Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:35

Мирзиëев ислоҳотлари: Дарахтни ҳоким кесиб, лочинни шаҳзода овлаб, жазони Экоқўмита олди


Тошкент шаҳридаги тўхтовсиз қурилишлар учун Миллий боғдан тортиб уйлар орасидаги дарахтларга қадар қириб ташланди
Тошкент шаҳридаги тўхтовсиз қурилишлар учун Миллий боғдан тортиб уйлар орасидаги дарахтларга қадар қириб ташланди

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходимлари 24 август куни Шавкат Мирзиëев ўтказган экология ва атроф-муҳит муҳофазаси мавзусидаги йиғилиш ортидан қўмита тизимидаги ходимларнинг вазияти янада оғирлашганини айтмоқда.

Озодликка турли вилоятлардан мурожаат қилаëтган ишчи-ходимларга кўра, президент “номутахассис” деб атаган ходимларни ишдан бўшатиш¸ қўмита ваколатларини кескин қисқартириш жараëни бу мажлисдан сўнг янада кучайган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходимлари сонини қисқартириш президентнинг 3 апрель кунги 5053-сонли қарори асосида бошланган ва 1 майга келиб¸ экоқўмитанинг жами 2 305 ходимидан 346 таси қисқартирилиб 1 959 штатга туширилган эди.

24 август куни Мирзиëев қўмитадан энг муҳим функцияси – ҳуқуқий экологик назоратни олиб ташлади ва бу ваколатни Ички ишлар вазирлиги қошида янги тузиладиган экополицияга берди.

Бундай ўзгариш жамоатчилик муҳокамасиз¸ Мирзиëевнинг йиғилишда берган оғзаки буйруғи асосида амалга оширилмоқда.

Мирзиëевнинг “экотизимдаги ислоҳотлари”

24 август кунги махсус йиғилишда Шавкат Мирзиëев ўзини экология ва атроф-муҳит учун қаттиқ куюнадиган президент қилиб кўрсатди ва бу муҳит учун масъул қўмита ишини кескин танқид қилди.

Сўнгги 4 йилда саноат корхоналари 2 бараварга ортиб, шаҳарларда чанг-газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошган. Атмосферага ташланмаларнинг 90 фоизи Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Қўқон, Навоий, Бухоро, Чирчиқ, Ангрен, Олмалиқ, Бекобод, Гулистон ва Нукус шаҳарларига тўғри келади.

Шу билан бирга, ҳудудларда “яшил майдон”лар 3-4 бараварга қисқариб, ўртача 8 фоиздан камайиб кетди”¸ деб ëзди президент матбуот хизмати мазкур йиғин ҳақида.

Бундай танқидлар ортидан Мирзиëев “соҳадаги тизимли муаммолар ҳал қилинмагани ва йўл қўйилган камчиликлар учун” қўмита раиси Алишер Мақсудовни ишдан олди.

Тизимли муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Мирзиëев “Экология полицияси» ташкил қилиш ва уни Ички ишлар тизимига бириктириш ҳақида буйруқ берди.

Бузуқ тизим¸ самарасиз шоу...

Шавкат Мирзиëевнинг 24 август кунги йиғилишда эълон қилган “ислоҳотлар”¸ мутахассисларга кўра¸ Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолияти билан боғлиқ тизимли муаммолардан деярли бирортасини ҳал қилмайди.

Мутахассислар қўмита фаолиятининг самарасизлигига нотўғри бошқарув тизими сабаб эканини кўпдан таъкидлаб келади.

Амалдаги бошқарув структурасига кўра¸ Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг энг катта бошлиғи Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовдир. У раҳбарлик қиладиган секторга Қурилиш¸ Транспорт ва Уй-жой коммунал хизмати вазирликлари ҳам киради.

Айни пайтда экология қўмитаси фаолияти ҳокимликлар назоратида – ҳудудий бўлим раҳбарларини ҳокимлар тайинлайди.

Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларидаги боғларни яксон қилиб¸ ўрнига кўнгилочар жойлару кўп қаватли бетон уйлар қураëтганлар¸ ҳам маҳаллий¸ ҳам мустақил матбуот ëзиб келаëтгани каби¸ айнан ҳокимликлар ва Раматов бошқарадиган вазирликларнинг ўзидир.

Ўзбекистонда Қурилиш вазирининг оиласи қарийб ярим триллион сўмлик давлат лойиҳасини қўлга киритди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:56 0:00

Хусусан¸ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўзи¸ Қурилиш вазири Ботир Зокиров ва президентнинг куëвларига алоқадор ширкатларга қурилиш учун ер бериши ортидан Ўзбекистон пойтахтининг экосистемаси инқирозга учрагани айтилади.

Кўп қаватли уйлар орасидаги кичик майдонлардан то Миллий боғ ҳудудига қадар ҳокимиятдагиларнинг ўзига тегишли қурилиш ширкатларига берилиши ортидан¸ мутахассисларнинг бонг уришича¸ Тошкент иқлимининг кескин бузилиши кузатилмоқда.

2021 йилнинг 3-7 кунлари Тошкентда ҳаво ҳароратининг мисли кўрилмаган 44 даражадан ошиб кетиши кузатилди. Газета.уз нашри июль ойида ўз Телеграм каналида ўтказган сўровда тошкентликларнинг 90 фоизи пойтахтда яшил ҳудуд ва боғлар етишмаслигини билдирган.

Экология қўмитасида Раматов¸ Зокиров¸ Ортиқхўжаев ва вилоят¸ туман ҳокимларига эътироз билдириш¸ улар бизнесини тўхтатиш ваколати бормидики¸ президент яшил майдонларнинг қисқаргани учун уларни айбласа! Яшил ҳудудларни бузиб¸ ўз компанияларига уй қурдираëтганлар шуларку! Бунинг жавобини нега Раматовдан ¸ Зокиров ëки Ортиқхўжаевдан сўрамади? Сўрамайди¸ чунки мажлисда айтилган гаплар¸ қилинган пўписалар яна бир популистик шоу. Мақсад¸ соҳадаги тизимли муаммоларни ечиш бўлганда эди¸ Экоқўмитани аллақачон мустақил қилиб¸ унга кучли ваколат ва моддий-техника базаси бериш керак эди. Буни қилишмади¸ қилишмайди ҳам”¸ дейди мазкур қўмитанинг собиқ мутахассисларидан бири Озодлик билан суҳбатда.

Мутахассислар¸ Шавкат Мирзиëев ва оиласи дам олиши учун Оҳангарон тоғларининг давлат ҳимоясига олинган ўрмонзор ҳудудида қурилган Шоввозсой мажмуасини¸ экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш учун масъул тизимнинг нақадар фалажлигини кўрсатадиган ëрқин мисол сифатида тилга олди.

Шоввозсой учун юзлаб гектар ердаги дарахтзорлар пайҳон қилинди. Ҳудудга Қурбоновлар оиласи ўнлаб йиллар давомида эккан минглаб ноëб дарахтлар кесиб ташланди¸ сувга бостирилди. Тоғ дарëлари тўсилиб¸ президент кўнгилхушлиги учун махфий кўл қурилди. Буларнинг барчаси экотизимга тузатиб бўлмас зиëн етказди. Президент учун қаср қурганлар Экология қўмитасидан бу қирғинбарот учун рухсат олдими¸ лоақал улардан фикр сўрадими? Энг тепадаги раҳбарнинг ўзи қўмитани бир пулга олмаса¸ Раматов ва Ортиқхўжаевлардан нима кутиш мумкин?”¸ дейди Тошкент вилоятидаги ўрмонзорлар учун собиқ маъсуллардан бири.

Озодлик суҳбатдошлари¸ "Қизил китоб"га киритилган ҳайвон ва қушларни Ўзбекистонда ов қилишга ҳам ҳукуматнинг энг тепасидагиларнинг ўзи рухсат бергани боис¸ Экология қўмитаси масъулларининг бу борада ҳам "қўл-оëғи боғлиқ" эканини тилга олди.

Йиртиқ шиппакдаги “экоармия” “экополиция”га айлантирилди

24 август кунги йиғилишда экология соҳасидаги қонунбузарликлар билан кураш вазифаси Экология қўмитасидан олиниб¸ Ички ишлар вазирлигига берилди.

Экополициянинг асосий фаолияти қилиб экология соҳасидаги қонунбузарликлар, жумладан, дарахтларни рухсатсиз кесиш, чиқиндиларни ножоиз жойга ташлаш, браконьерлик каби ҳолатларга қарши кураш ва аниқлаган ҳуқуқбузарликлардан жарима ундириш этиб белгиланди. Йил охиригача экополиция фаолиятини йўлга қўйиш Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Aбдуллаевга топширилди.

Бундай ўзгариш ҳам Озодликка хавфсизлик боис шахси очиқланмаслигини сўраб фикр билдирган мутахассислар танқидига учрамоқда.

Ҳозирда ходимларнинг энг жаҳлини чиқарган нарса экополиция штати¸ унинг ИИВга берилгани бўлиб турибди. Шу штатни Экологиянинг ўзига берса¸ экоинспекцияга кучли ваколат берса¸ улар ҳам зўр ишлашни биларди. Аввалига ўзи бизни ҳокимиятга боғлаб қўйди¸ ҳокимлар экологияни ўз ноғорасига ўйнатди. Энди айбни ўзи қурган системага эмас¸кунини зўрға кўриб¸ ҳокимларга оëқости қилинган экологларга тўнкаяпти. Қани ўзи айтадиган одолат?”¸дейди қўмитанинг воҳа вилоятларидан бирида ишловчи ходими.

Давлат экология қўмитаси таркибидаги экологик инспекция тизими ўзини кўрсата олмаганини эътироф этаëтган соҳа мутахассислари бунинг учун айб “қўмитанинг қуйи тизимидаги “экоармия”да эмаслиги¸ балки улар фаолияти учун имконият яратиб бермаган ҳукуматнинг ўзида эканини таъкидламоқда.

Хусусан¸ экологик назорат тизимини ислоҳ қилиш ҳақидаги таклифлар муаллифи¸ Телеграмдаги Yuristkadr канали муаллифи ҳуқуқшунос Саидали Мухторалиев экология учун курашга ташланган “армия”нинг нақадар хор ва заиф эканини эслатди.

Энг керакли пайтда қуйи бўғинлардаги экоинспекторлар қўллаб-қувватланмади, уларнинг моддий техник базасига умуман эътибор қаратилмади, улар туманлардаги энг кам ойлик олувчи давлат хизматчилари сифатида қолиб кетди, улар тиш-тирноғигача қуролланган броконьерларга қарши фақат “шиппакларда” ва йиртик-ямоқ формаларда кураш олиб борди. Қонунбузарларни таъқиб қилиш учун уларга хатто велосипед ҳам берилмади.

Қўмита тизимида махсус тартибли экоинспекция тизимини ташкил этиш ғояси тарафдорларидан бири эдим, 2018 йилларнинг охири ва 2019 йил бошларида бу тизимни тўлиқ ташкил қилдик. Бироқ, ўша вақтдаги қўмита раҳбариятида эконазорат масаласида қатъият деган нарса етишмади ва табиийки, бундай раҳбарларга биз каби қонунбузар мансабдор ва ҳокимларга тоқат қилмайдиган ва уларга қарши очиқчасига курашадиган мутахассислар керак эмас эди”¸ деб ëзди ҳуқуқшунос блогер.

“Номутахассис”ларни ҳайдаш бошланди

24 август кунги мажлисда Шавкат Мирзиëев Экология қўмитаси тизимидаги 2 мингдан ортиқ ходимнинг атиги 10 фоизи мутахассис эканини таъкидлади ва бу соҳада мутахассислар тайëрлашга оид кўрсатма берди.

Унга кўра¸ қўмита ҳузуридаги илмий-тадқиқот институти фаолияти такомиллаштирилади¸ институт замонавий техника ва лаборатория ускуналари билан жиҳозланади¸ докторантурага квоталар 2 баравар оширилади.

Экология тизими учун мутахассисларни кўпайтириш ғоясини қўллаган мутахассислар¸ бу жараëнга йиллар керак бўлиши¸ унгача “қўмитанинг ҳозирги ходимларини бир кечада бўшатиш” самара бермаслигини таъкидлади.

«Эколог бўлиш учун камида 4 йил ўқиш¸ лаборатория ишидан тортиб инспекцион ишларгача ўрганиш керак. Селекторда айтилган гап тўғри – экология тизимида ишлаëтганларнинг камида 70 фоизи¸ қўмитадагиларнинг 90 фоизи номутахассис. Лекин мутахассислар президент буйруқ берди¸ деб туғилиб қолмайдику! Бунга йиллар керак. Унгача тизимда ишлаëтганларга ваколат берсин¸ ойлигини оширсин¸ ўқитсин”¸ дейди қўмита ходимларидан бири.

Экология қўмитасининг Озодлик гаплашган ҳудудлардаги вакиллари¸ президент танқидидан сўнг “номутахассис” дейилган ходимларни ишдан бўшатиш бошланганини билдирди.

Экология тизимида ишлаб келган ўқитувчи ëки бошқа соҳада ўқиганлар ишдан ҳайдалмоқда. Шикоят қилса¸ судга бер дейди. Бир хиллар ишга тикланиш учун судлашаяпти¸ бошқалари тақдирга тан бериб¸ индамай кетяпти. Тизимда коррупция жуда кучли – номутахассис деб пачкалаб ишдан бўшатиб¸ ўрнига пора берган бошқа номутахассисни оляпти”¸ дейди қўмитанинг вилоят бўлимларидан бири ходими.

Қўмитанинг бошқа бир ходими Экология қўмитасида ишлаб¸ тажриба орттирган кадрларни янги тузиладиган Экополицияга жалб қилиш кераклигига ишонади.

Бўшаган ходимларга экополициядан иш бериш ҳақида сўз йўқ. Неча йил экологияни ўқиб¸ ишлаб юрган ходимнинг ўрнига бошқа вазирликнинг экологияга алоқаси йўқ ходими тайинланса¸ бу экологияни ерга уришмасми?

Президент экологияни ривожлантириш ўрнига бошка соҳага буриб кетди. Экологияни ўзида қилса бўлмайдими шуни? Қанча ходимлар штатларини бўшатиб ишсиз қолдириб полицияга иш бериб ўтирибди. Селекторда ойлик ҳақида оғиз ҳам очмадилар¸ нима дегани бу - ўлсанг ўлиб кетавер экологлар деганими? Ҳамма экологлар юртбошимиздан хафа бу нима кўргулик бўлди деб. Энди экологлар полицияга оëқости бўлиши қолувди! Ойлик ҳақида гап ҳам¸ сўз ҳам йўқ - эшакни иши ҳалол¸ гўшти ҳаром эканда! Бизни эшакдай ишлатиб полицияни кўкка кўтаришми бу?

Озодлик Экология қўмитасидаги тузилмавий ўзгаришлар, хусусан¸ қисқартишларга оид аниқ маълумот олиш мақсадида қўмита раҳбари қабулхонаси ва ахборот хизмати билан боғланишга уринди. Қабулхона котибаси саволларга қўмитанинг жамоатчилик билан ишлаш бўлими бош мутахассиси жавоб беришини билдирди. Аммо 27 август куни ахборот хизмати ва бош мутахассис телефонларига ҳеч ким жавоб бермади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG