Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:16

"Ўзбекистон 24" канали репортажига халақит берган аризачи аëл 3 кунга қамалиб чиқди


"Ўзбекистон 24" телеканали репортажи тасвирга олинаётган пайт
"Ўзбекистон 24" телеканали репортажи тасвирга олинаётган пайт

Озодликка етиб келган видеода Қарши шаҳрида давлат мулозими Ўзбекистон 24 телеканалига суҳбат бераëтгани акс этган. Мулозим қашқадарëлик аëлларнинг имтиëзлари¸ иш билан таъминлангани ва умуман, ҳукуматнинг хотин-қизларга ғамхўрлиги ҳақида гапираëтган пайтда бир аëл микрофон олдига келиб, ўз дардларини айта бошлайди. Бу аëл - 37 ёшли Дилафруз Дўлтаевадир.

У "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ тизимидаги ишидан ноҳақ бўшатилгани ва ишга тикланиш учун давлат идоралари ва ҳукумат раҳбарларига қилган мурожаатлари жавобсиз қолаётганидан шикоят қилади.

Озодлик билан суҳбатда Дўлтаева видеодаги ҳаракати ортидан Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан уч кунлик маъмурий ҳибсга маҳкум этилганини айтиб берди.

Ўзбекистон 24 канали репортажига ҳалақит берган арзгўй аëл ҳибсга кириб чиқди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:05 0:00

Унинг сўзларига кўра, 11 ноябрь куни ўзи ва синглиси, 32 ёшли Дилсўз Дўлтаева Қарши шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Уч кунлик маъмурий қамоқ муддати тугагач, опа-сингиллар 14 ноябрь куни соат тунги 1 ларда қамоқдан қўйиб юборилган.

Дилафрўз Дўлтаеванинг иддао қилишича, опа-сингиллар қамоқда ИИБ ходимлари тарафидан калтакланган.

“11 ноябрь куни муаммонгизни ҳал қилиб берамиз, деб Қарши шаҳар ҳокимлигига чақиришди. Ҳокимиятга киришимиз билан наряд қўлимизга кишан солиб олиб кетди. Калтаклашди бизни”, деди Дўлтаева.

Озодлик боғланган Қашқадарë вилояти ИИБ ходими Дўлтаеваларнинг иддаосини қатъиян рад этди ва опа-сингиллар жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини бузганлик айби билан ҳибсда ушлаб турилгани, уларга нисбатан куч ишлатилмаганини таъкидлади. ИИБ ходимига кўра, аëллар Маъмурий ишлар бўйича Қарши шаҳар суди қарорига кўра уч кунлик маъмурий ҳисбга олинган.

37 ёшли Дилафрўз Дўлтаева ишсизлик муаммоси туфайли ҳокимият идораларига тинимсиз мурожаат қилиб келган. Аммо унинг мурожаатлари ҳозирга қадар ҳеч қандай натижа бермаган. У олий маълумотли бўла туриб, анча вақт ўз соҳаси бўйича иш тополмай қийналганини айтади.

“Мен олий маълумотлиман. Ўн икки йил Темир йўлда ишладим. Лекин раҳбарлар мени сиғдирмасдан, ишдан бўшатиб юборди. Ишимга тикланишимни сўраб бормаган ташкилотим қолмади”, - дейди Дўлтаева Озодлик билан суҳбатда.

Дилафрўзнинг 32 ёшли синглиси Дилсўз Дўлтаева – ўқитувчи. У ўзининг дарс соатларини кўпайтиришни сўраб, қилган мурожаатлари ҳал этилмай келаётганини айтади. Аксинча, унинг айтишича, ҳар сафар мурожаат қилганидан сўнг дарс соатлари янада қисқартирилган. Бугунга келиб, Дилсўз Дўлтаева Миришкор туманида ишлаб турган мактабидан бўшатилган.

Озодлик Дилафрўз Дўлтаеванинг ишдан бўшатилиши ва ишга қайта тикланиш ҳақидаги мурожаатлари билан боғлиқ вазият юзасидан "Ўзбекистон темир йўллари" АЖдан ҳозирча расмий изоҳ олишга муваффақ бўлгани йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасида “давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул” экани белгилаб қўйилган.

Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича Президент ҳамда Бош вазир виртуал қабулхоналари, шунингдек, халқ қабулхоналари ташкил этилган.

Президент Мирзиёев ўз чиқишларида "халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак"лигини таъкидлаб келади.

Аммо сўнгги пайтларда Озодликка мурожаат қилаётган шикоятчилар фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда Каримов давридаги услубга қайтилаётгани - аризачиларнинг мурожаатлари кўпинча устидан арз қилинган мансабдорларнинг ўзига кўриб чиқиш учун юборилаётганини айтишмоқда.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари муаммонинг илдизини Ўзбекистонда суд ҳокимияти мустақил эмаслигида кўрадилар.

XS
SM
MD
LG