Линклар

Шошилинч хабар
09 октябр 2024, Тошкент вақти: 03:11

Навальнийнинг ўлими нимани ўзгартиради ёки ўзгартирмайди?


Санкт Петербургда коммунал хизматлар ишчиси Навальний аск этган мурални ўчирмоқда. Апрель, 2021.
Санкт Петербургда коммунал хизматлар ишчиси Навальний аск этган мурални ўчирмоқда. Апрель, 2021.

Ўн йилдан кўпроқ вақт давомида ва ҳатто қамоққа ташланганидан кейин ҳам, Алексей Навальний Кремлнинг муросасиз рақиби бўлди, унинг Россия ҳақидаги ўзгача қарашлари Президент Путиннинг норозилик намойишларини бостириш, норозиликни йўқ қилиш ва сиёсатни қаттиқ назорат қилиш бўйича тобора кучайиб бораётган таъқиблари нишони бўлди.

Навальнийнинг ўлими Путин Россияси мустақил овозларга мутлақо тоқат қилмайдиган, сайловларда ҳатто муқобил номзодлар пайдо бўлишига йўл қўйилмайдиган жойга айланган бир пайтда содир бўлди.

Кремлнинг энг ашаддий танқидчиси ўлими буларни ўзгартирадими? Бу ниманидир Навальний истаган томонга ўзгартириши мумкинми?

Биринчи навбатда бу 15-17 март кунлари бўлиб ўтадиган президентлик сайлови кампаниясидир. Давлатнинг сиёсат ва оммавий ахборот воситалари устидан қаттиқ назорати борлигини ҳисобга олсак, Путин ғалаба қозониши аниқ. Аммо таҳлилчиларга кўра, Кремль Путинга бас келадиган одам йўқлигини исботлаш учун ҳам у ишончли ғалаба қозонишини хоҳлайди.

“Эримни Путин ўлдирди”- Юлия Навальная
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:00 0:00

Украинага қарши урушни танқид қилган ягона номзод Борис Надеждин учун имзо йиғишга одамлар саф тортиб кела бошлагач, унинг номзоди олиб ташланди, чунки Путин рақиби овозларнинг катта қисмини ютиши эҳтимолидан қўрқув бор эди.

2018 йилдаги сўнгги сайловларда Путинга қарши курашишга рухсат берилмаган Навальний ўтган ҳафта россияликларни бўлажак сайловнинг сўнгги куни соат 12:00 да ўз сайлов участкаларига келишга чақирувчи ташаббусни қўллаб-қувватлаган эди.

Қамоқхона шароитларининг зарарли таъсири ва Навальнийни, ўзининг даъвосича, ўлдиришга қаратилган ишлар – кенг тарқалган шубҳалар манзарасида баъзи таҳлилчилар ва Кремль танқидчилари унинг ўлимини Путиннинг яна олти йилга сайланиш истаги билан боғлашди.

"Сешанба куни мен у иштирок этган кўплаб суд мажлисларидан бирида унинг овози ёзилган аудиоёзувни эшитдим. Бу қувноқ, бақувват, соғлом одамнинг овози эди", дейди сиёсатшунос Екатерина Шульман Deutsche Welle нашрига. "Бу унинг қасдан ўлдирилганлигини англатади. Сайлов кампаниясига халақит қилмаслиги учун уни ўлдиришган. Бу кўриниб турган нарса ва уни эътиборсиз қолдириб бўлмайди."

Михаил Ходорковский эса россияликларни овоз беришда Навальнийнинг исмини сайлов бюллетенларига ёзишга чақирди.

Сайлов, Навальнийнинг тақдири юзасидан ёки урушга қарши норозилик билдириб кўчага чиқиш руслар учун катта хавфдир.

“Бир томондан одамларнинг Путинга овоз бериш истаги камаяди, бошқа томондан [сайловга] қарши фаол ҳаракат қилиш янада қўрқинчли бўлади”, деб ёзди сиёсатшунос Аббос Галлямов Telegram’да.

“Оптимистик нуқтаи назар шуки, Навальнийнинг ўлими Надеждинга янги ҳаёт бериши мумкин... ва ҳақиқий ҳаракатни келтириб чиқариши мумкин. Пессимистик нуқтаи назарга кўра эса, янада радикал ва потенциал доимий усуллар қўлланишидан қўрққани сабабли Надеждиннинг овози ўчади", деди Саманта де Бендерн, Британиянинг "Чатам Ҳаус" таҳлил маркази тадқиқотчиси.

Аслида, Путин даврида ўтказилган рақобатсиз сайловларга қаршилик рамзи бўлган одамнинг ўлими сайловга норозилик хавфини ошириши мумкин.

“Путинга мухолифлик қилишга тоқат борлиги белгиси сифатида бир пайтлар Навальний Россия учун фойдали бўлган. Бу фойдалилик ўз ниҳоясига етди”, деди британиялик таҳлилчи Кейр Гилес. “Россия ўзининг репрессив режим эмаслигини кўрсатишга бошқа зарурат сезмаяпти. Россия ўзининг тарихий қулай зонасига қайтди – ички ва хориждаги рақибларини пушаймон бўлмасдан ва халқаро қоралашлардан ташвишланмасдан ўлдириш".

Навальний Россиянинг Украинага қарши урушининг очиқ танқидчиси эди ва унинг ўлими ҳақидаги хабарлар Кремлнинг ўз мақсадларига эришишига ҳеч қандай таъсир ўтказмаса керак. Аммо хориждаги резонанс Ғарбнинг Украина мудофаасини қўллаб-қувватлашида ҳал қилувчи роль ўйнаши, Россияга қўшимча босим ўтказиш чақириқларини кучайтириши ва Конгрессда тўсиб қўйилган АҚШнинг 60 миллиард долларлик ёрдам пакети тасдиқланишига туртки бериши мумкин.

Навальний сафдошлари унинг қамоқда ўлганини тасдиқлашди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:25 0:00

Кремль эксперти ва Россиядаги "Карнеги" Евроосиё маркази таҳлилчиси Татьяна Становаянинг фикрича, Навальнийнинг ўлими сабаби нима бўлишидан қатъи назар, Путин ва давлат учун муаммо туғдиради.

“Навальний 2000 йилдан бери Путин режимига қарши энг муҳим муқобил бўлиб келган ва Путинга қарши қатъий сиёсий позицияни ифодаловчи тарихий шахсга айланганди. Унинг мислсиз тан олингани, элита орасидаги аҳамияти ва ички сиёсатдаги иштироки уни бошқа мухолифлардан ажратиб турарди, – деб ёзди Становая Twitter’да. – Бу режим учун жиддий сиёсий муаммо туғдиради – улар Навальний мероси билан шуғулланишлари керак."

Аммо Кремль бу муаммони қандай ҳал қилишга уринишини олдиндан айтиш қийин эмас, дея қўшимча қилди у.

“Шубҳасиз, яқин орада биз аксил-Навальний қатағонлар, ижтимоий тармоқлардаги ғазабдан сўнг босқинлар, жиноят ишлари ва ҳибсга олишларнинг муҳим тўлқинига гувоҳ бўламиз”, деди у.

Кўплаб кузатувчилар Навальнийнинг ўлими қандайдир ўзгаришларга олиб келадими ёки йўқ, бундан қатьи назар, бу қоронғи даврнинг энг қоронғи белгиларидан бири бўлишини айтмоқда.

"Навальний "келажакнинг гўзал Россияси" учун курашди, аммо ўтмиш ва ҳозирги даҳшатли Россия томонидан тор-мор этилди. Бу Россиянинг келажаги фақат бир киши – Путин учун мавжуд”, деди Германиянинг халқаро алоқалар кенгаши тадқиқотчиси Алена Эпифанова. “Путин ўзига тўсқинлик қиладиган ҳар қандай одамни ўлдиришга тайёр. Бугун у буни яна бир бор исботлади”.

Форум

XS
SM
MD
LG