Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:40

Мустақилликнинг 30 йиллиги: Толибондан табрик ва пандемия вақтидаги "лазги"


Тошкентда Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига махсус барпо этилган “Янги Ўзбекистон” боғида байрам тантаналари.
Тошкентда Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига махсус барпо этилган “Янги Ўзбекистон” боғида байрам тантаналари.

Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов ўлимидан беш йил ўтиб Мустақиллик байрами тантаналари яна катта майдонларга қайтди.

Мустақилликнинг 30 йиллик санаси қўшни Афғонистонда Толибон қайта ҳокимиятга келган пайтга тўғри келди.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Толибон раҳбарларидан бири Мулла Бародар билан Ўзбекистонда.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Толибон раҳбарларидан бири Мулла Бародар билан Ўзбекистонда.

Толибондан табрик

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Толибон Ўзбекистоннинг мустақиллик куни муносабати билан мамлакат раҳбарияти ва халқига табрик йўллаган.

"Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнида фаол иштирок этади. Мамлакатнинг конструктив ролини Афғонистоннинг ҳозирги раҳбарияти ҳам тан оляпти. Афғонистон Ислом Амирлиги музокаралар гуруҳи аъзоси ва Толибон сиёсий идораси матбуот котиби Муҳаммад Суҳайл Шоҳин ўз раҳбарияти номидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан табрик йўллагани бунинг далилидир", дейилади ТИВ баёнотида.

Толибон табрик хатида Ўзбекистон билан самарали ва дўстона муносабатлар ўрнатиш ниятида эканини билдирган.

"Биз Ўзбекистон иштирокида Афғонистонда инфратузилма лойиҳаларини, хусусан, темир йўл ва электр узатиш линияларини қуришни давом эттиришдан манфаатдорлигимизни тасдиқлаймиз. Афғонистон Ислом Амирлиги ўзбекистонлик шерикларимизга бу йўналишда барча зарур ёрдамни беради", дейилган табрикномада.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 август куни Мустақиллик тантаналари пайти қилган нутқида Афғонистон масаласига тўхталиб, "Бу давлат билан алоқаларимизда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ички ишларга аралашмаслик тамойилларига содиқ қоламиз", деб айтди.

Мирзиёев 27 август куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида Толибон Ўзбекистон раҳбариятига берган ваъдаларининг устидан чиқаётганини айтган, аммо тафсилотларни очиқламаган. У уч йил аввал Толибон билан бошлаган мулоқот сиёсатини ҳимоя қилган ва "Ўзбекистон томонига ўқ отмайдиган ҳамма билан гаплашишга тайёрлиги"ни таъкидлаган.

Ўттиз йилда ҳам косаси оқармаган ўзбек фермери
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:58 0:00

“Янги Ўзбекистон” боғидаги базм

31 август куни пойтахт Тошкентда Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига махсус барпо этилган “Янги Ўзбекистон” боғида санъаткор ва раққосалар президент Шавкат Мирзиёев ва унинг хос меҳмонлари қаршисида икки соатдан ошиқроқ вақт давомида концерт намойиш этди.

Баъзи ҳокимлар "лазги"га ўйнади, бошқалари қарсак чалиб, ҳамкасбларини қўллаб-қувватлаб турди.

Концерт сўнггида Мирзиёев санъаткорлар билан бирма-бир қўл сиқишиб, баъзилари билан қучоқлашиб кўришди.

Ушбу саҳналар марҳум президент Ислом Каримов давридаги тантаналарни ёдга солди.

“Янги Ўзбекистон” боғида Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги байрам тантаналари.
“Янги Ўзбекистон” боғида Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги байрам тантаналари.

Экранда Каримов ва Мирзиёевнинг елкама-елка тургани акс этган кадрлар намойиш этилди.

Иккинчи президент ўз нутқида биринчи президентни хотирлади. Айни пайтда марҳум президент давридаги мажбурий меҳнат ва бошқа салбий кўринишларга барҳам берилганини ҳам таъкидлади.

Иккинчи президент ўз нутқида биринчи президентни хотирлади.
Иккинчи президент ўз нутқида биринчи президентни хотирлади.

Байрам тадбирлари “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида ўтказилмоқда. Каримов вафотидан сўнг у "лазги"га ўйнашни одат қилган Мустақиллик тантаналари ёпиқ саҳналарда, оз сонли одам иштирокида ўтказиб келинаётган эди.

Ҳукумат бу йил Мустақилликнинг 30 йиллиги билан боғлиқ тарихий санани пандемия боис очиқ майдонларда ўтказишга қарор қилган.

“Мажбурлаш”ларсиз бўлмади

Тошкент ва вилоят марказларида байрам тантаналари Каримов давридаги "Эски Ўзбекистон"нинг давлат тадбирларидан фарқ қилмагани кўринди.

Пойтахт Тошкент ва вилоятларда бўлган икки-уч соатлик концерт дастури оммавий саҳналарини тайёрлаш жараёнига бу сафар ҳам ўқув юрти талабалари ва ўқувчилар жалб қилинди, улар жазирама ёз иссиғида стадион ва спорт залларида ойлаб тайёргарлик кўришди.

Аввалроқ Озодлик Тошкентда Мустақиллик байрами тантаналарига тайёргарлик бошлаб юборилгани, ўқувчи ва талабалар кўнгилли-мажбурий жалб этилгани ҳақида хабар берган эди. Вилоят марказларида ўтказилган тантаналар ҳам “мажбурлаш”ларсиз бўлмаган.

Айрим вилоятларда шаҳар кўчалари ва биноларини безаш, деворлар ва дарахтларни оқлаш ишларидан тортиб концерт томоша дастурларигача мактаб ўқувчилари, талабалар жалб этилган.

Қарши шаҳрида Мустақиллик байрамини ўтказиш учуг қурилган Амфитеатр.
Қарши шаҳрида Мустақиллик байрамини ўтказиш учуг қурилган Амфитеатр.

Қарши шаҳридаги мактаб ўқитувчиларига кўра, шаҳар мактабларидан 4 - 5 ҳамда 10 - 11 синф ўқувчилари, ҳали ўқув йили бошланмасиданоқ, ёзнинг қирқ даража жазирамасида, мустақиллик байрами тантаналарига тайёргарлик учун сафарбар этилган.

Ишидан айрилишидан қўрқиб, мактаби ва исмини очиқламаслигимизни сўраган Қарши шаҳридаги мактаб ўқитувчисининг айтишича, топшириқ Қашқадарё вилояти Ёшлар ишлари агентлиги томонидан берилган.

“3 соатлик байрамга бир ҳафта репитеция қилишди. Ўқувчилар овқатини ҳам ўзларининг чўнтагидан тўлади. Бу раҳбарлар катталарга яхши кўриниш учун, ўқитувчиларни яна ўртада сарсон қилишмоқда. . . " дейди Озодлик гаплашган мактаб ўқитувчиси.

"2 - 3 соатлик ўйин-кулгу деб, бир ҳафта ёш болаларни иссиқда сарғайтириб тайёрлашди. Вилоят маданият бошқармаси борку? Қачонгача мактабни фаол ўқувчиларига тармашади? Таътил бўлса ҳам сайлов деб бизни қўйишмаябди. Энди навбат ўқувчиларгами? . . ", - дейди озодлик билан сухбатда бўлган қаршилик бошқа мактаб ўқитувчиси.

Қарши шаҳрида ўтказилган Мустақиллик байрим тантаналари.
Қарши шаҳрида ўтказилган Мустақиллик байрим тантаналари.

Ёшлар ишлари агентлиги Қашқадарё вилоят бўлими вакиллари Озодликка ўқувчи ва талабаларнинг байрам тадбирига мажбурлаб олиб чиқилганини рад этди.

“Қатнашишга хоҳловчилар жуда кўп эди, танлаб-танлаб, фақат фаолларини олиб чиқдик”, - деди агентлик вакили.

“Тантана ўтмишимизнинг ҳали эсдан чиқмаган иллатларини эсга солди”

Ўзбекистонлик фаол Абдусалом Эргашев “Янги Ўзбекистон”нинг Мустақиллик байрами Каримов бошқаруви назарда тутилган “Эски Ўзбекистон”даги байрамларни ёдга солди, дейди.

“Ўтказилган тантана ўтмишимизнинг ҳали эсдан чиқмаган иллатларини эсга солганлиги дуруст бўлмади. Каримов даврида шу йўсинда байрам қилиш, томоша қилганларга байрам кайфияти улашишдан кўра кўпроқ нафратга сабаб бўларди, одатда. Чунки умумхалқ байрами деб ҳисобланган тантанада фақатгина танланган хос одамлар иштирок этиши табақалаштиришнинг бир нохуш кўринишидан бошқа нарса эмас.

Дунёнинг бирорта давлатида мустақиллик, республика кунлари деб аталадиган саналар сарой аҳли учун таниқли санаткорлар чиқишлари билан алоҳида нишонланиб, оддий халкка кўз-кўз қилинмайди. Айниқса, бу халқ қора қозонини аранг қайнатаётган, аҳолисининг деярли чорак қисми дунё бўйлаб тирикчилик илинжида тарқаб кетган бўлса”, - дейди Эргашев.

Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг Мустақиллик байрамида рақсга тушиши одат тусига кирганди.
Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг Мустақиллик байрамида рақсга тушиши одат тусига кирганди.

Ўлат пайтидаги базм?

Мустақилликнинг 30 йиллиги тантаналари Ўзбекистонда коронавируснинг янги тўлқини авжига чиққан паллада ўтказилмоқда. Озодликка юборилган суратларда байрам тадбирларига йиғилганлар орасида ижтимоий масофа йўқлиги ва кўпчилиги ниқобсиз эканини кўриш мумкин.


Масъуллар томонидан байрам тадбирларига ташриф буюрувчиларни ниқоб тақишлари, ижтимоий масофани сақлашлари, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш устидан назоратни кучайтиришни таъминлаш шартлиги айтилган эса-да, бунга ҳамма ҳам амал қилаётгани йўқ.

Буни 31 август куни Тошкентда бўлиб ўтган байрам тадбирида қатнашган санъаткорлардан бири ҳам тасдиқлади.

Таклифнома билан келганларни иссиғини ўлчаб, тест қилиб киритиши керак эди. Фақат номига қилишди, чунки одам кўп эди. Оралиқ масофа бўлмади. Орада битта жой бўш туриши керак эди. Мадҳия чалинганидан сўнг чалкаш бўлиб кетди”, деди Озодликка исми очиқланмаслигини сўраган санъаткор.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 31 август куни мамлакатнинг истисносиз барча ҳудудларида 742 киши коронавирусга чалинган. Янги қайд қилинган рақамлар яна пойтахт Тошкент ҳисобига тўғри келган. Жами рақамлар 156394 тага етган. Аммо бурақам пневмония ҳолларини ўз ичига олмайди.

Вазирликнинг билдиришича, коронавирусга чалинган беморлардан яна 6 нафари вафот этиб, Ўзбекистонда шу пайтгача коронавирус қурбонлари сони 1088 нафарга етган.

Мирзиёев партияси вирус тарқатувчи оммавий тадбирларни ўтказмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:24 0:00

Бу йилги Мустақиллик байрами президент Шавкат Мирзиёев иккинчи муддатга сайланиши кутилаётган навбатдаги президент сайловлари арафасида ўтмоқда.

Амалдаги президентнинг номзодини илгари сурган ЎзЛиДеП партияси ўтган ой оммавий сайловолди концертларини ўтказган, ўшанда ҳам йиғилганларнинг деярли барчаси ниқобсиз кўринганди.

Иқтидордаги партия расмийлари сайловолди тадбирларида ижтимоий масофага риоя қилинаётганини таъкидлаб, оммавий тадбирлар давом этишини айтишган.

XS
SM
MD
LG