Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:43

Россияликлар мобилизациядан қочмоқда. Мигрантларни нима кутяпти? 


Президент Владимир Путин Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилиши ортидан мамлакатни тарк этишга шошилаётган россияликлар сони кескин ортиб кетган.

Москвадан МДҲ мамлакатларига ва Туркияга учадиган учоқларга чипта топиш мушкул бўлиб қолгани ва борлари ҳам нархи жуда қиммат эканлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда.

Путиннинг баёнотидан сўнг, Истанбул, Тбилиси ва Ереванга барча чипталар сотиб бўлингани ҳақида “Верстка” нашри хабар берди.

Умумий сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг Москва-Минск йўналишидаги учоқ чипталари бир соат ичида сотиб олинган.

Россия чегара хизмати мамлакатни тарк этаётган ҳар бир шахсни ҳарбий хизматни ўташга мажбур бўлган ҳолатини текширади.

Озодлик халқаро йўналишларга учоқ чиптаси сотадиган Skyscanner тизимига Тошкент, Фарғона, Самарқандга Москва шаҳрининг барча аэропортларидан учадиган учоқларга 22-30 сентябрга сўров берди. Аммо бу муддатга сотиладиган бирорта ҳам чипта топилмади.

Москва шаҳридаги авиачипталар сотадиган tutu.ru сайтида 21 сентябрга сотиладиган бирорта ҳам чипта йўқ. Тошкент шаҳрига 22 сентябрь куни тўғри учадиган учоқларга ҳам чипта қолмаган.

Россияда сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг учоқ чиптаси нархлари бир неча бараварга ошиб кетди.
Россияда сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг учоқ чиптаси нархлари бир неча бараварга ошиб кетди.
Фақат Санкт Петербург транзити орқали учадиган учоққа чипта бор, лекин унинг умумий парвоз муддати 22 соат.

Красноярск орқали учадиган учоқлар ҳам парвоз муддати 16 соат, аммо чипта нархи 64 минг рубл(расмий курс бўйича 1000 АҚШ долларидан ортиқ)ни ташкил қилган.

Россия фуқаролигини олган айрим марказий осиёликлар Путиннинг бу қароридан хавотирга тушганликларини айтишмоқда.

“Мен, тожикистонликман, Россия фуқаролигини олганман. Ёшим 63да. Пенсияда эканлигим боис ўзим учун қўрқмаяпман. Болаларим тақдиридан хавотирдаман. Чунки уларнинг бири 40, бири эса 37 ёшда. Катта ўғлим Россиянинг Тожикистондаги 201-дивизиясида шофёр бўлиб ишлаган. Ҳозир бошқа ишда бўлса ҳам, лекин повестка келиб қолиши мумкин. Россия фуқаролигини олган ўзбекистонлик танишларим ҳам қўнғироқ қилиб, хавотир изҳор қилишяпти”.

Сўнгги йилларда Россия фуқаролигини олаётган ўзбекистонликлар сони кўпайгани кузатилади. Россия Ички ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, 2020 йилда 23300 нафар ўзбекистонлик Россия фуқаролигини олган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 31867 минг нафарга ошган.

Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик блогер ва журналистлар бу воқеага ўз муносабатларини билдиришмоқда.

Журналист Шуҳрат Латипов сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг авиачипталар сотилишини кузатиб келмоқда. У бир қанча МДҲ давлатларига учоқ чипталари яқин кунларга қолмаганини ёзар экан, шу билан бирга чипта нархлари осмонга чиққанини таъкидлайди:

Latipov
Latipov

“Бугун Москвадан Тошкентга умуман чипта қолмади, 22 сентябр куни тўғридан-тўғри рейслар учун бир нечта чипталар бор эди. Мен бу постни ёзаётганимда улар ҳам сотилган эди. Эндиликда трансферлар туфайли Ўзбекистон пойтахтига Москвадан учиш учун деярли бир кун керак бўлади. Бундан ташқари, нархлар нореал (5-6 марта) кўтарилди. Остона, Ереван, Истанбул ва бошқа шаҳарларда ҳам вазият худди шундай”.

Журналист ва блогер Зафар Солижоновнинг ёзишича, уруш хавфини сезган “ақлли руслар” Россияни тарк этишни бошлади:

Zafar
Zafar
“Путиннинг қисман сафарбарлик чақирувидан иккита хулосага келдим: у бирдан ҳаммага ҳарбий сафарбарлик эълон қилса, уни ағдариб ташлашларидан қўрқади. Бундай таваккалчиликка ҳеч қачон йўл қўймаса керак. Иккинчи хулосам эса, демак у ҳар бир соҳа эгаларини бўлиб-бўлиб урушга тортишни бошлайди. Бу йўлда ҳам жуда кўпчилик урушга тортилади, лекин бирин-кетин. Ушбу хавфни олдиндан сезган ақли бор руслар Россияни тарк этишни бошлади.

Урушларда одатда қўшимча куч мавжуд ҳарбий захира камаяётганда, кучсизланаётганда жалб этилади. Юқоридаги чақирув Путин армиясига охирги кунларда жиддий зарбалар берилганини англатади.

Ҳаммаси яқин қолди: тинчлик ҳам, ғалаба ҳам, мағлубият ҳам”.

Ўзбекистонлик журналист Муҳрим Аъзамхўжаевнинг ёзишича, ақлли русларнинг ўзи “мобилизация””ни “могилизация” деб аташида бир ҳикмат бор:

Muhrim
Muhrim

“Россияда сафарбарлик эълон қилинди — россиялик эси-ҳуши жойида бўлган фаоллар буни мобилизация эмас, могилизация деб атаяпти. Бунда ҳам бир ҳикмат бор — урушнинг шамоли ва ниҳоят деярли ҳар бир россияликнинг хонадонига кириб боришига кўп қолмади, улар энди урушни пропаганда телеканаллари орқали эмас, ўз танида ҳис қилади, шу вақтгача ҳар турли “иноагент”лару диссидентлар бериб келган саволларни энди деярли ҳар бир россиялик бера бошлайди ва умид қиламанки, россияликларни қираётган Россия раҳбариятига қарши бош кўтаради. Бу Россиянинг эмас, Россиянинг ҳозирги телба раҳбариятининг тугаши бўлади. Бугун мобилизация эълон қиларкан, аслида Россия раҳбарияти ўзининг могилизациясини эълон қилганига ишонгим келади. Йўқолсин уруш, йўқолсин рашистлар, йўқолсин путинистлар!”, деб ёзди журналист ўз Телеграм каналида.

Иқтисодчи блогер Отабек Бакиров Россиядаги ўзбек муҳожирлари тақдиридан хавотир билдиради:

Bakirov Uzb
Bakirov Uzb
“Мобилизация эълон қилинишига ишоралар кеча пайдо бўлганди. Кечанинг ўзидаёқ минглаб хушёр россияликлар қочишга улгуришди, лекин бугун билет топган тақдирда ҳам уларни қочишга имконияти бўлармикан?

Тентакка қарши чора йўқ, ундан фақат қочиб қутулиш мумкин. Қариб мияси айниган тентакнинг қўлида ядро бомбаси бўлса ва ўзига, давлатига, фуқароларига қўшиб, бутун дунёни асфаласофинга жўнатмоқчи бўлиб турса, айниқса.

Мен нафақат россияликлардан, ўзимизнинг қоракўз мигрантлардан ҳам хавотирдаман”.

Айни пайтда Ўзбекистон Бош прокуратураси Россиядаги ўзбекистонликларни бегона урушларга қўшилиб қолмаслик ҳақида огоҳлантирди.

Бош прокуратура расмий Телеграм каналида эълон қилинган баёнотда ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши айтилган.

“Шунингдек, Жиноят кодексининг 154-1-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.

Шунга кўра, чет мамлакатларда бўлиб турган ҳамюртларимиздан ҳарбийлашган тузилмаларга ёлланмасликка, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликка чақирамиз ва бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида яна бир бор огоҳлантирамиз”, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази директори Алишер Илҳомовнинг айтишича, Россия фуқаролигини олишга иштиёқи бор ўзбек меҳнат муҳожирларининг Путин қўйган қопқонга тушиб қолиш эҳтимоли катта:

“Путиннинг ҳарбий сафарбарлик ҳақидаги фармонининг, албатта, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига алоқаси йўқ. Лекин мигрантларга агар ҳарбий хизматга борсанг Россия фуқаролигини олиш осон бўлади деган таклифи жуда хавфли. Бу ўзига хос бир қопқон. Агар улар бу қопқонга тушса, урушга юборилиши ва ўлиб кетиш эҳтимоли катта бўлади. Бундан аввал ўзбек муҳожирларини контракт асосида ҳарбий хизматга жалб қилиш ҳаракатлари бўлган эди. Менда аниқ статистика йўғу, лекин жуда кўп ўзбеклар ана шундай шартномага имзо қўйиб Россия қуролли кучлари сафига қўшилган. Бунга ўзимиз гувоҳ ҳам бўлганмиз. Аммо бу усул билан кўпроқ мигрантларни жалб қила олишмади, энди эса фуқаролик берамиз деб йўлдан уришмоқчи”.

Форум

XS
SM
MD
LG