин аҳволда қолар экан, президент кўпроқ инсонпарварлик сиёсатини жорий қилмоқда.

2022 йил октябридан 2023 йил июлигача АҚШ-Мексика чегарасига келган 2 миллионга яқин муҳожирдан 216 нафари АҚШ ҳукумати рўйхатига кўра, терроризмга алоқадор бўлиши мумкинлиги учун АҚШ кузатув рўйхатига киритилган.

АҚШ-Мексига чегарасидаги ўзбекистонликлар сони кўпайди

АҚШ расмийсининг айтишича, ФҚБ контрабанда тармоғи орқали АҚШга кирган 120 га яқин ўзбек муҳожирларидан 15 га яқинини қидирмоқда.

ФҚБ вакилининг айтишича, агентлик "АҚШга жанубий чегара орқали кирган чет эл фуқаролари иштирокидаги террорчилик режаси борлигини аниқламаган".

2022 йилда АҚШ божхона ва чегара қўриқлаш хизмати АҚШ чегараларида 3200 га яқин ўзбекистонликни аниқлаган, бир йил аввал бу кўрсаткич 700 дан кам эди.

Айни пайтда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 30 август куни Интерпол қидирувидаги эркак Никарагуадан Ўзбекистонга экстрадиция қилингани маълум қилди.

Ноқонуний миграция ва фирибгарликда гумонланган шахс АҚШ, Россия, Мексика, Туркия ва Панама давлатлари органлари ёрдамида қўлга олингани айтилади.

ОЗОДЛИКДА МАХСУС ҲУЖЖАТЛИ ФИЛЬМ

  • Озодлик ижодий гуруҳи “Америка орзуси”да узоқ ва таҳликали сафарга отланган ўзбекистонлик ва марказий осиёлик бошқа муҳожирларнинг тақдирини ўрганиш мақсадида Мексика ва Қўшма Штатларга сафар қилди.
  • Фильм қаҳрамонлари орасида кимсасиз ўрмонлар оралаб, оч-ночор тентираб, тимсоҳларга тўла сувларда ҳаётини хавфга қўйиб, қароқчилар томонидан ўғирланиб, асирликда яшаганлар бор.
  • Яхши ҳаёт ва фарзандлари келажаги учун бор-будини сотган ва Мексикадаги жиноий картелу чегарадаги қочоқчилар, қамоқ ва ўлим хавфини кўзга олган аёлу эркак, ёшу қари - ўзбек ва бошқа муҳожирларнинг ҳикояларини Озодликнинг YouTube каналида томоша қилинг!

Форум

XS
SM
MD
LG