Линклар

Шошилинч хабар
21 июл 2018, Тошкент вақти: 16:46

11 февраль куни Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Исроил армияси Сурияда бир неча ҳаво ҳужумини амалга ошириб, Эрон ва Сурия кучларига «қаттиқ зарба» берганини таъкидлади.

Бош вазир Исроил унга қилинган ҳар қандай ҳужумга мос жавоб беришда давом этишини таъкидлади.

Бир кун аввал Нетаняҳу ўз мамлакати тинчлик тарафдори экани, аммо ўзини Эрондан ҳимоя қилишда давом этишини таъкидлаганди.

Нетаняҳу, шунингдек, Россия президенти Владимир Путин ҳамда АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон билан суҳбатлашганини айтди.

Расмий Вашингтон Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллашини билдирди.

БМТ бош котиби Антонио Гутерриш эса Сурия ҳудудида Исроил ҳаво ҳужумларини амалга оширгани ортидан мамлакатда зўравонликни «зудлик билан» тўхтатишга чорлади.

БМТ матбуот котиби Стефан Дуяррич 10 февраль куни эълон қилган билдирувда Гутерриш «Сурия бўйлаб куч олаётган хавотирли ҳарбий вазиятни яқиндан кузатаётгани» айтилади.

Дуярричга кўра, Гутерриш барчани «зўравонликни тўхтатиб, ўзини тийиш учун чора кўришга» чорлайди.

Жорий ҳафтада Исроил Сурияда Эрон дастаклаётган кучларни ҳужумга тутди. Бунга қадар Туркия Сурия шимолида ҳарбий амалиётни бошлаб юборган.

9 февраль куни Исроил Сурияда Эрон дастаклаётган гуруҳларни ҳужумга олиб қайтган «Ф-16» учоғи ўққа тутилиб, қулаб тушганини, аммо учувчилар тирик қолганини билдирди.

Исроил Эрон дрони ўз ҳаволарига киргани учун жавоб ўлароқ ҳужум қилганини айтмоқда. Аммо Теҳрон бу иддаони кескин рад этди.

Сурия Исроил ўз ҳудуди ичида ҳужумларни амалга оширганини тасдиқлади, аммо Исроил ҳаволарига дрон юборганини рад этди.

БМТ бош котиби Гутерриш эса барча тарафларни тезкорлик билан сиёсий ечим топиб, жангларни тўхтатишга чорламоқда.

Сурияда 2011 йилдан бери тинчимаётган уруш 330 мингдан ошиқ одам умрига зомин бўлди, миллионлаб одамни ўз уйини тарк этишга мажбурлади.

10 февраль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари қўмитаси матбуот котиби Лиз Троссел:

- Сурияда жорий ҳафта авж олаётган зўравонлик ва қон тўкиш ҳафтаси бўлди. Олти кун ичида мингдан ошиқ оддий фуқаро ҳалок бўлди. Бизга камида 277 оддий фуқаро ҳалок бўлгани ҳақида маълумот келиб тушди. Уларнинг 230 нафари Сурия ҳукумати ҳамда унинг ҳамкорлари амалга оширган ҳужумларда ҳалок бўлган. Бундан ташқари, 812 одам жароҳат олган, - деди.

Россия ҳамда Эрон Сурия президенти Башар Ассадни қўллайди. АҚШ ва Туркия эса мамлакатдаги турли исёнчи гуруҳларни дастаклаб келади.

Дипломлатларнинг айтишича, БМТ Хавфсизлик кенгаши 14 февраль куни Сурия бўҳронини муҳокама қилади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG