Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2019, Тошкент вақти: 00:43

Дунёга машҳур университет ими-жимида ўзини россиялик миллиардердан четга олди


Россиялик миллиардер Виктор Векселберг 2013 йилдан бери АҚШнинг энг нуфузли институти ҳомийлари кенгаши аъзо бўлган.

Тўққиз йил олдин россиялик олигарх Виктор Векселбергни АҚШ компаниялари, университетлари ва ҳатто ҳукумати қучоқ очиб кутиб олаётган эди.

Вашингтониннг Росия билан алоқалари қайта йўлга қўйилаётган, Векселберг Кремль қўллаб-қувватлаётган “Сколково” ташаббусига раҳбар бўлган, мақсад эса юксак технология, тадқиқот ва тадбиркорликни ривожлантириш эди.

Дунёдаги энг нуфузли ва бой олий ўқув юртларидан бири Массачусетс технология институти ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади ҳамда Сколково фан ва технология институтини (Сколтек) ташкил этиш учун 300 миллион долларлик сармоя киритди.

МТИ 2013 йили Векселбергни ҳомийлар кенгашига ҳам киритди, аммо бугун у институтнинг ишончли вакили эмас. Маъмурият 2018 йили уни ими-жимида ишончли вакиллар қаторидан чиқариб ташлади. Бунга олигархнинг АҚШ Молия вазирлигининг санкциялар рўйхатига киритилгани сабаб бўлди.

Россиянинг металл саноатида миллиардлаб доллар пул ишлаб олган ва қароргоҳи Швейцарияда бўлган “Ренова Груп” эгаси Векселберг 2013 йилда МТИ ҳомийлар кенгашига сайланган, орадан икки йил ўтиб, қайта сайланган эди.

Аслида собиқ президент Дмитрий Медведев даврида ташкил этилган Сколковони 2013 йили Владимир Путин президентликка қайтгандан сўнг терговчилар босди. Оқибатда у ердаги амалдорлар 750 минг долларни ўғирлаганликда айбланди. Бу ишга мухолифатчи депутат ҳам аралашиб қолгани айтилди.

2014 йилда Қримни босиб олингандан сўнг Қўшма Штатлар Россияга қарши санкциялар жорий қила бошлади. Дастлаб санкциялар Векселберг сингари бизнес етакчиларига эмас, ҳукуматнинг юқори лавозимли амалдорларига нисбатан қўлланди.

2018 йил бошида Қўшма Штатлар Россияга қарши жазо чораларини кенгайтираётиб, Векселбергга ҳам босим ўтказиш йўлига ўтди. Апрель ойида у билан “Ренова Груп” ҳам санкциялар рўйхатига киритилди.

Кейинчалик “Ренова Груп”га қарашли АҚШдаги “Колумбус Нова” инвестиция компанияси президент Доналд Трампнинг шахсий адвокати Майкл Коэнга консультантлиги учун пул тўлагани ошкор бўлди.

Яна маълум бўлишича, Векселберг Трампнинг инагурация маросимида ҳам қатнашган ва тадбирга 250 минг доллар ҳомийлик ёрдами берган экан.

2019 йил январига келиб Векселбергнинг номи МТИнинг корпоратив кенгаши аъзолари рўйхатидан бутунлай чиқариб ташланди.

АҚШ Молия вазирлигининг санкциялар қўлланишини назорат қилиб турувчи бўлими таҳлилчиси Брайен О’Тулга кўра, Векселберг рўйхатга киритилгандан сўнг МТИ шу заҳотиёқ муносабат билдириши шарт эди.

‒ МТИ ундан зудлик билан қутулиши керак эди, ‒ деди О’Тул. ‒ Санкциялар фақат молиявий операцияларга эмас, бирор шахсга ҳар қандай хизмат кўрсатишга, у билан қилинадиган иш муносабатларига... яна у ишончли вакил сифатида МТИ номидан бажарадиган ҳар қандай фаолият турига тегишли.

Векселбергнинг МТИ бошқаруви рўйхатдан чиқарилиши сабаби хусусида бошқа экспертлар ҳам шунга ўхшаш фикрлар билдирмоқда.

XS
SM
MD
LG