Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:00

Президент ташаббуси билан очилган жамғармага мажбурлаб пул ўтказиш кампанияси кучайди


Мажбурий-ихтиëрий йиғилган озиқ-овқат маҳсулотларининг ночорларга тарқатилаëтгани ҳақида расмийлар фотоҳисобот бермоқда¸ аммо ўтказилган хайрия пулларининг нимага сарфланаëтгани очиқланмаëтир.
Мажбурий-ихтиëрий йиғилган озиқ-овқат маҳсулотларининг ночорларга тарқатилаëтгани ҳақида расмийлар фотоҳисобот бермоқда¸ аммо ўтказилган хайрия пулларининг нимага сарфланаëтгани очиқланмаëтир.

Президент Мирзиёев ташаббуси билан ўтган ҳафта тузилган “Саховат ва кўмак” жамғармасига бюджет ташкилотлари ишчилари ва тадбиркорлардан пул йиғиш кампанияси бошланди.

Баъзи ташкилотларда ишчилар ойлигининг 25-30 фоизи ушбу жамғармага ўтказиляпти.

Озодликка бўлаётган мурожаатларга кўра, бу жараён “мажбурий- ихтиёрий” равишда амалга оширилмоқда.

Карантин даврида муҳтож оилаларга ёрдам бериш учун бошланган “Саховат ва кўмак” тадбири 22 апрелдан бошлаб жамғармага айлантирилди.​

“Мажбурий- ихтиёрий” хайрия

Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманидаги ўқитувчиларга бир кунлик иш ҳақини “Саховат ва кўмак” жамғармасига “ихтиёрий” равишда ўтказиб бериш буюрилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар йўллаган ўртачирчиқлик ўқитувчи ишдан ҳайдалиш хавфи боис исми очиқланмасликни сўради.

“Директор ҳар бир ходимнинг бир кунлик иш ҳақи “Саховат ва кўмак” жамғармаси учун ушлаб қолинишини айтди. Бунинг учун биз “онгли равишда ўз ихтиёрим билан ойлигимдан ушлаб қолинишини сўрайман” деб ариза ёзиб, қўл қўйиб бердик. Ўзи ўтган ой ҳам "ҳашар" деб бир кунлик ойлигимизни ушлаб қолишганди. Одамнинг шароити бор-йўқлигига ҳам қарашмайди”.

“Саховат ва кўмак” жамғармасига “ихтиёрий” равишда пул ўтказиш мамлакатдаги барча ўқитувчиларга буюрилган.

Тошкентнинг Олмазор туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси жамғармага пул ўтказиш учун ёзган розилик аризаси нусхасини Озодликка йўллади.

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига ўз ҳиссамни қўшиш мақсадида 1 кунлик ойлик маошимдан ўтказилишига розиман”, дейилади аризада.

Айни пайтда Озодликка бўлаётган мурожаатлардан маълум бўлишича, “Саховат ва кўмак” жамғармасига пул ўтказиш нафақат ўқитувчилар, балки мамлакатдаги барча идора ва ташкилотларга буюрилган.

Хусусан, банкирлар ҳам шундай топшириқ олган.

“Миллий банк раиси 5 кунлик иш ҳақини пандемияга қарши кураш фондига ўтказиб бериш ҳақида кўрсатма берибди. Бу ахир маошимизнинг 25 фоизи дегани. Таваккал қилиб ишлаганимиз етмагандай¸ бу топшириқ келган. Олдин ҳам 1 кунлик кўчиргандик, майли деб”, дейди аноним қолиш истагини билдирган банк ходими.

Бу тадбир бошлангандан бери Озодликка Солиқ қўмитаси¸ прокуратура, Миллий гвардия, Ички ишлар бўлими ходимларидан айни мазмундаги ўнлаб хабар келмоқда.

Жумладан, Тошкентнинг Олмазор тумани Ички ишлари бўлими ходими “Саховат ва кўмак” жамғармасига пул ўтказиш бир марталик эмаслигини айтиб, бу борадаги ариза бланкаси нусхасини Озодликка тақдим қилди.

“Халқимга келган синовли дамларда ижтимоий ҳимояга муҳтож, бемор ва ногирон ватандошларимга ёрдам беришда ўз ҳиссамни қўшиш мақсадида “Саховат ва кўмак” махсус ҳисобига ойлик маошимнинг май, июнь ва июль ойлари давомида ҳар ойда .... кунлик маошимни ўтказишимга рухсат беришингизни сўрайман. Ушбу билдирги ўз хоҳишим билан, ҳеч кимнинг даъватларисиз ёзилди”, дейилади бланкада.

Озодлик гаплашган ИИБ ходими¸ ойликларининг 20-30 фоизи ушлаб қолинаëтгани, бу эса¸ 3-5 кунлик иш ҳақига тўғри келишини билдирди.

Озодлик суҳбатлашган бюджет ташкилотлари ходимлари жамғармага пул ўтказиш учун ёзилган розилик аризаларига ишдан ажрамаслик учун мажбуран қўл қўйишганини айтди.

“Ким қаршилик қилади дейсиз? Ҳамманинг ягона пул келадиган даромади, шу иши. Бир- икки марта қаршилик қилганлар бўлди. “Ёқмаса, сизни ҳеч ким бу ерда ушлаб тургани йўқ. Ишдан бўшаб кетишингиз мумкин”, деган гап қилишган. Ҳамма қўрқанидан розилик ёзиб беради. Бошқа иложимиз ҳам йўқда”, дейди ўртачирчиқлик ўқитувчи.

Айни пайтда тадбиркорлар ҳам “Саховат ва кўмак” жамғармасига пул ўтказишга "мажбурланаётгани"ни айтмоқда. Наманганлик тадбиркорнинг айтишича, ундан 200 минг сўмни ушбу жамғармага ўтказиш сўралган ва ИИБ ходими унинг пул ўтказишини назоратга олган:

“200 минг сўм ўтказиб беришим кераклигини айтишган. Ўзи карантин шароитида ишлаяпман. Ортиқча пул йўқ. Ички ишлар ходими ҳар куни телефон қилиб, “пул ўтмадику” деб сўраяпти”.

Ишчи ва тадбиркор қўли билан аҳолига ҳукумат ёрдами кўрсатиш

Президент Шавкат Мирзиёев 20 апрель кунги видеоселекторда карантин пайти муҳтож оилаларга ёрдам бериш учун “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.

“Имкониятидан келиб чиқиб, қайсидир тадбиркор бир ойда мисол учун, 10 та, бошқа бири эса 20 та оилага кўмаклашиши, энг муҳими муҳтож оилалар аъзоларини ишга жалб қилиши мумкин. Давлат томонидан ўз навбатида бундай тадбиркорларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар берилади. Яъни, бу аҳолига давлат томонидан тадбиркорлик субъектлари орқали кўрсатиладиган саховат ва кўмак бўлади”.

Президент гапининг эртасигаёқ давлат идоралари оилаларга кўмак кўрсатиш ташаббуслари билан чиқа бошлади. Дастлаб ушбу кампания оилаларга озиқ-овқат тарқатиш кўринишида бўлди.

Кейинчалик “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузурида “Саховат ва кўмак” жамғармаси тузилди.

Хайрияга “мажбурлаш”

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 апрелдаги 213-ф-сонли фармойишига кўра, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари асосан ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳисобига тўпланиши қайд қилинган. Бу жараён мутлақо ихтиёрийлик кўринишида амалга оширилиши таъкидланган.

Тошкентлик ҳуқуқшунос хайрия учун пул йиғиш жараёнинг “мажбурий-ихтиёрий” жиҳатларини шундай изоҳлади:

“Меҳнат кодексининг 164-моддасида ходимнинг розилиги бўлмаса, унинг ойлик ҳақидан ушлаб қолиш мумкин эмаслиги қайд қилинган. Ходимнинг ойлигидан бирор чегирма қилинса, бу ҳақда албатта унинг ёзма розилиги лозим. Шунинг учун ҳам барча идоралар бирор хайрияга ходимларидан пул йиғар экан, улардан ариза олади. Хайрияга пул йиғишни қонунийлаштиришнинг асосий йўли - бу ходимнинг аризаси. Ходимнинг розилик аризаси бор экан, буни ноқонуний дея олмаймиз. Аризани ходим бирор тазйиқ ёки таҳдид орқали ёзган бўлса, буни ходимнинг аризаси билан судга ошириш мумкин. Лекин амалиётда ходимлар ишни йўқотишдан қўрқиб, судга мурожаат қилмайди. Шунинг учун ўзбекча ҳашар ва хайрияларнинг сон-саноғи йўқ”.

Давлат солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев маҳаллий матбуотга берган интервьюсида «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатида тадбиркорлар мажбурланмаётганини таъкидлади.

«Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини тўғри қабул қилишимиз керак. Бу тадбиркорларни саховатга мажбурлаш эмас, балки уларнинг кўмак ишларида ихтиёрий иштирок этишларини таъминлаш мақсадида давлат томонидан зарур шарт-шароитларни яратиш ҳаракатидир».

Ёрдамлар муҳтожларга етиб боряптими?

Карантин бошланиши билан саховатпеша инсонлар муҳтожларга ёрдам бериш акцияларини бошлади.

Бироқ орадан кўп ўтмай ҳукумат муҳтожларга ёрдам беришни ўз назоратига олди. Саховатпеша инсонлар муҳтожларга атаган ёрдамини ҳокимлик ва бошқа давлат тизимлари назоратидаги Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази орқали тарқатиш белгиланди. Бунинг ортидан Маҳалла вазирлиги қошида Ягона мувофиқлаштириш маркази иш бошлади.

Ушбу марказга саховатпешалар томонидан тақдим қилинаётган маҳсулотлар ва “Саховат ва кўмак” жамғармасига тушаётган пуллар тақдири кўпчиликни қизиқтирмоқда.

Тармоқларда бу жараённинг шаффоф эмаслиги борасида кўплаб танқидий фикрлар билдирилди.

Ўртачирчиқлик ўқитувчи ҳам жамғармага ўтказган пуллари тақдиридан хавотирда:

“Жамғармага ўтказилган пуллар қаерга кетади? Иши битгач ҳеч ким ҳеч қачон ҳисоб бермаган. Битта тумандаги барча ўқитувчининг бир кунлик иш ҳақи оз пул бўлмайдику. Буни бутун республикадаги ўқитувчиларнинг бир кунлик ойлигига айлантирсакчи? Биргина ўқитувчиларнинг ўзидан қанча пул йиғиляпти. Бизку қўрқанимиздан пул берамиз, лекин бу пуллар кимнингдир чўнтагига кетмаётган бўлсин ишқилиб”.

“Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Республика бўлими ходимининг 28 апрель куни Озодликка айтишича, “Саховат ва кўмак” жамғармасига тушган пуллар назорати жиддий кузатиб борилади.

Ўзини таништирмаган ходим жамғарма маблағлари ва улардан бериладиган эҳсонлар борасида матбуот орқали маълумот бериб борилишини таъкидлади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ягона мувофиқлаштириш маркази орқали эҳсонларни тарқатиш шаффофлигини таъминлаш мақсадида Telegram каналида кунлик ҳисоботларни беришни йўлга қўйганини хабар қилди.

XS
SM
MD
LG