Линклар

Шошилинч хабар
28 сентябр 2021, Тошкент вақти: 00:00

Амударёни кечиб ўтаётган қочқинлар - Ўзбек-афғон чегарасидаги вазият (ВИДЕО)


Афғон қочқинлари Европа чегарасигача етиб бормоқда: Польша чегарасида ушланган афғон қочқинлари.

Ўзбек-афғон чегарасидан келаётган хабарларга кўра, Ўзбекистоннинг қочқинларга қарши қатъий мавқеи ва кўраётган чораларига қарамасдан, Амударё нариёғидан қочқинларнинг кириб келиши давом этмоқда.

Озодлик суҳбатлашган сурхондарёликларнинг айтишича, айрим афғонистонликлар Амударёни сол ва ясама қайиқлар ёрдамида кесиб ўтаётган бўлса, бошқалари сузиб ҳам ўтмоқда.

Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудларида ички ишлар, ҳарбийлар ва бошқа махсус хизматлар ходимлари рейдлари авж олгани хабар қилинади.

Тунда дарёни кечиб ўтаётган қочқинлар

Афғонистонда Толиблар ҳокимияти ўрнатилиши ортидан мамлакатнинг шимолий қўшниси Ўзбекистон ҳудудига ўтиш ҳаракат қилаётган қочқинлар оқими тўхтамаяпти.

Озодлик суҳбатлашган сурхондарёликлардан бирининг айтишича, 12 сентябрь куни чегарани ноқонуний кесиб ўтган афғонистонликларнинг яна бир гуруҳи ҳақида хабар тарқаган.

- Музработ туманида 12 сентябр соат 2ларда атрофида афғонларни кўришган. 8 киши ўтиб келган экан. Кечаси бировнинг уйини тақиллатиб, нон сўрашган. Қўрқиб кетган уй эгаси бақириб, ёрдам чақирган. Қўлга тушганлари 8 киши эдик, деб айтган экан. Кўчаларни солдатлар босган, қуролланган ходимлар. Афғонларнинг 3 тасини ушлашибди, яна 5 тасини қидиришяпти. Одамларнинг молхонаси, далалар тинтув қилиняпти, деди музработлик суҳбатдош.

Манбанинг сўзларича, афғонистонликлар чегарани турли йўллар билан кесиб ўтмоқда.

Сурхондарё вилоятида чегарачи ҳарбийлар патрули қочқинларни изламоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:37 0:00

Яна бир сурхондарёликнинг сўзларига кўра, одамлар орасида ваҳима бўлмаса-да, ўзбек-афғон чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатлари тўғрисида кунда-кунора хабарлар тарқамоқда.

- Ўзи ҳар куни деярли ўтяпти, дейишяпти. Лекин ҳарбийлар ушлаб олиб кетяпти экан уларни. Ўзим чегарага яқин турмасам-да, ҳар-хил гап-сўзлар юрибди. Улар асосан кечқурун дарёни кечиб ўтяпти экан. Ушланганларни лагерга олиб бориб, едириб-ичиртириб, қайтариб юборяпти экан. Қочоқлар оддий афғонлар экан, ҳарбий толиблармас, - деди исмини очиқламаган маҳаллий яшовчилардан бири.

Термиз яшовчиларидан яна бири ҳозирда чегарада ҳарбийлар ва ички ишлар ходимлари сони кўпайиб қолганига эътибор қаратди. У бугунги кунда чегарадан ўтиш афғонлар учун анча қийин масала бўлиб қолди, дейди:

- Термизга қарашли Тинчлик маҳалласида чегарада қабристон билан пахта, ғалла экилган бўшлиқ жой бор эди. Амалдорлар у ерга иссиқхона ҳам қуриб олганди. Шу ердан олдиндан афғонларнинг ўтадиган жойи бўлган экан. Аммо ҳозир у ерга соқчи турадиган вишка қўйишганига қарамасдан, қандай қилиб билмадим – тўрт-бештаси иссиқхона билан ўтган экан: у ерда иккита қотган нони ҳам тушиб қолибди ерга. Ҳозир чегаранинг одам ўтадиган жойларини бетонлаяпти экан. Ҳарбийлар ва милиция “дарвозаларингни ёпиб ўтиринглар, ҳеч кимга кечаси очманглар!”, деб огоҳлантириб юрибди. Солдатлар кўпайиб қолган анча. Сурхондарёда бирор жойда уларнинг ўтгани ёки ушлангани ҳақида ҳеч қаерда айтилмади. Илгари чўпонлари ўтиб қолса айтарди – бу воқеалар ҳақида гапирилмаяпти, ҳар-хил гаплар тарқаяпти, - деди Термиз туманида яшайдиган аёл.

Аввалроқ термизликлардан бири 2-сентябрга ўтар кечаси Термиз шаҳар Тинчлик маҳалласи Амударё кўчасида бир неча афғон қочқини ўтгани, ўзбек чегарачилари ярим тунда уйма-уй юриб қочқинларни излагани тўғрисида хабар қилган эди.

Ўзбекистон томони сўнгги чегара ҳодисалари тўғрисида ҳозирча бирон расмий изоҳ бергани йўқ.

Ўзбекистон-Афғонистон чегараси "тўлиқ ёпилган"

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, ҳозирда Ўзбекистон-Афғонистон чегараси тўлиқ ёпилган ва Термиз назорат-ўтказиш пункти орқали қуруқликдан ўтиш жойи йўқ.

Вазирлик ахборот агентликлари ва веб-сайтларда "Ўзбекистон Афғонистондаги Толибон режимидан қочганларга ўз чегараларини очишга тайёрлиги" ҳақида пайдо бўлган хабарларни рад этган.

“Хавфсизликни таъминлаш мақсадида ҳозирда Ўзбекистон-Афғонистон чегараси тўлиқ ёпилган ва Термиз назорат-ўтказиш пункти орқали қуруқликдан ўтиш амалга оширилмаган. Яқин келажакда Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида Термиз назорат-ўтказиш пунктини очиш режалаштирилмаган”, -дейилади ТИВ хабарида.

Озодлик манбаларига кўра, фақат Ўзбекистон визаси бор Афғонистон фуқароларига мамлакатга киришга рухсат берилмоқда.

Вазирлик, сабабидан қатъи назар, чегарани кесиб ўтишга бўлган ҳар қандай уринишга Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ чек қўйилиши ҳақида огоҳлантирган.

Айни пайтда Афғонистон ҳарбий ҳаво кучларининг Ўзбекистонга қочиб ўтган учувчилари ва уларнинг оилаларини АҚШнинг Дохадаги ҳарбий базасига эвакуация қилиш бошланган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда. Ўтган ҳафта The Wall Street Journal нашри АҚШ ва Ўзбекистон бу борада ўзаро келишувга эришгани тўғрисида хабар тарқатганди.

Хабарда айтилишича, расмий Тошкент Афғонистондан Ўзбекистонга қочиб ўтган учувчиларни Дохага кўчиришни 11-12 сентябрь кунлари амалга оширади. Тахмин қилинишича, камида 500 афғон ҳарбийси Ўзбекистондан Дохага олиб чиқилади.

Нашр Толибон расмий Тошкентга афғон учувчилари ҳамда ҳарбий самолёт ва вертолётларни қайтариш борасида босим ўтказаётгани ҳақида ёзган.

Тошкент Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган толиблар ҳукумати билан илиқ муносабатларни сақлаб қолмоқда. Толибон матбуот котиби Анас Ҳаққоний Твиттер саҳифасида толиблар Ўзбекистон ҳукуматининг Афғонистоннинг янги ҳукуматига ижобий муносабатини юқори баҳолашини ёзди.

Олдинроқ Ўзбекистон расмийлари Афғонистонда толибларнинг муваққат ҳукумат тузишини мамнуният билан қабул қилгани ва мамлакатнинг янги давлат органлари билан "конструктив мулоқот ва амалий ўзаро алоқаларни ривожлантиришга"тайёрлигини билдирган.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG