Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:06

Навальний Медведевнинг яширин кўчмас мулк империясига алоқадорлигини иддао қилди


Россия бош вазири Дмитрий Медведев.
Россия бош вазири Дмитрий Медведев.

Россия бош вазири Дмитрий Медведев ўзини коррупциядан нафратланувчи либерал қарашларга эга ҳуқуқшунос ўлароқ кўрсатиб келади. Медведев 2008 йил президент ўлароқ порахўрликка қарши курашиш ташаббуси билан чиққан эди.

Эндиликда мухолифатчи Алексей Навальний собиқ президент Россиядаги “энг бой одамлар ва энг порахўр расмиятчилардан бири” эканлигини иддао қилмоқда.

Мухолифатчининг 2 март куни эълон қилинган навбатдаги ҳисоботида қайд этилишича, Медведев бир қатор хайрия ва нодавлат ташкилотлар ёрдамида олигархлар ва банклардан хайрия тўплаб, йиғилган маблағ ёрдамида қимматбаҳо мулк сотиб олган.

Навальний мазкур хайрияларни “ошкора пора” ўлароқ баҳолади. Мазкур ёрдамни олувчи ягона одам “Медведев ва унинг оиласидир”, деди фаол.

Ҳисоботга видео ҳам илова қилинган. Унга кўра, Медведевга яқин одамлар бошқарувидаги ташкилотларга камида 70 миллиард доллар қийматга эга маблағ ва мулк ўтказилган. Ҳисоботда ёзилишича, мазкур империя Россия ва хорижда жойлашган қаср, қимматбаҳо турар-жой, яхта ва узумзорларни ўз ичига олади. Навальнийнинг иддао қилишича, мулкларнинг ҳақиқий эгасини аниқлаш деярли имконсиз, чунки улар хайрия ташкилотларида рўйхатга олинган ва муайян шахсларга тегишли эмас.

Фаол Медведевни “мамлакатдаги энг бой одамлар ва энг порахўр расмиятчилардан бири”, деб атади.

Навальний ҳисоботини Медведев офиси дарҳол сиёсий айблов ва тарғибот ўлароқ баҳолади.

Ҳисобот мулк ҳужжатларига таянган ҳолда Россия сиёсий элитасига яқиндан алоқадор эканлиги айтиладиган ўзбек миллиардери Алишер Усмонов Москва яқинидаги Рублёвка қишлоғида жойлашган 5 миллиард рубль қийматга эга мулкни ҳукуматнинг ижтимоий лойиҳалари билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотга совға қилганини хулоса қилади. Ташкилотга эса Медведевнинг икки собиқ курсдоши етакчилик қилади.

“Мазкур жамғарманинг хайрия билан ҳеч қанақа алоқаси йўқ”, деди Навальний.

Усмонов ҳисобот юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ. “РБК” кундалик газетаси Усмоновнинг “Металлоинвест” ширкати изоҳдан бош тортгани ҳақида хабар берди.

Ҳисобот муаллифлари Медведевга тегишли экани қоғозда акс этмаган мулкларни аниқлаган. Навальнийга кўра, ҳисоботда тилга олинган ташкилотларни Медведевга яқин шахслар бошқаради. Бу шахслар бош вазирнинг шахсий мулкини ҳам бошқариб туради.

Навальний Қора денгиз бўйидаги Анапа шаҳрида ва Италиянинг Тоскана вилоятида жойлашган узумзорлар, Курск вилоятидаги қароргоҳ, Иваново вилоятидаги дача, Рублёвкадаги мулк, Сочи яқинидаги уй, Санкт-Петербургдаги уй ҳамда Қора денгиз олдидаги икки ер майдонига алоҳида эътибор қаратди.

Навальний 2018 йилги президент сайловида ўз номзодини қўйиш истагини билдирган. Аммо у ўтган ойда товламачиликда айбдор деб топилгани учун сиёсий лавозимлардан четлатилган.

Медведевнинг матбуот котиби Наталья Тимакова 2 март куни мухолифатчининг текшируви “сайлов кампаниясига ўхшайди” деди ва судланган одамнинг тарғибот учун амалга оширган ҳужумлари самарасиз эканини таъкидлади.

Навальний ҳисоботи ҳақида бир неча нуфузли газета ва онлайн порталда ёзилди, аммо ҳисобот кремлпараст матбуот нашрлари аксариятининг назаридан четда қолди.

XS
SM
MD
LG