Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:59

"Украина муаммосидан чалғитиш". Москвада масжид қурилишига қарши оммавий норозиликлар


Москвадаги масжид қурилишига қарши намойиш.
Москвадаги масжид қурилишига қарши намойиш.

Ўтган якшанба Москвадаги кўп минг кишилик норозилик намойишидан сўнг Россия пойтахтининг Косино-Ухтомское туманидаги масжид қурилиши тўхтатилди. Москва мэри Сергей Собянин масжид қурилишини бошқа жойга кўчириш таклифи Россия патриархи Кирилл ва бош муфтийси Равил Ғайнуддиндан тушганини билдирди.

- Аслида гап 2,5 минг метр квадратли жуда камтарона объект ҳақида кетяпти. Бу мурожаатлар инобатга олиниб, бўлажак масжиднинг жойлашуви ўзгартирилади. Уни қуриш учун Косино метро бекати яқинида, келажакдаги МЦД-3 диаметри, Москва тезюрар диаметри ва Москва ҳалқа йўли ўртасида ер участкаси ажратилади, деб жавоб қайтарди мэрия раҳбари.

Москвада мигрантлар маркази ва янги масжид барпо этилиши тўғрисида хабарлар февраль охири-март бошида қатор Телеграм-каналлари, миллатчи сайт ва нашрларда пайдо бўлди.

Номаълум манбаларга таяниб яшин тезлигида тарқатилган бу хабарни Кожуховодаги православ черкови руҳонийси Алексий Митюшин тасдиқлаб, православлар учун муқаддас саналган Косино кўли ёнида меҳмонхона ва хўжалик иншоотлари билан бирга улкан масжид комплекси қурилишини маълум қилганди.

Телеграмда тузилган канал орқали “Царьград” православ миллатчилари жамияти “халқ йиғини”га одам тўплай бошлади.

Миллатчи ва православ ташкилотлари фаоллари бундай оммавий тадбирлар ҳар шанба-якшанба Косино кўли ёнида уюштирилишини гапирмоқда. Масжид қурилишига қарши рус ҳукумати қўлловида бўлган “Сорок сороков” ва “Иккибошли бургут” ва бошқа миллатчилар ташкилотлари ўз фаоллигини оширди.

Бу ташкилотлар ва “Царьград” телеканали очиқ ксенофоб ва миллатчилик қарашлари билан танилган олигарх Константин Малофеевга тегишли. Малофеев, шунингдек, Луганск ва Донецкдаги айирмачиларни моддий таъминоти билан 2014 йилдан буён шуғулланиб келаётгани тўғрисида халқаро нашрлар ва Украина разведкаси кўп бор хабар қилган. Ғарб санкциялари остига тушган рус олигархи “Путин- биз учун катта бахт!” ва “Монархия - бизнинг орзумиз!” деган гаплари билан ҳам танилган.

Маҳаллий фаоллар бу ерда масжид қурилишига қарши митинг ва “йиғин” уюштиришни рухсат сўраб шаҳар ҳокимлигига мурожаат йўллаганини билдирганди.

Украинага қарши кенг кўламли уруш ҳаракатларини бир йилдан ортиқ вақт давомида олиб бораётган ва ҳар қандай митинг ва йиғилишлар, ҳатто якка пикетлар тақиқланган Россияда мусулмонлар ибодатлари учун иморат қурилишига қарши оммавий тадбирга рухсат берилаётгани кузатувчиларни ҳайратга солмоқда.

- Украина муаммосидан чалғиб, яна мигрантларни ва мусулмонларни нишонга олишга юқоридан рухсат берилган кўринади. Мақсад - одамларни фикрини фронтдаги мағлубиятлар ва ичкаридаги иқтисодий-ижтимоий муаммолардан чалғитиш. Москвада мусулмонлар бошқа масжидлар қурилмаслигига кўникиб ҳам қолди, ҳаракат ҳам қилаётгани йўқ. Лекин қанақадир миллатчиларга Исломга қарши мана шундай провокацияларни уюшитириб туриш керак бўлса керак-да, дейди Озодлик билан суҳбатда исмини ошкор қилмасликни сўраган москвалик мусулмон фаоллардан бири.

Москва ҳукумати Косино-Ухтомское туманида Муқаддас кўл ёнида ҳеч қандай масжид қурилмаётгани, у ерда 2024 йилда “Улица Дмитриевского” транспорт-пересадка узели ишга тушиши тўғрисида аввалига расмий жавоб берди. Бироқ тушунтиришга қарамасдан, маҳаллийлар митинг ва йиғинларни тўхтатиш ниятидан қайтмади. Масжид ва мигрантлар маркази қурилишига қарши Телеграм қаналида ҳатто махсус саҳифа очилди.

Диний байроқларни кўтарган насроний москваликлар 9 апрел куни яна йиғилди.

Косиноликлар эса Россия президенти номига имзо йиғишга тушди.

Маҳаллий телеканалларга берган интервьюларида маҳаллий руслар масжид қурилиши “мигрантлар оқимини ошириши” ва туманда келгиндилар туфайли “жиноятчилик ошиши”дан хавотир билдирмоқда.

"Бизга ким билан урушишнинг фарқи йўқ! "

Озодлик сўровига Россия Мусулмонлар диний идорасида Косино-Ухтомскоеда масжид қурилиши тўғрисидаги маълумотлар ҳақида ва уни изоҳлашга ҳам ҳожат йўқлигини маълум қилишди.

Украинлар ерида босқинчилик қилаётган мана бу православ жангчилар ҳам масжид қурилишидан норози эканини маълум қилишга уринди.

Косино-Ухтомскоедаги муқаддас жойда масжид қурилаётгани масаласида. Бу ҳужжатларга қўл қўяётган амалдорлар дин, халқ ҳақида эмас, ўз чўнтаги ҳақида қайғуряпти. Огоҳлантираманки, бунинг жавобини қоғозда эмас, яккама-якка учрашувда берасиз! Православ динини бадном қилишга йўл қўймаймиз! - дейди қурол кўтарганлардан бири.

Бу тортишув Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эътиборига тушганидан кейин яна авж олди. Қодиров бу мавзу “сунъий равишда қўзғатилаётгани”дан ғазабда эканини билдирди.

“Агар бу митинг иштирокчиларининг барчаси чин дилдан рус ерларини ҳимоя қилишга отланган бўлса, унда автомат билан хандақларга олға! Ҳар куни ҳимояга муҳтож бўлган фронт чизиғидаги рус ерларини назар билан қамраб олиш мушкул. Автоматни олинг, рус Донбассида сизнинг ўрнингизга жанг қилаётган мусулмонни четга суриб, ватанпарварлигингизни, Ватанингизни қанчалик севишингизни сўз ёки провокация билан эмас, балки амалда кўрсатинг", деб ёзди Рамзан Қодиров.

Қодировнинг бу кескин баёноти ортидан можарога Украинада урушаётган кавказлик мусулмонлар ҳам муносабат билдира бошлади.

Украинада Путин ва “рус олами” учун урушаётган кавказлиик солдатлар эса янада кескинроқ фикр билдирди:

- Биз Москва шаҳрида масжид қурилишига қарлишик қилаётган ғайридинлар ва мусулмон бўлмаган шахсларга мурожаат қиляпмиз… Биз сизларга таҳдид қилаётганимиз йўқ. Биз сизларни огоҳлантиряпмиз. Сиз Парвардигор иродасига қарши кетаётган бўлсангиз, биз сизга қарши ҳам урушаверамиз! Бизга ким билан урушиш фарқи йўқ!

Масжидга қарши намойишлар ўзбек блогосфераси эътиборидан четда қолмади.

“Путин – рус шовинисти, империалист. Рус империализмига энг катта қаршилик қилган кучлардан бири – мусулмонлар. Путин гапирганда бамисоли мусулмонларни ҳурмат қилгандек кўринади. Лекин унинг мақсади – ислом ва мусулмонларни ассимиляция қилиш, ўзлигини йўқотиш”, деб ёзди сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Рамблер.ньюс нашри Москвада “60 минг гектарда масжид қурилиши” тўғрисида махсус суриштирув ҳам ўтказиб, норозиликларга 17 феврал куни ВКонтакте нашрида пайдо бўлган кичик постни сабаб қилиб кўрсатди.

Россия Федерацияси Мусулмонлар диний бошқармаси пойтахтда фаолият юритаётган тўртта масжид етарли эмаслиги, чунки шаҳарда уч миллионга яқин мусулмон истиқомат қилишини кўп йиллардан бери билдириб келади.

Бу можаро мусулмон аҳолиси йил сайин кўпайиб бораётган Россия мегаполислари учун янги ибодатхоналарини ма диний маросимларни ўтказиш жойлари етишмовчилиги сезилаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Муаммо тарихи

Россия Муфтияти расмий вакили Дамир Мухетдинов маҳаллий нашрларга берган интервьюларидан бирида шаҳарда меҳнат муҳожирлари сезиларли даражада қисқарган тақдирда ҳам мавжуд масжидлар сони барибир етарли бўлмаслигини айтганди. У айниқса Рамазон ва Қурбон ҳайитлари кунлари Москва шаҳрининг марказида Жомега тўпланаётган мусулмонлар транспорт қатновини қийинлаштираётгани, бу ноқулайликлардан, биринчи навбатда, москваликларнинг ўзлари норози эканини маълум қилган.

Бундан икки йил олдин Москва жануби-шарқий маъмурий округи Татар миллий-маданий автономияси раҳбари Гаяс Ямбаев Москвада охирги 10 йил давомида бирорта янги масжид қурилмаганини эслатиб, шаҳар мэриясига мурожаат қилган эди. 2012 йилда Россия бош муфтийси Равил Ғайнутдиннинг Москванинг ҳар бир туманига биттадан масжид қуриш кераклиги тўғрисидаги таклифига Собянин ҳукумати томонидан рад жавоби берилган.

Айни дамда, Москва ҳокимияти биргина пойтахтда қурилиши режалаштирилган 279та православ ибодат комплексидан охирги 10 йилда 99 таси қуриб битказилганини очиқлаган. Озодлик мактаб, боғча ёки тиббий муассасалар етишмаётган Москвада саноқсиз ва ҳашаматли православ черковларининг қурилиши маҳаллий аҳолининг ҳам норозилигига олиб келаётгани тўғрисида маълумотга эга.

Ўз навбатида, Россия мусулмонлари диний ассамблеяси раҳбари Албир Крганов анъанавий конфессияларнинг ибодатхоналарини қуриш учун ер беришнинг ягона қоидаларини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлаб, баёнот берган эди. У ёки бу сабабларга кўра мусулмонлар ибодатхоналари учун ер ажратишдан бош тортаётган амалдорларнинг позицияси туфайли Россия минтақаларида истиқомат қилаётган мусулмонлар масжид қуриш имкониятидан маҳрум эканидан афсус билдирган.

Путиннинг ваҳшат қуроли - қодировчилар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:18 0:00

Шу билан бирга, муфтият Россия шаҳарларда мусулмон аҳолисининг катта қисмини меҳнат мигрантлари ташкил этишини эътироф этиб келади.

Масжидлар қурилишига қарши норозилик акциялари Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам бўлган. Масалан, 2016 йилда Пермда бозор олдида масжид қурилишига қарши юздан зиёд одам йиғилганди. Маҳаллийлар босими остида Пермда масжид қурилиши тўхтатилди.

2012 йил сентябрида Москванинг Митино тумани аҳолиси бу ҳудудда масжид қурилишига қарши оммавий норозилик намойишига чиққанди.

2010 йилнинг 11 сентябрида Москванинг жануби-шарқида жойлашган “Текстилшчики” туманида масжид қуриш режаларига маҳаллий аҳоли қаршилик кўрсатганди. Натижада қурилиш бошланмасдан тўхтаб қолган.

Форум

XS
SM
MD
LG