Линклар

Шошилинч хабар
06 март 2021, Тошкент вақти: 03:13

Мирзиëев TikTokда. Тармоқни титрaтган трендлар


Президент набиралари рақси тармоқда тарқалди

Кундалик хабарларни газета саҳифалари ëки ТВ экранларидан эмас, балки ижтимоий тармоқлардан ўқиш Ўзбекистонда аллақачон трендга айланиб улгурди. Озодлик ўтган ҳафтада тармоқ муҳокама қилган асосий хабар ва мавзуларга назар ташлади.

Ўзбек сегментига аталган контентлар трендини ўрганиш чоғида Озодликка Youtube каналида юз минглаб обуначиларга эга журналист Улуғбек Ашур ҳамроҳлик қилди.

Импорт чеклови тармоқлар муҳокамасида бўлди
Импорт чеклови тармоқлар муҳокамасида бўлди

Улуғбек Ашурга кўра, ўтган хафта ичида Youtube платформасининг ўзбек сегментида Ўзбекистонда 500 дан зиёд товарларнинг давлат ҳариди тақиқлангани муҳокама қилинган. Шунингдек президент неварасининг TikTokдаги чиқиши ва Ташқи ишлар вазирлигидаги журналистга аккредитация эвазига секс таклиф қилган Рустамнинг ишқий достонини барча платформалар фаол муҳокама қилган.

Ўзлигинг намоëн қил. Мирзиëев TikTokда

Ўтган ҳафта Мирзиëевнинг невараси Миромон Мирзаевнинг рақсга тушиб TikTokка жойлаган видеоси тарқалди. Видеода Ўзбекистон президентининг қизи Саида Мирзиëеванинг ўғли Миромон ва қизи Саодатхон Венеция услубидаги айвоннинг ярим айлана эшиги олдида туриб рақсга тушмоқда.

Мирзиëев набиралари
Мирзиëев набиралари

@MIROMON7 деган бу аккаунт эгаси жойлаштирган видео персонажлари Get loose ("Ўзингни бўш қўй") деган мусиқий композицияга рақс тушади.

Умуман, Мирзиëев мавзуси сешанбадан сешангача ўтган даврда TikTokдаги кўп контентларда фойдаланилди. Ғайрат Матëқубов исмли TikTokчи машинада ухлаб ëтган йигит видеосининг устига Мирзиëев овозини жойлаштирган.

Биринчи планда эса кимнингдир кўрсаткич бармоғи акс этади. “Савиянг йўқ¸ илминг йўқ¸ билиминг йўқ¸ китоб ўқимайсан, президентни қарорини ўқимайсан” деган президент овози эшитилади. Куртка кийган соқоллари ўсиб кетган йигит эса, ухлашда давом этаверади.

TikTokда Шавкат Мирзиëевга бағишланган видеолар туркумини Швейцарияда яшайдиган ўзбек фаоли Сафар Бекжон акс этган лавҳа якунлади. TikTok порталининг ўзбек сегментида кўп кўрилган 13 секундлик видеода Сафар Бежон қўлидаги товага чўмични уриб “Шавкат, истеъфо” дея қўшиққа солиб айтади.

Сафар Бекжон
Сафар Бекжон

Тақиқ мевасини ким ейди?

Ўзбекистонлик фаол Азиза Умарова ўзининг Facebookдаги саҳифасида импорт товарлар тақиқидан аввало тиббиёт зарар кўриши ҳақида ëзди.

“Шоколад, вафли, телевизор, кондиционер ва ҳаттоки газ / электр ҳисоблагичлар бозори бирдагина нима учун ва ким учун тақа-тақ ёпилганини ёш бола ҳам тушуниб турибди.Лекин ўзимизда шунчаки етишмаётган гўшт маҳсулотлари нега рўйхатга киритилган? (Қишлоқ хўжалигидаги расво сиёсат туфайли чорва еми етиштириш мумкин бўлган ерлар пахта учун ажратилди).Ёки болалар ўйинчоқлари? Бизнинг мактабларимиз ва болалар боғчаларига улар фақат четдан келтирилади ва уларни сотиб олиш керак.Ва энг муҳими – реагентлар ва дори-дармонлар? Мана, бир мисол. Бугунги кунда саратонга қарши даволашда яроқли бўлган барча дорилар мутлақо четдан келтирилади. Уларнинг аксарияти Фармацевтика қўмитаси томонидан лицензияланмаган ва чет элдан ноқонуний равишда қўлда олиб келинади. Давлат шунчаки беморнинг оиласига дорилар рўйхатини беради, одамлар ўзлари топиб сотиб олишади. Бу ҳолат бошқа жиддий касалликларга ҳам тегишли. Чунки юқори сифатли импорт дори-дармонларгина натижа беради.Давлат тиббиёти ёмон аҳволда. Беморларни юқори сифатли даволаш мақсадида барча касалликлар учун замонавий халқаро протоколларни қабул қилиш ва чет элдан беморлар учун зарур сифатли дори-дармонларни сотиб олиш зарур. Давлат тиббиёт тизимига дори-дармонлар олиб кирилишини тақиқлаш ҳар қандай кўринишда зарарлидир. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни бу тарзда қўллаб-қувватлаш ножоиз".

Азиза Умарова
Азиза Умарова

Умарованинг бу фикрига жавобан тармоқ фаоли Умида Ҳақназар мана буни ëзди:

Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаш эмас, балки протекционизмдир.

"Бошқа мамлакатлар бозорига киришни тақиқлашдан ташқари бу “ўзингникининг оёғидан чалиш” ҳамдир. Масалан, бизнинг тикувчиларимиз Россияда ёки бошқа мамлакатларда ўтказиладиган давлат харидлари тендерларида қатнашиб, тикувчилик қилишлари мумкин эди. Фартуклар ёки, дейлик, махсус иш кийимлари тикиш бўйича… Ёки бизнинг қурилиш компанияларимиз худди шу хизматларни сотиб олиш учун тендерлар ўтказиладиган йирик қурилиш лойиҳаларида субпудратчи сифатида қатнашишлари мумкин. Шундай қилиб, биз келажакда кўплаб имкониятларни бой берамиз… калтабин чора-тадбирларимиз боис".

Асалхоний қайтди

Asalhoney лақаби билан Инстаграмда машхур бўлган қўшкўпирлик 31 яшар эротик блогер Асал Хўжаева бир муддат танаффусдан кейин TikTokда пайдо бўлди. У ўз хейтерларига қарата маломат ëмғирини ëғдирди. Ўтган йил декабрда унга икки маротаба Мирзо Улуғбек тумани ИИБга чақирилиб, расман огоҳлантириш берилган. Ҳовузда чўмилгани ҳолати акс этган, турли кийимларда тушган шахсий суратларини эълон қилгани учун огоҳлантирилган эди.

Асал Хўжаева
Асал Хўжаева

Ўзбекистондаги энг машҳур эротик блогер, Асалхоний тахаллуси билан танилган Асал Хўжаева интим блогерлик ва жинсий хизмат кўрсатишни тўхтатишини Элтуз нашри мухбирига берган суҳбатида айтган эди. Суҳбат давомида Хўжаева, ўз таъбирича, консерватор қатлам вакилларининг доимий босими ва ҳужумлари остида қолаëтганидан шикоят қилган эди.

Хафта давомида ўзбекистонлик стилист ва трансгендер Нигина (Отабек) ҳам муҳофазакорлар шикояти ортидан қамоққа олингани ҳақидаги хабар тармоқда тарқалди.

Ўзбекистон жинсий озчиликлар ҳукумат тарафидан қонуний таъқиб қилинадиган дунëдаги кам сонли мамлакатлардан биридир.

Ташқи ишлар вазирлиги мулозимининг ишқи ички ишми?

Тармоқдаги жами порталлар мана, икки кундирки ТИВдан аккредитация ололмаган хорижлик журналист аёл вазирлик вакилини шилқимликда айблаганини муҳокама қилмоқда. Гап The Guardian, Al Jazeera, The Diplomat ва Eurasianet нашрлари билан ҳамкорлик қилиб келган мустақил журналист Агнешка Пикулицка-Вилчевска ҳақида. Унинг сўзларига кўра, Рустам деган ТИВ мулозими секс эвазига аккредитация таклиф қилган.

Агнешка Пикулицка ва Комил Алламжонов
Агнешка Пикулицка ва Комил Алламжонов

Журналист Зафарбек Солижонов ўзининг Телеграм саҳифасида "ҳаммасини ...га тиқдинг, Рустам!" дея ëзди:

"Халқаро журналист "Агнешкахон воқеаси" кўп саволларга жавобларни очиб берди. Келинглар, жонажон аккредитациядан бошлаймиз. Айнан уларни назорат қиладиган институтнинг ўзи йўқ, жавобгарликнинг ўзи йўқ, менимча. Бўлмаса, 2 ойда берилиши керак бўлган жавоб 6 ойдан кейин, бемалооол берилмасди. Давлат ташкилотларида назорат йўқлиги ўзбошимчаликка олиб келган доим. Ўзи аккредитация нега бунча муддатда берилиши керак? Балки, янги Ўзбекистонда "ташқи ёвуз, қора кучлар" фаразимиздан воз кечармиз? Қачонгача сунъий душманлар билан яшаймиз? Эски даврдан қолган "тешик тоғоралар"дан қачон қутуламиз?

Тармоқ “Рустамнинг ишқий достонига бағишланган мем ва киноялар билан тўлди. Блогер Муфаса эса, бу холатни шеърий мисраларда тасвирлади:

"Голодний Рустами булбул,

Давлатнинг обрўсини

Қилдингку бир пул..."

Ойсара опанинг қизи Жумагул ва бошқалар

Балоғатга етмаган қизни зўрлагани учун беш йилга қамалган қўшиқчи Жасур Умиров ҳикояси сешанба куни трендга чиқди. "Фарҳод ва Ширин" дуэтидаги Фарҳоднинг уйланиб, Навоийда тўй қилгани¸ Зарина Низомиддинованинг иккиқат бўлгани ва комик стендапчи Шаҳлонинг "руҳий мувозанати"ни ҳам тармоқлар муҳокама қилди. Энг кўп улашилган ва мутойибага сабаб бўлган видео тошкентлик TikTokчиларнинг ИИБ йўл патрул хизмати машинаси билан "жинсий алоқани эслатувчи имитация" қилгани бўлди.

ЙПХ машинаси олдидаги пантомимо
ЙПХ машинаси олдидаги пантомимо

Ижтимоий тармоқлардаги трендларни Озодлик билан бирга кузатинг.

Тармоқларнинг фаол фойдаланувчиси бўлсангиз, фикрларингизни биз билан баҳам кўринг.

Эксклюзив сурат ва видеоларингизни бизнинг тармоқлардаги платформаларимиз орқали бўлишишингиз мумкин.

Биз билан боғланиш учун:

Мессенжер ва имейл

+420 602 612 713 (WhatsApp, Telegram, Viber)

+420 724 971 539 (WhatsApp, Telegram, Viber)

ozodlikmail@gmail.com

ozodcomments@gmail.com

uzbekweb@rferl.org

XS
SM
MD
LG