Линклар

Шошилинч хабар
19 май 2024, Тошкент вақти: 08:05

Навальний тарафдорлари Путиннинг туғилган кунида намойишга чиқди (ВИДЕО)


7 октябрь куни Россия бўйлаб мухолифатчи Алексей Навальний ҳимоясига намойиш ўтказилди. Хабарларга кўра, маъмурий ҳибсда қолаётган Навальний тарафдорлари Россиянинг 80 та шаҳрида ҳукумат рухсат бермаган норозилик акциясида қатнашган. Намойишларда иштирок этган 270 дан ошиқ шахсни полиция қўлга олди.

Президент Владимир Путин 65 ёшга тўлган куни ўтказилган намойишлар мамлакат мухолифати жорий йилда ўтказган учинчи йирик акциядир.

Аммо бу сафарги намойишлар ўзгача бўлди: полиция пойтахтда одамларни қўлга олмасликка ҳаракат қилди, намойиш иштирокчилари сони одатдагидан оз бўлди, икки шаҳарда одамлар эътиборини чалғитиш учун Каталония мустақиллиги тарафдорлари намойишлари ўтказилди.

Москва

Москвада бир неча юз одам Александр Пушкин ҳайкали қошида тўпланиб, Кремль томон “Путин ўғри” шиори остида юриш қилди. Намойиш иштирокчилари, шунигдек, “Туғилган кунингиз билан! Навальнийга озодлик! Путинсиз Россия учун! Адолатли сайловлар учун! [Навальний сайлов кампанияси етакчиси Леонид] Волковга озодлик!” дея ҳайқиришди.

Аммо Москва полицияси намойишчиларни қўлга олмасликка ҳаракат қилди. Россия мухолифати етакчиларининг аксари қўлга олингани ва намойишлар кеч режалаштирилгани учун иштирокчилар сони ҳам оз бўлди.

Навальний етакчилигида март ва июнь ойларида ўтказилган намойишларда минглаб одам қатнашган, юзлаб иштирокчи қўлга олинган эди.

Санкт-Петербург

Санкт-Петербургдаги намойишда эса тахминан 1,5 минг одам қатнашди. Шаҳар полицияси камида 66 шахсни қўлга олди.

Хабарларга кўра, бир неча намойишчини полиция калтаклаган.

Екатеринбург

Екатеринбург шаҳаридаги намойишда бир неча юз одам иштирок этди, камида 14 намойишчи қўлга олинди.

Шаҳарда бир гуруҳ талаба Испаниянинг Каталония минтақаси мустақиллигини қўллаб намойиш ўтказди.

Мухолифатчиларнинг айтишича, бу намойишдан мақсад одамлар эътиборини аксил-путин намойишлардан ўзларига қаратиш бўлган.

Крансодар

​Крансодардаги намойишда бир неча юз одам қатнашди.

Намойиш иштирокчиларига кўра, шаҳар полицияси камида 20 одамни қўлга олган.

Шунингдек, расмийлар намойиш бўлиб ўтган майдон чироқларини ўчириб қўйгани хабар қилинди.

Ярославлда эса камида 54 намойишчи қўлга олинган. Бу ҳақда “ОВД-Инфо” сайти билдирди. Бундан ташқари, полиция Навальний кампаниясининг шаҳардаги офисини тўрт соат тинтув қилган.

Навальнийнинг ўзи эса 29 сентябрь куни Нижний Новгород шаҳрида бўлиб ўтадиган йиғинга йўл олган пайтида Москва полицияси томонидан қўлга олинган эди.

6 октябрь куни Навальний ўзига берилган 20 кунлик қамоқ жазоси устидан қилган арзи рад этилганидан кейин, суд иштирокчиларига қарата: "Россияда ҳуқуқшунос бўлманг. Бу беҳуда касб. Истаган ҳуқуқшуносингиздан сўрашингиз мумкин", деди.

Россия Ички ишлар вазирлиги Навальний одамларни рухсат берилмаган митингларда қатнашишга чорлагани учун қўлга олинганини билдирган.

Навальний 2018 йили ўтказиладиган Россия президенти сайловига ўз номзодини қўйиш истагини билдирган. Аммо Россия расмийлари у молиявий жиноятларда айбдор деб топилгани учун, сиёсий жараёнлардан четлатилганини айтиб келади.

XS
SM
MD
LG